UZ RU
27.02.2014

Саломатлик ва иқтисодий тараққиёт

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида халқимизнинг саломатлигини асраш, тиббий профилактика ва даволаш ишлари сифати ҳамда самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти беқиёс.

Мамлакатимизда фан-техника тараққиётига кенг йўл очилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари узлуксиз такомиллаштирилаётгани, инновацион технологияларни амалиётга жалб этишга қулай имконият яратилгани миллий фармацевтика саноатимизни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш имконини бераётир. Ҳозирги кунда юздан зиёд саноат корхонасини ўз ичига олган миллий фармацевтика саноати мамлакатимиз ички бозорининг салмоқли қисмини қоплайдиган маҳсулот етказиб берувчи ривожланган соҳага айланди. “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни ушбу йўналишда фаолият юритаётган йирик давлат тузилмасидир. Ҳозирги кунда концерн тизимида тўқсонга яқин ишлаб чиқариш корхонаси ва учта илмий-тадқиқот муассасаси фаолият юритмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори барча соҳалар каби фармацевтика саноатига ҳам инвестицияларни кенг жалб этиш, бунинг натижасида ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик модернизациялаш, аҳолининг халқаро андозаларга мос, сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қоплашга хизмат қилаётир.

“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни томонидан бу йўналишда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Мазкур концерн тизимидаги корхоналарда кейинги йилларда ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириш, халқаро сифат менежменти тизимини жорий этиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

2013 йилда бу йўналишда йигирма тўртта инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Масалан, бир марта ишлатиладиган тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқариладиган “Asia Тrade” қўшма корхонасида 2013 йилда 4,81 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя ўзлаштирилди. Бунинг ҳисобига мавжуд қувватлар бир неча баробар ортди. Учта янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш технологияси амалиётга татбиқ этилиб, тўрт юзга яқин янги иш ўрни яратилди. Мазкур иш ўринларига жалб қилинганларнинг 86 нафари касб-ҳунар коллежлари битирувчисидир.

Пойтахтимиздаги “Radiks” илмий ишлаб-чиқариш корхонасида бу йўналишда иккита инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, тўрт қаватли янги иншоот ҳамда шиша идиш ва флакон ишлаб чиқариш цехи барпо этилди. Бунинг натижасида корхона қуввати уч баробарга ошди, иш ўринлари икки баробарга кўпайди. Энг муҳими, GMP халқаро стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди. Бундай замонавий ишлаб чиқариш шароитлари корхона маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш имкониятини яратди.

2013 йилда “Jurabek Laboratories” қўшма корхонасида амалга оширилган инвестиция дастурлари самарасида инфузион эритмалар ва таблетка дори цехлари модернизация қилинди. Ишлаб чиқаришда амалга оширилаётган технологик янгиланишлар замонавий, самарали дори турларини ўзлаштириш имконини бераётир. Мазкур корхонада ўтган йили ана шундай иккита янги дори – регидратоник ва регидратоник форте тайёрлаш ўзлаштирилди ва тиббиёт амалиётига кенг жорий этилди.

Мазкур корхона бугунги кунда ўз маҳсулотларини ўндан зиёд хорижий мамлакатга экспорт қилмоқда. Корхона мутахассислари экспорт ҳажми ва жўғрофиясини кенгайтириш мақсадида хорижий мамлакатларда ўтаётган халқаро фармацевтика кўргазмалари ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Корхонада ишлаб чиқаришни технологик модернизациялаш борасида ҳам кўплаб лойиҳалар бажарилаётир.

“Ўзфармсаноат" давлат акциядорлик концерни тизимидаги “Campalia”, “Lekinterkars”, “Medstandard Glass”, “Lahisam” масъулияти чекланган жамиятлари, “Guliston Мedtexnika”, “Reka-Мed-Farm”, “Remedy Group” қўшма корхоналари, “Nika Рharm” шўъба хўжалик жамиятида ҳам 2013 йилга мўлжалланган инвестиция дастурлари доирасидаги чора-тадбирлар муддатида бажарилди. Натижада фармацевтика саноатида қўлланиладиган шиша идишлар, боғловчи материаллар, бир марта ишлатиладиган шприцлар, ампула, таблетка шаклидаги дори воситалари ва бошқа препаратлар ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилди, бир минг етти юзга яқин янги иш ўрни яратилди.

Мамлакатимизда фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор фармацевтика саноати тараққиётида муҳим омил бўлаётир. Кейинги йилларда илмий тадқиқот муассасалари олимлари томонидан яратилган қирқдан зиёд замонавий шифо воситалари нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоларини ечишда ўз самараларини бераётир. Юрак аритмиясини даволашда яхши самара берадиган аллапинин, сариқ касаллигига қарши мегосин, қон тўхтатувчи лагоден, шамоллашга қарши целагрипп ва бензкетозон сингари препаратлар шулар жумласидандир.

Илм-фаннинг ушбу йўналишдаги ихтиро ва ютуқларини янада такомиллаштириш ва фармацевтика саноатини ривожлантиришда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлаётир. Ушбу йўналишда анъанавий ўтказилаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаларида фармацевтика саноати корхоналари ҳам фаол иштирок этмоқда. 2013 йилда бўлиб ўтган VI Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида бу йўналишда ўнга яқин шартнома имзоланди. Айни пайтда ушбу ҳамкорлик доирасида олимлар ва амалиётчилар иммунобиологик препаратлар яратиш технологиясини ўзлаштириш юзасидан изланишлар олиб бормоқда.

Фармацевтика саноати корхоналарида сифатни бошқариш бўйича менежмент тизимини жорий этиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунгача йигирма иккита корхона халқаро ISO 9001 сертификатига эга бўлди. Бешта корхонада GMP тизими жорий этилди. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тизимда сифат ва самарадорликни юксалтириш, халқимизни сифатли дори-дармон билан таъминлаш, шу билан бирга, экспорт ҳажмини йилдан-йилга ошириш ва жўғрофиясини кенгайтириш имконини бераётир. Бугунги кунда дунёнинг ўн икки давлатига икки юз элликдан ортиқ номда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тиббиёт воситалари экспорт қилинмоқда.

2014 йилнинг Соғлом бола йили, деб номланиши барча соҳалар қатори фармацевтика саноати корхоналари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Айни пайтда барча дори воситалари ишлаб чиқариш корхоналарида жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқишда жаҳон фармацевтика саноати ва мамлакатимиз илм-фанининг илғор ютуқларини чуқур ўзлаштириш ва ундан амалда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Фармацевтика саноати тизимида амалга оширилаётган бундай кенг қамровли лойиҳалар ички бозорни сифатли дори-дармон воситалари билан тўлдириш, экспорт ҳажмини ошириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш, пировардида халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ва юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Манба : uza.uz