Соғлом ва баркамол авлод тарбияси йўлида
Мамлакатимизда ёш авлодни жисмоний ва маънан етук, ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳам баркамол авлод тарбиясида фаол иштирок этиб, халқ таълими тизимидаги ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда.
– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, жисмонан соғлом ва маънан етук инсон ўз Ватани равнақи ва жамият тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилишга қодир бўлади, эл-юрт корига ярайди, – дейди “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бобоқул Сафаров.
Бугунги кунда мамлакатимизда жамият тизимида икки юздан ортиқ спорт секцияси фаолият юритмоқда. Бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо, дзюдо, бокс, оғир атлетика, шахмат, шашка, теннис, стол тенниси, гандбол каби ўттизга яқин спорт тури бўйича ташкил этилган тўгаракларда қарийб уч минг нафар ўғил-қиз мунтазам шуғулланаётир. Уларга 130 нафардан зиёд мураббий ва мураббиялар спорт сир-асрорларини пухта ўргатмоқда.
– Ўзбекистон спортчилари энг нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашиш имконига эга, биз учун дунёга кенг йўл очилган, – дейди гандбол бўйича мураббий, “Шуҳрат” медали соҳиби Нўъмонжон Қосимов. – Илгари кўплаб чемпионларимизга ҳам халқаро майдонга чиқиш армон бўлиб қолган ёки ёш спортчиларнинг арзирли натижаси ҳақида эшитмаганмиз ҳам. Бугун нафақат етакчи спортчиларимиз, балки мактаб ўқувчилари ҳам жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлиб, истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлаб келмоқда.
Спортнинг инсондан етук ақл-заковат талаб этиладиган мураккаб тури – шахмат бўйича Нодирбек Абдусатторовнинг саккиз ёшида жаҳон чемпиони бўлгани, беш ёшли Исломбек Синдоровнинг Осиё чемпионатида учта олтин медални қўлга киритгани, унинг акаси Жавоҳирнинг мактаб ўқувчилари ўртасидаги қитъа биринчилигида бир неча медалга эга чиққани, йилдан-йилга бу каби ютуқлар кўлами ва салмоғи ошиб бораётгани Президентимиз раҳнамолигида болалар спортига қаратилаётган доимий эътибор самарасидир.
“Ёшлик” жамияти тизимидаги спорт секцияларида шуғулланаётган ўғил-қизлар орасида ҳам спортчи сифатида салоҳиятини намоён қилаётган ва халқаро мусобақаларда юксак натижаларни қайд этаётган истеъдодлар кўп.
Жумладан, 2013 йили Малайзияда ўтган таэквондо бўйича Осиё чемпионатида Самарқанд шаҳридаги 17-умумтаълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Заргуна Аҳрорқулова олтин, Грецияда шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Тошкент шаҳридаги 27-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Темур Игонин бронза медалини қўлга киритди. Туркияда бўлиб ўтган муайтай бўйича жаҳон чемпионатида андижонлик 9-синф ўқувчиси Баҳодир Иброҳимов иккинчи ўринни эгаллади.
– Спорт соғлом ўсишимга ёрдам бермоқда, – дейди ёш чемпион Заргуна Аҳрорқулова. – Соғлом бўлсам, ҳамма ишни эплайман: яхши ўқийман, онамга уй ишларида кўмаклашаман, ҳунар ўрганаман. Келажакда моҳир спортчи сифатида юртимиз байроғини баланд кўтаришни орзу қиламан.
2013 йилда “Ёшлик” спорт жамияти вакилларидан 68 нафари қатор спорт турлари бўйича мамлакатимиз миллий терма жамоаларига жалб қилинди ва 92 нафар иқтидорли спортчи терма жамоалар захирасидан жой олди. Бу 2012 йилги кўрсаткичдан қарийб ўттиз нафарга кўпдир.
Жамиятнинг марказий ва минтақавий кенгашлари томонидан ўтган йили қатор спорт турлари бўйича кўплаб мусобақа, таниқли спортчилар иштирокида маҳорат дарслари ва учрашувлар ташкил этилиб, уларга 150 мингга яқин ўқувчи жалб қилинди.
Халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия дарслари, спорт машғулотлари, дарсдан ташқари тўгараклар фаолиятини самарали ташкил қилишга амалий, назарий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳам мазкур жамият томонидан амалга оширилаётган ишларнинг асосий йўналишларидандир.
Айни пайтда халқ таълими тизимидаги 483 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил қилинган 2 минг 899 спорт секциясида 320 мингдан зиёд ўқувчи-ёш спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.Уларнинг 114 минг 600 нафардан ортиғи қизлардир. 2013 йилда 135 та янги тўгарак очилди ва йил давомида спортга қарийб 16 минг нафар ўғил-қиз жалб қилинди.
– Бугун ота-оналарнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган муносабати тубдан ўзгарган ва улар спортга фарзанд тарбиясининг муҳим мезони сифатида эътибор қаратаётир, – дейди “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг эркин кураш бўйича мураббийи Дилшод Мансуров. – Илгари ўқувчилар бир-икки спортчи синфдоши билан фахрланиб юрарди. Ҳозир ҳатто биринчи синф ўқувчилари орасида ҳам чемпионлар кўпчиликни ташкил қилаётгани қувонарлидир.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, айни пайтда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг 1 миллион 600 минг нафардан ортиғи спорт тўгаракларига қатнамоқда. Ушбу тўгаракларга жалб қилинган ўқувчилар сони 2012 йилда 34,4 фоиз бўлган, 2013 йилда эса 36,7 фоизга кўтарилди. Қизларнинг спорт билан шуғулланиш даражаси 29,4 фоиздан 32,6 фоизга ўсди.
Спорт билан шуғулланаётган ўқувчилар “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари, “Алпомиш ва Барчиной” тест-синовлари, “Қувноқ стартлар” телевизион мусобақалари, “Ёз – 2013” каби спорт тадбирларида қатнашиб, тажриба ва маҳоратини оширади. Натижада мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда маҳорат кўрсатган минг нафарга яқин ўқувчи-спортчи юртимиз терма жамоаларига қабул қилинди.
Ҳа, бугун ўз танлаган соҳасида, жумладан, спортда ҳам юксак марраларни забт этаётган ўғил-қизларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бундай ютуқлар озод ва обод Ватан, тинч ва фаровон ҳаёт, соғлом жамият бор жойда қўлга киритилади. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур.
Манба : Uza.uz