UZ RU
27.02.2014

Саломатлик – энг муҳим масала

Бухорода аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ва ечимини кутаётган муаммоларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда замонавий тиббиёт тизими шакллантирилгани, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати юксалиб бораётгани таъкидланди.

2013 йили вилоятда 22,6 миллиард сўм ҳажмида инвестиция киритилиб, Жондор, Пешку, Қоракўл туманлари тиббиёт бирлашмалари марказий шифохоналари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, онкология диспансерининг янги даволаш бўлими, Бухоро шаҳридаги 7-оилавий поликлиника бинолари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Замонавий эндоскоп, ультратовуш таҳлил воситалари, рақамли рентген аппаратлари каби тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

– Вилоятда беш юзга яқин тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Икром Омонов. – Уларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, фертиль ёшдаги хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча шароит яратилган. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган мазкур муассасаларда тиббиётда энг нозик бўлган амалиётлар ҳам қўлланилмоқда. Масалан, ультратовуш ёрдамида мия юмшоқ тўқималарининг тузилиши, ундаги нуқсонлар ва уларнинг ўлчами, жойлашуви ҳақидаги маълумотлар ҳамда мия ичи гипертензияси белгиларини аниқлаш йўлга қўйилгани, умуртқа касалликлари ва патологик синишларда вертебропластика операциялари амалга оширилаётгани яхши самара бермоқда.

Семинарда вилоятда бу борада эришилган ютуқлар билан бирга, мавжуд камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, туғруқхоналарда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, никоҳдан олдинги тиббий кўрикларни янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.

Манба : uza.uz