Тараққиётимизнинг муҳим йўналишлари
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 17 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги «2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади» мавзусидаги маърузаси жойларда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Мамлакатимиз эришаётган муҳим ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларга кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган катта қизиқиш ўзини тўла оқламоқда. 2013 йил якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти ўзининг юқори ўсиш суръатларини яна бир бор яққол намоён этди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида таъкидланганидек, ўтган 2013 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоиз, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоиз, чакана товар айланмаси ҳажми 14,8 фоиз ўсди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан паст бўлди ва 6,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йили иқтисодиёт соҳасидаги солиқ юки 21,5 фоиздан 20,5 фоизга, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг кам ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга туширилганига қарамасдан, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз профицит билан бажарилди.
Жаҳон бозоридаги конъюнктуранинг беқарорлигига қарамасдан, 2013 йилда экспорт ҳажмининг ўсиши 10,9 фоизни ташкил қилди. Сўнгги йилларда экспорт таркибида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар улуши барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. Масалан, ўтган йили умумий экспорт ҳажмининг 72 фоиздан ортиғи нохомашё товарлар улушига тўғри келгани иқтисодиётимиз диверсификация қилинаётганининг ёрқин далилидир.
Ушбу кўрсаткичлар асосини давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама пухта ўйланган ҳолда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат ташкил этади. Бунинг натижасида Ўзбекистон бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бормоқда.
22 йил муқаддам мамлакатимиз, авваламбор, пахта яккаҳукмронлиги, шунингдек, бошқа республикалардан олиб келинадиган ғалла, ёқилғи ва истеъмол товарлари етишмаслиги туфайли иқтисодий таназзул ёқасида қолганини бугун тасаввур этишнинг ўзи қийин. Ўша даврда юзага келган мураккаб сиёсий ва иқтисодий шароитларга қарамасдан, Ўзбекистон ўз умрини ўтаб бўлган маъмурий-буйруқбозлик, режали-тақсимот тизими, «шок терапияси» моделидан воз кечиб, тараққиётнинг «ўзбек модели»ни танлади. Ушбу модель мустаҳкам қонунчилик базасини, янги давлат ва хўжалик бошқаруви тизимини шакллантириш ҳамда жаҳон бозорига интеграциялашиш имконини берди.
Янги шароитларда қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуни иқтисодиётда давлат монополиясига барҳам бериш ва янги мулкдорлар синфини шакллантиришга ёрдам берди. Хусусий секторни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётида унинг ўрни ва аҳамиятини тубдан ошириш мақсадида 2003 йил 24 январда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, йирик компаниялар, қўшма корхоналарни жадал ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш имконини берди. Мамлакатимиз тадбиркорлари ва хорижий инвесторларга тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тизими ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш жараёнини янада фаоллаштирди.
Айни пайтда ислоҳотларнинг бозор муносабатлари асосида босқичма-босқич амалга оширилаётгани, иқтисодиётимизнинг қайта ташкил этилаётгани, диверсификация қилиниб, техник ҳамда технологик янгиланаётгани, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт кўламини кенгайтиришдан манфаатдорлигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратилаётгани миллий иқтисодиётимизнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини кучайтиришда муҳим омил бўлаётир. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг барқарор ўсишига салмоқли ҳисса қўшаётган реал секторни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимиз тараққиётини оширишга ёрдам бермоқда.
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан амалга ошириб келинаётган стратегиянинг нечоғли пухта ўйлангани, айниқса, дунёнинг аксарият давлатлари жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларидан ҳали-ҳамон халос бўлолмаётган бугунги кунда яққол намоён бўлмоқда. Уларда ишлаб чиқариш кескин пасайиб, хомашё товарлари нархи ошиб бормоқда, асосий валюта захиралари чекланиб, бозорга капитал оқимининг беқарорлиги кузатилмоқда. Инқироз авжига чиққан пайтда кўпчилик давлатлар ҳукуматлари томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар кутилган самарани бермади.
Ўзбекистонда 2008 йилда миллий тараққиёт модели асосида қабул қилинган Инқирозга қарши чоралар дастури глобал инқирознинг салбий таъсирини камайтириш, дунёнинг кам сонли давлатлари қаторида иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва аҳоли реал даромадларини оширишни таъминлаш имконини берди. Масалан, кейинги олти йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти барқарор ривожланиб, ўсиш суръатлари 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда.
Нуфузли молия институтлари вакиллари, халқаро экспертлар, хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг 2013 йилда Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодий вазият, давлат сиёсати ва иқтисодиётни ривожлантириш истиқболларини ўрганиш давомидаги хулосалари ҳам шундан далолат беради. Ушбу хулосаларда дунёда глобал иқтисодий аҳвол ёмонлашиб бораётганига қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланаётгани қайд этилган. Бюджет ва ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги мустаҳкам позиция, банк тизимининг барқарорлиги, давлат қарзининг камлиги барқарор макроиқтисодий натижаларга эришишга ёрдам бермоқда.
Глобал молиявий-иқтисодий инқироз деярли барча давлатлар, айниқса, собиқ иттифоқ маконидаги мамлакатлар учун жиддий синов бўлди. Шу боис МДҲнинг айрим мамлакатлари ҳали ҳам иқтисодий юксалиш йўлларини қидирмоқда.
Ўзбекистон эса 2014 йилда ўз иқтисодиётини юксалтиришнинг янги босқичларини белгилаб олди. Бу, биринчи навбатда, мамлакатимизни узоқ муддатли ривожлантиришнинг дастурий мақсадлари, барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлайдиган стратегияни давом эттиришни тақозо этади.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида таъкидлаганидек, бу йил ҳам мамлакатимизда аввалги йиллардаги каби солиқ юкини камайтириш, саноатда муҳим объектлар ва қувватларни ишга туширишга қаратилган стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир фаол инвестиция сиёсатини юритиш муҳим вазифа бўлиб қолаверади. 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари доирасида амалга ошириладиган ушбу улкан бунёдкорлик ишлари иқтисодиётимизни янада жадал тараққий эттириш, инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият бўлган Ўзбекистонда барча соҳаларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Манба : Uza.uz