UZ RU
16.01.2014

Япония делегацияси Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирининг ўринбосари, Парламентнинг вакиллар палатаси депутати Йоко Камикава хоним раҳбарлигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида учрашув ўтказди.

Мулоқотлар чоғида икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кўплаб соҳаларда, жумладан, парламентаризм йўналишида ҳам ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти, парламентаризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қонунчилик тизимини такомиллаштириш, замон талаблари ва демократия тамойилларига мос янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда муҳим дастуриламал бўлаётгани қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Учрашувларда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Манба : Uza.uz