ССВ донорлик учун қон топшириш тартиби белгилади
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан қон ва унинг компонентларини топшириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур Низом донорни тиббий кўрикдан ўтказиш ва қон таркибини лаборатория тадқиқотлари асосида текшириш тартибини белгилайди. Донор бу тиббиёт эҳтиёжлари учун ихтиёрий равишда қон ва унинг компонентларини топширувчи жисмоний шахсдир.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, 18 ёшга тўлган ва тиббий кўрикдан ўтган шахсларгина донорлик қилиши мумкин. Тиббий кўрик жараёни бепул амалга оширилади. Донорлар сафига қўшилиш учун аввал тиббий сўровнома тўлдирилади ва суҳбатдан ўтилади. Қон таркибида турли вируслар, масалан, гепатит “Б” ёки “C” аниқланадиган бўлса, қон хизмати томонидан бу аломатлар дарҳол йўқ қилинади ва қон топширган шахсга унинг донорликдан четлатилиши ҳақида хабар берилади. Ҳужжатда тўлиқ ва вақтинчалик донорликдан четлатилишга асос бўлувчи ҳолатлар рўйхати келтирилган. Қон хизмати донорларни, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини паспорт бўйича, ҳарбий хизматчиларни ҳарбий гувоҳномаси ёки шахсий офитсерлик гувоҳномаси, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни эса доимий яшаш бўйича берилган ҳужжат асосида қабул қилади. Донорлик қилмоқчи бўлган шахс ёзма равишда қон таркибини гемотрансмиссив вируслар (ОИТС – инфексияси, вирусли гепатит, брутселлёз, сифлис, туберкулёз, малярия)дан текшириш бўйича ўз розилигини бериши лозим. Қон скрининги натижалари қон текширувга олинган кундан бошлаб 7 кун мобайнида амал қилади. Ушбу Низомда донорни рўйхатга олиш учун керак бўладиган бирламчи тиббий ҳужжатлар рўйхати ҳам берилган. Донорни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида, умумий текширув, пулсининг тезлиги ва бир маромидалиги, қон босими, гемоглабин миқдори ва ҳарорати ўлчанади. Вазни 50 кг. ва ундан кам бўлган, бўйи 150 см. ва ундан паст бўлган шахслар донорликка шифокор-терапевтнинг ёзма розилиги билан қабул қилинади. Амалдаги қонунчиликка кўра, донорлар қон топшираидиган ва тиббий кўрикдан ўтадиган кун ўртача маоши сақланиб қолинган ҳолда ишдан, таълим муассасаларининг талабалари ўқишдан, ҳарбийлар эса хизматдан озод этилади. Шунингдек, текширувдан кейин донорнинг ўртача маоши сақланиб қолинган ҳолда дам олиш учун қўшимча кун берилади. Донорнинг талабига кўра, бу кун йиллик таътилга қўшилиши мумкин. Низомга мувофиқ, қон йиғиш, қайта ишлаш, донорлик қонини сақлаш фақат ихтисослашган тиббиёт муассасаси томонидан амалга оширилади.
Манба : norma.uz