UZ RU
20.01.2014

2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Биз бугун 2013 йилнинг якунлари ҳақида гапирганда, аввало, ўтган йилда мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда мутаносибликка эришгани, модернизация ва диверсификация ҳисобидан юқори суръатлар билан ривожланганини қайд этамиз.

Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсди, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 6,8 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,8 фоизга ошди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлди ва 6,8 фоизни ташкил этди.

Ўтган йил якунларига кўра, ташқи давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 17 фоизни, экспорт ҳажмига нисбатан қарийб 60 фоизни ташкил этди. Бу авваламбор хорижий инвестициялар ва умуман, четдан қарз олиш масаласига чуқур ва ҳар томонлама пухта ўйлаб ёндашиш натижасидир.

2013 йилда иқтисодиёт соҳасидаги солиқ юки 21,5 фоиздан 20,5 фоизга, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг кам ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга туширилганига қарамасдан, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз профицит билан бажарилди.

Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар юқори даражада сақланиб қолди ва умумий харажатларнинг 59,3 фоизини ташкил этди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида юз бераётган жиддий сифат ўзгаришлари алоҳида эътиборга сазовордир.

Юртимизда қабул қилинган 2011-2015 йилларда саноатни устувор даражада ривожлантириш дастури ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир тармоқ дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида саноат таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаётган қайта ишлаш тармоқларининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 78 фоиздан ортиғи айнан ана шу тармоқлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2013 йилда юқори технологияларга асосланган машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати 121 фоизга, қурилиш материаллари саноати 113,6 фоизга, енгил саноат 113 фоизга ва озиқ-овқат саноати 109 фоизга ўсгани мисолида буни яққол кўриш мумкин.

Телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси ва мобиль телефонлар, кенг турдаги маиший электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги замонавий корхоналар ташкил этилмоқда. Иқтисодиётимизнинг деярли барча тармоқлари модернизация қилиниб, амалда технологик жиҳатдан янгиланмоқда.

Ана шундай ўзгаришлар натижасида ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши ҳозирги вақтда 24,2 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, бу кўрсаткич 2000 йилда 14,2 фоиздан иборат эди.

Мамлакатимизда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни тубдан ошириш бўйича ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ҳам амалий самарасини бермоқда.

Ўтган йили ана шундай товарлар ишлаб чиқаришнинг ўсиш ҳажми 14,4 фоизни ташкил этди ва ялпи саноат ҳажмида уларнинг улуши 35,5 фоизга етди. Бундай товарларнинг рақобатдошлиги нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам тобора ортиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бу борада саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш бўйича бажарган ишларимиз муҳим роль ўйнади.

Сўнгги 3 йилда мамлакатимизда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Фақат ўтган йилнинг ўзида 455 та корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида 1 минг 140 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 баробар кўпайди ва импорт ўрнини босиш бўйича якуний самара 5 миллиард 300 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг ўзи иқтисодиётимизнинг таркибида бўлаётган ижобий ўзгаришлардан далолат беради. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида юртимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди.

Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилмоқда. Ваҳоланки, 2000 йилда бу кўрсаткич 31 фоиздан иборат эди.

Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.

Ана шу рақамлардан кўриниб турибдики, кичик бизнес шаклан кичик бўлишига қарамасдан, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта роль ўйнамоқда.

Иқтисодиётимиз таркибидаги чуқур ўзгаришлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини барқарор ошириш ва унинг таркибида ижобий ўзгаришларга эришишда энг муҳим омилга айланди.

Жаҳон бозоридаги конъюнктуранинг беқарорлигига қарамасдан, 2013 йилда экспорт ҳажмининг ўсиши 10,9 фоиздан иборат бўлди. Ташқи савдо фаолиятидаги ижобий сальдо 1 миллиард 300 миллион долларни ташкил этди. 2013 йилда қимматбаҳо металлар нархининг кескин пасайганига қарамасдан, мамлакатимиз олтин-валюта захираси ўтган йил давомида 2 фоизга кўпайди.

Сўнгги йилларда экспорт таркибида рақобатдош тайёр маҳсулотлар улуши барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. 2013 йилда умумий экспорт ҳажмининг 72 фоиздан ортиғи тайёр товарлар ҳиссасига тўғри келгани иқтисодиётимиз диверсификация қилинаётганининг яққол далолати, десам, хато бўлмайди.

Маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарни қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирларнинг амалга оширилгани экспорт фаолиятига 450 дан зиёд янги корхонани жалб этиш имконини берди. Бу борада Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида барча ҳудудларда ўз филиалларига эга бўлган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу жамғарманинг асосий вазифаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Жамғарманинг ўтган қисқа даврдаги фаолияти давомида 153 та тадбиркорлик субъектига умумий қиймати 56 миллион доллардан зиёд бўлган экспорт шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатилди.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Рухсатингиз билан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ўзгаришларга алоҳида тўхталмоқчиман.

Аввало, қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. 2013 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2000 йилга нисбатан 2,3 баробар кўпайди. Фақат ўтган йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,8 фоизга, жумладан, деҳқончилик – 6,4 фоизга, чорвачилик – 7,4 фоизга ўсди.

Айтиш керакки, изчил юқори ўсиш суръатлари билан бирга, ялпи ички маҳсулотнинг умумий ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улушининг камайиш тенденцияси кузатилмоқда. Масалан, 2000 йилда бу борадаги кўрсаткич 30,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2013 йилда фақатгина 16,8 фоизни ташкил этди.

Буни авваламбор иқтисодиётимизда амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришларнинг, мамлакатимиз бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганининг яққол тасдиғи сифатида қабул қилишимиз даркор.

Қишлоқ хўжалигининг ўзида кенг кўламли ўзгаришлар ва сифат жиҳатдан янгиланишлар юз бермоқда.

Юртимизда экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини районлаштириш борасида ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсат олиб борилаётгани энг муҳим хомашё ва экспортбоп маҳсулот бўлмиш пахта етиштиришнинг нисбатан барқарор ҳажмини сақлаган ҳолда, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бир неча баробар кўпайтириш имконини берди. Энг муҳими, халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга замин туғдирди, керак бўлса, уларни чет мамлакатларга экспорт қилишга имкон бермоқда. Хусусан, ғалла етиштириш 2000 йилга нисбатан 2 баробар, картошка – 3,1 марта, сабзавот – 3,2 баробар, узум – 2 марта, гўшт ва сут – 2,1 карра, тухум – 3,4 баробар ошди.

Ўтган 2013 йилда миришкор деҳқон ва фермерларимизнинг фидокорона меҳнати билан мисли кўрилмаган натижаларга эришилди – 7 миллион 800 минг тонна ғалла, 8 миллион 400 минг тонна сабзавот етиштирилди. Мамлакатимизнинг улкан хирмонига 3 миллион 360 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси етказиб берилди.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун мана шу юксак минбардан туриб, ўзининг пешона тери, қадоқ қўллари билан мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётган, эл-юртимиз фаровонлигини таъминлаётган барча қишлоқ меҳнатчиларига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик ва ҳурмат-эҳтиром билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман.

Қишлоқларимиз ҳаётида юксак натижаларга эришишда, аввало, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асосий шакли сифатида фермерликни йўлга қўйганимиз ва унинг ривожи учун кенг имкониятлар очиб берганимиз ҳал қилувчи роль ўйнади.

Бугунги фермер хўжаликлари самарали фаолият юритиш учун ўз ихтиёрида ижара асосидаги етарлича экин майдонларига эга бўлган, юксак самарали замонавий техника билан таъминланган, илғор технологияларни пухта эгаллаган йирик хўжаликлардир. Мухтасар айтганда, улар қишлоқларимизнинг таянч устунидир.

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ишларини амалга ошириш ва қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш каби йўналишларда самарали фаолият кўрсатмоқда ва ўз истиқболини топмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда бундай фермер хўжаликларининг сони 18 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг келажаги ҳақида гапирганда, ер ва сув ресурслари бўйича имкониятларимиз чекланганини ҳисобга олиб, бу борада ягона тўғри йўл – қишлоқ хўжалигини интенсив асосда ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш, селекция ишларини чуқурлаштириш, юксак самарали замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва сувдан оқилона фойдаланиш, энг муҳими – деҳқон ва фермерларнинг дарди билан яшаш, десам, ўйлайманки, барчангиз менинг фикримга қўшиласиз.

Фақат ерга меҳр, унинг унумдорлигини ошириш ва биринчи навбатда деҳқон ва фермерга доимий эътибор, уларнинг манфаати ҳақида ғамхўрлик қилиш – бу қишлоқни ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш бўйича биз танлаган йўлдир.

2008 йилдан бошлаб мамлакатимизда қарийб 1 миллион 500 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, ер ости сувлари юқори бўлган майдонлар 415 минг гектарга ёки салкам 10 фоизга қисқарди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 113 минг гектарга камайди.

Хабарингиз бор, ўтган йили 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар давлат дастурини қабул қилдик. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, барча манфаатдор идоралар, Фермерлар кенгаши ва авваламбор фермер хўжаликларининг ўзи ушбу дастурда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаши даркор. Вазирлар Маҳкамаси мазкур дастур ижроси устидан тизимли назорат ўрнатсин.

Иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда хизмат кўрсатиш соҳаси тобора катта роль ўйнамоқда.Биз ўтган йилнинг бошида 2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар дастурини тасдиқладик. 2013 йилда хизмат кўрсатиш бўйича 13 мингдан ортиқ корхона, жумладан, савдо-маиший комплекслар, минибанклар ва суғурта компаниялари филиаллари ва бошқа корхоналар ташкил этилди.

2013 йил якунларига кўра, кўрсатилган хизматлар ҳажми 13,5 фоизга, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 2000 йилдаги 37 фоиздан 53 фоизга ўсди.

Бу рақам ва кўрсаткичлар мамлакатимиз хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда тараққий топган кўпгина давлатлар даражасига тобора яқинлашиб боряпти, деб айтишга асос беради.

Ўтган йили банк тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш масаласи ҳам эътиборимиз марказида бўлди.Банкларнинг ресурс базаси кенгайиб, мустаҳкамланмоқда, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда. 2013 йилда иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган кредитларнинг ялпи ҳажми 30 фоизга ошди.

Ўтган йили тижорат банкларининг жами капитали 25 фоизга, 2000 йилга нисбатан эса 46 баробардан зиёд кўпайди. Натижада бугунги кунда банкларимиз капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этмоқда, бу эса банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан уч баробар кўпдир.

Банк тизимининг ликвидлиги 65 фоиздан зиёд бўлиб, бу жаҳон амалиётида умумий тарзда қабул қилинган, «юқори» деб аталадиган кўрсаткичдан 2,2 баробар ортиқдир. Кредит портфели жами маблағларининг 80 фоизга яқини ички манбалар улушига тўғри келмоқда.

Айниқса, банк хизматларидан фойдаланиш даражасини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Масалан, юртимизда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 49,7 та банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг киши номига 1 минг 28 та банк ҳисобрақами очилгани халқаро нормалар бўйича «юқори» деган баҳо кўрсаткичига мос келади.

Шу ўринда мамлакатимиздаги деярли барча тижорат банклари етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан бериладиган «барқарор» рейтинг даражасини олишга эришганини мамнуният билан қайд этишни истардим. Ва шу фурсатдан фойдаланиб, бугунги мураккаб бир замонда айни шу ютуқларни қўлга киритишда хизмат қилган мутасаддиларга миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли дўстлар!

Биз оддий бир ҳақиқатни доимо эсда тутишимиз даркор. Яъни, сармоясиз тараққиёт йўқ, ишлаб чиқаришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

2013 йилда Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида мамлакатимизда 13 миллиард доллар қийматидаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилди, бу 2012 йилга нисбатан 11,3 фоизга кўпдир. Ўзлаштирилган капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг деярли ярмини, яъни 47 фоизини хусусий инвестициялар – корхоналар ва аҳолининг шахсий маблағлари ташкил этгани алоҳида эътиборга лойиқдир.

Жалб этилаётган инвестицияларнинг асосий қисми – 70 фоиздан ортиғи, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш объектларини қуришга йўналтирилди, энг янги замонавий ускуналар харид қилишга сарфланган инвестициялар улуши эса қарийб 40 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция киритиш ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 23 фоиздан иборат бўлди.

Ўзлаштирилган умумий капитал қўйилмалар ҳажмининг 3 миллиард доллардан ортиғини хорижий инвестициялар ташкил этди. Шунинг 72 фоиздан зиёди ёки 2 миллиард 200 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Ўйлайманки, ҳаммамиз яхши англаб олганмиз: агар ўзимиз ҳаракат қилмасак, четдан сармоя ва инвестицияларнинг мамлакатимизга, ўлкамизга кириб келиши учун қулай шароит ва имтиёзлар ташкил этмасак, керак бўлса, айни шу йўналишда астойдил, бутун вужудимиз билан ишламасак, бундай рақамларни тушимизда ҳам кўрмасдик. Бу – аниқ гап.

Мамлакатимизда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ташкил этилгани чет эл инвестицияларини жалб этишда кўп жиҳатдан муҳим аҳамият касб этмоқда, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Жамғарманинг асосий вазифаси иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва йўл-коммуникация соҳасидаги стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини хорижий шериклар билан ҳамкорликда молиялашда фаол иштирок этишдан иборат экани, ўйлайманки, сизларга яхши маълум.

Жамғарма фаолият бошлаганидан буён ўтган қисқа вақт мобайнида 15 миллиард доллардан зиёд миқдордаги активларга эга бўлган қудратли молия институтига айланди.

Жамғарма ўз маблағлари билан умумий қиймати 29 миллиард доллардан зиёд 86 та стратегик аҳамиятга молик инвестиция лойиҳасини ҳамкорликда молиялаштиришда иштирок этмоқда. Фақат 2013 йилнинг ўзида Жамғарма маблағлари иштирокида қиймати 780 миллион доллардан ортиқ бўлган 33 та ўта муҳим лойиҳа амалга оширилди.

2013 йилда Инвестиция дастури доирасида молиялашнинг барча манбалари ҳисобидан умумий қиймати қарийб 2 миллиард 700 миллион доллардан иборат бўлган 150 та ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳани амалга ошириш ишлари ниҳоясига етказилди. Булар қаторида Тошкент иссиқлик электр марказида когенерацион газ турбинали технологияни жорий этиш; Жанубий Ўртабулоқ – Муборак газни қайта ишлаш заводи газ қувурини ва компрессор станциясини барпо этиш орқали Сомонтепа ва Жанубий Ўртабулоқ конларини тўлиқ жиҳозлаш; «Ангрен» конини модернизация қилиш орқали Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг 1-5-энергия блокларини йил давомида кўмир билан ишлашга ўтказиш; «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида «Оҳангарон» подстанциясини реконструкция қилиш, «Бекобод цемент» очиқ акциядорлик жамиятида янги линия қуриш ҳисобидан фаолият кўрсатаётган цемент ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш, “Қуюв-механика заводи” шўъба корхонасида металл қуйишни реконструкция қилиш ва бошқа йирик лойиҳалар борлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, Тошкент ва Наманган вилоятларида замонавий тўқимачилик комплекслари, Жиззах ва Хоразм вилоятларида йигирув ва тўқув, Самарқанд вилоятида спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Озиқ-овқат саноати бўйича 21 та корхонада ишлаб чиқариш модернизация қилинди ва техник қайта жиҳозланди.

Маълумки, биз мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва янгилаш, замонавий инновацияларга асосланган ва юксак самарали технологияларни жорий этиш бўйича ўз олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Уларни амалга оширишда керакли имтиёзларга эга бўлган махсус индустриал зоналарни ташкил этиш йўлида охирги йилларда биз кўпгина тажрибаларга эга бўлмоқдамиз.

Бунинг амалий тасдиғини «Навоий» ва «Ангрен» махсус индустриал зоналари фаолияти мисолида кўриш мумкин.

«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилганидан буён унинг ҳудудида умумий қиймати 100 миллион доллардан зиёд бўлган 19 та инвестиция лойиҳаси бўйича ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Жумладан, юксак технологиялар асосида модем ва телевизорлар учун приставкалар, электр энергияни электрон ҳисоблагичлар, юқори кучланишга чидамли кабеллар, иссиқлик ва сув иситиш қозонлари, мобиль ва стационар телефон аппаратлари, тайёр дори воситалари ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2013 йилда махсус зонадаги корхоналар томонидан қиймати 100 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди ва бу борадаги ўсиш суръати 2012 йилга нисбатан 25,8 фоизни ташкил этди.

«Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида қисқа муддатда умумий қиймати қарийб 44 миллион доллар бўлган 5 та лойиҳа асосида энергияни тежайдиган диодли ёруғлик лампалар, турли катталикдаги мис қувурлар, кўмир брикетлари каби юксак технологиялар асосидаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, шакар ишлаб чиқариш бўйича янги завод ва бошқа корхоналар ташкил этилди.

Айни шу йўналишда тўпланган тажрибани ҳисобга олиб, ўтган йилнинг март ойида Жиззах вилоятида «Жиззах» махсус индустриал зонаси ташкил этилгани сизларга яхши маълум. Сирдарё вилоятида бу зонанинг филиали фаолият кўрсатиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган йилнинг ўзида мазкур зона ҳудудида Хитой компаниялари иштирокида 100 минг дона мобиль телефон ишлаб чиқариш, шунингдек, чорва маҳсулотларини қайта ишлаш ва озуқа тайёрлаш бўйича умумий қиймати қарийб 6 миллион доллар бўлган дастлабки 3 та лойиҳа амалга оширилди.

2013 йилда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари юқори суръатлар билан олиб борилди.

Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилди. Масалан, умумий фойдаланишдаги 530 километрлик автомобиль йўли қурилиб, реконструкция қилинди. Тўрт қаторли Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов автомобиль йўлининг 141 километрлик тармоғини цемент-бетон билан қоплаш, тўрт қаторли Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтадиган 18 километрлик қисмида асфальт-бетон ётқизиш ишлари амалга оширилди, ана шу йўлнинг Қўқон шаҳрини айланиб ўтадиган 15 километрлик тармоғи, шунингдек, Тошкент айланма йўлининг янги йўналиши барпо этилди ҳамда Бухоро шаҳридаги ҳалқа йўлда йўл ўтказгич қурилиши якунига етказилди.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун ўтган йили Республика йўл жамғармаси ва халқаро молия институтларининг 565 миллион доллар қийматидаги маблағлари жалб этилди.

2013 йилда темир йўл транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш бўйича ишлар жадал олиб борилди. Йил давомида ушбу мақсадлар учун 477 миллион доллар қийматидаги капитал қўйилмалар йўналтирилди. Бу, ўз навбатида, 240 километрлик темир йўл тармоқларини модернизация қилиш, ўз кучимиз билан 550 та юк ва 30 та йўловчи ташийдиган вагон ишлаб чиқариш имконини берди.

Ўтган йили мамлакатимиз жанубий вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини янада оширишда катта аҳамият касб этадиган Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш ишлари фаол олиб борилди.

2013 йилда хитойлик шерикларимиз билан ҳамкорликда транспорт коммуникацияси соҳасида мамлакатимиз учун улкан стратегик аҳамиятга эга бўладиган яна бир йирик лойиҳани амалга оширишни бошладик. Бу ўринда сўз Ангрен-Поп йўналишида электрлаштирилган янги темир йўлни ва 19 километрлик темир йўл тоннелини қуришни кўзда тутадиган лойиҳа ҳақида бормоқда.

Бу тоннель Ўзбекистоннинг марказий қисмини Фарғона водийси вилоятлари билан ишончли боғлаш, мамлакатимиз ҳудудида ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш бўйича ишларни якунига етказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, у Европа қитъасини Осиё билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

Ўтган йили иқтисодиётнинг барча тармоқларига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига ўта муҳим эътибор қаратилди. Хусусан, «Шаҳарлараро коммутация марказларини янги авлод тармоқ технологиялари асосида модернизация қилиш ва кенгайтириш» (NGN), «FTTx технологияси бўйича кенг қамровли форматда фойдаланиш имконини берадиган оптик тармоқларни ривожлантириш», «Ўзбекистон Республикаси минтақаларида EVDO технологияларини жорий этиш орқали CDMA-450 мобиль тармоғини ривожлантириш» каби ва бошқа йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътиборимиз марказида бўлди.

Ушбу лойиҳаларнинг самарали ниҳоясига етказилиши дунёнинг замонавий алоқа ва ахборот воситалари юқори даражада ривожланган мамлакатлари қаторига қўшилиш, ишбилармонлик соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича қўшимча имкониятлар яратади.

Мамлакатимиз аҳолисининг 45 фоиздан зиёдини рақамли телевидение билан қамраб олишни кўзда тутадиган 5 та рақамли телевизион узатгични Жиззах, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълумот узатиш, статистика, молия ва солиқ ҳисоботларининг электрон шакли ва тармоқлари ҳаётимизга изчил ва тизимли асосда жорий этилмоқда. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 89 фоиздан ортиғи солиқ ҳисоботларини, қарийб 86 фоизи статистик ҳисоботларни электрон шаклда топширмоқда.

2011 йилда биржада савдо иштирокчиларининг юқори даражадаги рақобатини ва тенг иштирокини таъминлайдиган, электрон савдо шаклида амалга ошириладиган замонавий давлат харидлари тизими жорий этилгани ҳар томонлама эътиборга ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир.

2013 йилда электрон савдолардаги давлат харидлари ҳажми 417 миллиард сўмни ташкил этди ва савдо якунлари бўйича 83 миллиард сўмлик бюджет маблағлари тежаб қолинди. Бунда давлат харидлари доирасида сотувга қўйилган товар ва хизматларнинг 83 фоиздан зиёди кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилганини алоҳида қайд этиш керак.

Бундан ташқари, товар ва хизматлар учун тўловларни, банкдаги ҳисобрақамлари ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда, Интернет тармоғи ва мобиль телефон орқали, аҳолидан қўшимча воситачилик ҳақини олмасдан амалга ошириш тизими жорий этилди.

Айни вақтда буларнинг барчаси замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича келгуси йилларда амалга оширишимиз зарур бўлган кенг кўламли чора-тадбирлар тизимидаги дастлабки қадамлар бўлиб, бу ишларни изчил давом эттиришимиз лозим.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Ўтган йили аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш ва социал соҳани ривожлантириш масалалари фаолиятимизда ҳал қилувчи ўрин эгаллади.

Янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолмоқда.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Бу борада кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.

Ўтган йили биз учун энг устувор вазифа бўлмиш касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди ва айтиш жоизки, бунинг аҳамиятини баҳолашнинг ўзи қийин. Ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

Мамлакатимизда ижтимоий соҳани ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тизимида қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш, қишлоқда моҳият эътибори билан янги инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан қишлоқ аҳлининг ҳаётини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

2009 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 900 дан ортиқ янги уй-жой массивлари барпо этилди, умумий майдони 4 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 33 минг 500 дан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди. 732 километр асфальт қилинган автомобиль йўллари, мингдан ортиқ ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилди.

2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жойлар барпо этилди, бу кўрсаткич 2012 йилга нисбатан 17 фоизга кўпдир. Ушбу мақсадлар учун қарийб 650 миллион доллар қийматидаги маблағ йўналтирилди. Бунинг 106 миллион доллари Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағларидир.

Қишлоқларимизни обод қилиш, қишлоқ аҳолисининг турар-жой шароитларини яхшилаш бўйича бизнинг бундай тажрибамиз халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ўтган йил апрель ойида Тошкент шаҳрида замонавий уй-жой қурилиши мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН), ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатидан 300 дан ортиқ олим, мутахассис ва экспертлар иштирок этгани бунинг ёрқин исботидир.

Қадрли дўстлар!

2013 йилда таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, мактаблар, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор берилди.

Ўтган йили 28 та янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 та умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 131 та касб-ҳунар коллежи ва лицейлар реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Шунингдек, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 та болалар спорти объекти ва 4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди.

2013 йилда таълим-тарбия тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида сўз борар экан, ўсиб келаётган ёш авлоднинг хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини оширишга қаратилган ишларни алоҳида қайд этмоқчиман. Жаҳонда интеграция жараёнлари кучайиб, кундалик ҳаётга компьютер технологиялари ва Интернет кенг жорий этилаётган бугунги шароитда чет тилларни пухта билмасдан ва эгалламасдан туриб келажакни қуриб бўлмаслигини барчамиз яхши англаб олмоқдамиз.

Шуларни инобатга олиб, биз ўтган ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан чет тилларни ўргатишнинг узлуксиз тизимини жорий этдик.

Барча умумтаълим муассасаларида чет тилларни ўргатиш бўйича 17 мингдан ортиқ ўқув хоналари ташкил этилди. 1-синф ўқувчилари учун чет тиллар бўйича мультимедиа варианти илова қилинган, 538 мингдан зиёд рангли дарслик чоп этилди. 2 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчиси тайёрланди ва уларнинг умумий сони 26 минг кишига етди.

Мамлакатимизнинг барча минтақаларида чет тилларни бир хил шароитда ўқитиш, қишлоқ жойларга юқори малакали инглиз тили ўқитувчиларини жалб этиш мақсадида, тариф ставкаларига 30 фоиз қўшимча ҳақ белгиланган ҳолда, уларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилди. Телевидениеда чет тилларни ўргатиш бўйича қизиқарли ўйинлар дастурига эга бўлган махсус болалар маърифий каналлари ташкил қилинди.

2013 йилда тиббиёт-санитария соҳасида биринчи ёрдам кўрсатиш оилавий тиббиёт принципи асосида ишлаш шаклига ўтказилди. Бу эса юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этишни янада чуқурлаштиришбўйича жорий этилаётган чора-тадбирлар тизимида муҳим қадам бўлди. Бундай ўзгариш қишлоқ жойларда, айниқса, чекка туманларда яшаётган 14 миллион 600 минг нафар аҳолига малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини берди.

Туғиш ёшидаги аёллар, шунингдек, болалар ва ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўлиқ таъминланди. 2011-2013 йилларда 535 минг нафар ҳомиладор аёл ирсий ва туғма касалликлар бўйича текширувдан ўтказилди.

Бу 2013 йилда қарийб 2,7 минг боланинг туғма хасталиклар ва ривожланишдаги нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш имконини берди. Мухтасар айтганда, «Она ва бола скрининги» дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ривожланишда нуқсони бор болаларнинг туғилиши 2000 йилга нисбатан 1,8 марта камайди.

Аҳолининг овқатланишини яхшилаш, ун ва тузни зарур микроэлементлар билан тўйинтириш, оналар ва болаларни витаминга бой дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли бугунги кунда болаларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келади ва ҳеч шубҳасиз, бу биз эришган катта ютуқлардан биридир.

Фақатгина 2013 йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 та тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини жиҳозлаш даражаси 1,8 баробар ортди ва 91,7 фоизга етди, жумладан, юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозлаш даражаси 82,6 фоизни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти, айниқса, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича замонавий талабларга тўла жавоб бермаслигини қайд этиш даркор. Қишлоқ врачлик пунктларини ялпи текшириш натижалари буни яна бир бор кўрсатди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан ҳамкорликда қисқа муддатда қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятида зарур тартиб ўрнатиш, тажриба тариқасида бир қатор туманларда патронаж ҳамшираларининг фаолият самарадорлигини кучайтириш бўйича тегишли рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга ошириши зарур.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда амалга ошираётган ижтимоий сиёсатимизнинг аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришдаги таъсири ва натижалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан.

2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошди, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда пенсияларнинг ўртача миқдори ўртача иш ҳақига нисбатан 37,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Россияда 25,7 фоиздан, Марказий Осиё мамлакатларида эса 23-28 фоиздан иборатдир. Жорий 2014 йилда мамлакатимизда бу кўрсаткични 41 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Оилалар даромадлари таркиби ўзгармоқда – тадбиркорликдан олинаётган даромадлар аҳоли ялпи даромадларининг ярмидан зиёдини ташкил этмоқда. Ҳолбуки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида бу кўрсаткич ўртача 20-25 фоиздан ошмайди.

Энг муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистонда энг паст ва энг юқори даромад оладиган аҳоли гуруҳлари ўртасидаги тафовут даражаси сўнгги йилларда 8 баробарга тўғри келмоқда. Кўпгина, шу жумладан, қўшни давлатларда бу рақам мамлакатимиздаги кўрсаткичдан бир неча баробар юқори экани, яъни ўта камбағал ва ночор аҳоли гуруҳлари ва ўта бойлар гуруҳи орасидаги тафовут ошиб бораётганини таъкидлаш лозим.

2013 йилда 2000 йилга нисбатан аҳолимизнинг истеъмол харажатлари 9,5 баробар ошганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

Сўнгги йилларда жон бошига тўғри келадиган энг муҳим озиқ-овқат товарлари бўйича истеъмол ҳажми муттасил ўсиб бормоқда, айни вақтда ноозиқ-овқат маҳсулотларни харид қилиш ва хизматлар учун тўланадиган сарф-харажатлар миқдори ҳам сезиларли равишда кўпаймоқда. Мисол учун, мустақиллик йилларида гўшт истеъмоли – 1,4 марта, сут – 1,3 баробар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари – 2,6 марта, картошка – 2 баробар, мевалар истеъмоли – 6,4 карра ошди.

Юртимиздаги оилаларни узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар билан таъминлаш борасидаги аҳвол ҳам тубдан ўзгарди. Хонадонларни холодильник, кондиционер, шахсий компьютер, телевизор, мобиль телефон ва бошқа замонавий маиший техника воситалари билан таъминлаш даражаси ошмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда аҳолининг ўзимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси ўсгани эътиборлидир. Агар 2000 йилда ҳар 100 та оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етди.

Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиздаги оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Бу кўрсаткичларнинг барчаси аввало нимадан далолат беради?

Бу кўрсаткичлар энг аввало бизнинг ўз олдимизга қўйган юксак мақсад – дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш йўлидан изчил ва босқичма-босқич илгарилаб бораётганимизнинг исботи бўлиб, ана шу мамлакатлар эришган марраларга биз ҳам албатта етамиз, деган ишончни туғдиради.

Ҳурматли юртдошлар!

Иқтисодиётимизнинг 2014 йилга мўлжалланган асосий вазифа ва устувор йўналишлари аввало бу соҳанингюқори суръатлар билан ўсиб боришини таъминлаш, бунинг учун мавжуд барча резерв ва имкониятларни сафарбар этиш борасида қабул қилинган стратегияни давом эттиришга қаратилган.

Ялпи ички маҳсулот ҳажмини 8,1 фоизга, саноатни 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6 фоизга, чакана савдо айланмасини 13,9 фоизга кўпайтириш, бозор хизматларини 16,2 фоизга оширган ҳолда, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 55 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Солиқ юкини янада камайтириш, жумладан, юридик шахслар учун фойда солиғи ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга, жисмоний шахслар учун энг кам солиқ ҳажмини 8 фоиздан 7,5 фоизга тушириш иқтисодиётимиз ривожида албатта муҳим аҳамият касб этади.

Бундай солиқ енгилликлари 130 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежаш ва уни корхоналар ихтиёрида қолдириб, уларнинг ўз айланма маблағларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш, шунингдек, аҳоли даромадларини 90 миллиард сўмдан кўпроқ ошириш имконини беради.

2014 йилнинг 1 январидан бошлаб Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 12 фоиздан 10 фоизга туширилди.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, 2014 йил саноат соҳасида юксак технологияларга асосланган ва замонавий муҳим объектлар ва қувватларни ишга тушириш, инвестицияларни ошириш ва такомиллаштириш йили бўлади.

Молиялашнинг барча манбалари бўйича капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажми 14 миллиард 300 миллион долларни ташкил этади ва бу кўрсаткичнинг ўтган йилга нисбатан 10,1 фоизга ўсиши таъминланади, асосий капиталга киритиладиган инвестициялар ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2013 йилги 23 фоиз даражасида сақлаб қолинади.

Барча инвестицияларнинг 73 фоиздан ортиғи ишлаб чиқариш объектларини барпо этишга, капитал қўйилмаларнинг қарийб 40 фоизи машина ва ускуналар сотиб олишга йўналтирилади.

Жорий йилда 3 миллиард 900 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш, уларнинг ҳажми ўтган йилга нисбатан 29 фоизга ўсишини таъминлаш мўлжалланмоқда.

Хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажмида тўғридан-тўғри инвестициялар қарийб 69 фоизни ташкил этиши ва уларнинг ҳажми 2014 йилда 22,4 фоизга ортиши алоҳида эътиборга лойиқ.

Бу йил умумий қиймати 4 миллиард 400 миллион доллар бўлган 150 дан ортиқ йирик ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш кўзда тутилган.

Шулар қаторида «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ишлаб чиқариш қувватини 200 минг тоннадан 600 минг тоннага ошириш», «Хоразм вилоятида «Дамас» русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш», «Ўзбекистон-Хитой газ қувурининг учинчи тармоғини қуришни ниҳоясига етказиш», «Шўртан ва Алан конларини ободонлаштириш ва компрессор станциясини барпо этиш» бўйича ва бошқа муҳим лойиҳаларни ниҳоясига етказиш мўлжалланмоқда.

Сурғил кони базасида Устюрт газ-кимё комплексини қуриш, Шўртан газ-кимё комплексида ишлаб чиқарилаётган тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қурилиш ишлари давом эттирилади.

Электр энергетикаси соҳасида Толлимаржон иссиқлик электр станциясида қуввати 450 мегаватт бўлган 2 та буғ-газ қурилмасини барпо этиш йўли билан кенгайтириш ишлари олиб борилади. Тошкент иссиқлик электр станциясида қуввати 370 мегаватт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилади. Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 450 мегаватт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш орқали кенгайтириш ишлари бажарилади.

Кимё саноатида Қўнғирот сода заводининг иккинчи навбати қурилади ва шунингдек, “Навоийазот” очиқ акциядорлик жамиятида метанол, аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бошқа лойиҳалар амалга оширилади.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

2014 йилга мўлжалланган кенг кўламли дастурий мақсад ва вазифалар ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши йўлида ғов бўлиб турган муаммоларни ечиш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишни талаб қилиши ҳақида бугун гапириб ўтиришнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман.

Бу ўринда сўз, биринчи навбатда, мамлакатимизда том маънодаги рақобат муҳитини шакллантириш ҳақида бормоқда. Маълумки, бундай муҳит ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш ва модернизация қилиш, жаҳон бозорларига чиқиш йўлида ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Бугун шуни тан олишимиз керакки, бу йўналишда амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар замонавий талабларга ҳали-бери тўлиқ жавоб бермайди.

Биз ҳанузгача эскича фикрлаш қолипидан чиқа олмаяпмиз, ўз умрини ўтаб бўлган, эски ва яроқсиз планли-тақсимот тизими қолдиқлари, афсуски, бутунлай барҳам топгани йўқ. Кескин рақобат шароитида солиқ имтиёзлари ва протекционистик чоралар ҳисобидан яшаш мумкин, деган нотўғри қараш миямизга чуқур ўрнашиб қолган.

Бундай чоралар, аввало, корхоналар манфаатига зарар етказиб, уларнинг даромадини камайтириш билан бирга, давлат бюджетига сезиларли равишда зиён етказиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Энг муҳими, ҳар қандай имтиёз ва преференциянинг умри узоқ эмаслигини эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Фақат шундай имтиёз ва преференцияларга таяниб қолган корхоналар очиқ иқтисодиёт шароитида хорижий компаниялар билан нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобатлаша олмайди.

Ўйлайманки, бу масала бўйича тушунтириш ва изоҳ бериб ўтиришнинг даври ўтди, эскича бошқариш қолиплари ва усулларидан қутула олмаётган раҳбарлардан қатъий воз кечадиган вақт келди. Бугун ҳаётнинг ўзи корхона ва бирлашмаларни бошқаришда замонавий фикрлайдиган, пухта тайёргарликка эга бўлган менежерларга таянишни талаб этмоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски, ишлаб чиқариш харажатларининг юқори экани, тайёрланаётган маҳсулотларнинг материал ва энергияни кўп талаб қилиши ва аввало иқтисодиёт реал сектори тармоқларининг технологик жиҳатдан қолоқлиги бугунги кунда рақобатдошликни оширишда жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Юртимиздаги 500 дан ортиқ реал сектор корхонасида ишлатилаётган 160 мингдан зиёд ускуна бўйича ўтказилган техник аудит натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ана шу ускуналарнинг 30 фоиздан ортиғи эскириб кетган. Жумладан, электр техника саноатида ускуналарнинг 44 фоизи, машинасозлик тармоғида 37 фоизи, кимё саноатида 21 фоизи, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда 20 фоизи, озиқ-овқат саноатида 19 фоизи, енгил саноатда 8 фоизи эскирган.

2009-2013 йилларда самарасиз ишлаётган 172 та корхона тижорат банклари балансига ўтказилди. Уларнинг 112 тасида ишлаб чиқариш фаолияти тикланди ва янги мулкдорларга сотилди. Банклар балансида қолган корхоналарнинг 43 тасида эса ишлаб чиқариш фаолияти тикланди, яна 17 та корхонада бу борада иш олиб борилмоқда.

Ана шу корхоналарда модернизация ва ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш жараёнларини амалга ошириш учун 316 миллиард сўм ҳажмидаги инвестиция киритилди ва бунинг натижасида 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда 140 дан ортиқ корхона зарар кўриб ишламоқда. Уларнинг 67 таси йирик корхоналар бўлиб, 10 таси саноат соҳасига, жумладан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё, электр техника ва фармацевтика саноати тармоқларига тегишлидир. Масалан, Тошкент трактор заводи, “Агрегат заводи”, “Чирчиққишлоқмаш”, “Ўзпахтамаш” очиқ акциядорлик жамиятлари оғир молиявий аҳволга тушиб қолган.

“Самарқанд кимё заводи”, “Жиззах пластмасса” очиқ акциядорлик жамиятлари каби йирик кимё саноати корхоналари, шунингдек, мамлакатимизда турли ёритиш воситаларига эҳтиёж катта эканига қарамасдан, Тошкент шаҳридаги “Оникс” очиқ акциядорлик жамиятида ҳам аҳвол қониқарли эмас.

Коммунал соҳада 26 та зарар кўриб ишлаётган корхона, шу билан бирга, йўл қурилиши соҳасида 13 та иқтисодий ночор корхона мавжуд экани ҳам ташвиш уйғотади.

Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, манфаатдор тузилмаларни жалб этган ҳолда 3 ойлик муддатда юқорида кўрсатиб ўтилган корхоналар бўйича уларни молиявий инқироздан ва банкротликдан чиқариш бўйича “йўл харитаси” деб аталадиган дастурларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Бундай чора-тадбирларни қўллаш фойдасиз бўлган корхоналарни эса ноль қиймати бўйича хусусий жисмоний шахсларга сотиш масаласи кўриб чиқилсин.

Бугунги кунда хусусий мулк шаклидаги корхона давлат мулки бўлган корхонадан кўра анча самарали ишлашини исботлаб ўтиришнинг зарурати бўлмаса керак.

Тан олиш керакки, бу ҳақда гапирганда, баъзан хусусий мулк тушунчасини нодавлат мулкка асосланган корхоналар тушунчаси билан чалкаштирамиз. Мазкур таърифларга қатъий аниқлик киритиш ва энг муҳими, қонунларимизга мувофиқ равишда иқтисодиётда хусусий мулкнинг устуворлигини амалда таъминлаш, уни қўллаб-қувватлаш ва дахлсизлигини кафолатлаш даркор.

Ишбилармонлик – бизнес юритиш учун амалий қулай шароит туғдириб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш реал иқтисодиётни ислоҳ этишнинг навбатдаги энг муҳим йўналишига айланмоғи зарур.

Сўнгги йилларда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш, иқтисодиётимизга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун зарур шароит ва қулай муҳит яратиш борасида биз улкан ишларни амалга оширдик.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги ҳақидаги принцип жорий этилди. Фақат ўтган йилнинг ўзида рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-таомил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қисқартирилди, 22 турдаги интерфаол солиқ хизмати жорий этилиб, зарур рухсатномалар бериш муддати 2 марта ва мазкур жараёнлар учун харажатлар қиймати 5 марта қисқартирилди.

Шуни қайд этиш жоизки, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсатнома олиш жараёнида тўланадиган харажатлар 8 баробар камайтирилди, банкларда ҳисобрақами очиш учун тўловлар бекор қилинди ва шу борада бошқа зарур тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон бизнесни рўйхатга олиш шартлари бўйича жаҳон миқёсида 66 позиция юқорига кўтарилиб, рейтинг ўтказилган 189 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади, кредит ажратиш бўйича рейтингда эса 24 позиция юқорига кўтарилди.

Айни пайтда шуни эътироф этиш керакки, мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитининг бугунги ҳолати эркин бозор иқтисодиётининг талаб ва принциплари, умумий халқаро нормаларга тўлиқ жавоб беради, деб айта олмаймиз.

Тадбиркорларимиз қишлоқ жойларда энергия таъминотининг беқарорлигига, ишлаб чиқариш ва йўл инфратузилмасининг керакли даражада ривожланмаганига, текширувларнинг кўплигига, шунингдек, жойларда ижро интизомининг нисбатан пастлигига ҳалигача дуч келмоқда.

Бу ўта муҳим масалага яна ва яна бир бор эътибор қаратиб, алоҳида таъкидлашни зарур деб биламан: тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун турли рухсатномалар бериш муддатларини янада қисқартириш, уларнинг тартиб-таомилларини соддалаштириш ва арзонлаштириш, тадбиркорлик йўлидаги ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларга йўл қўймасликни жиддий назоратга олишимиз шарт.

Лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини электрон шаклда тақдим этиш, коммунал хизматлар, шунингдек, солиқ солиш ва божхона расмийлаштируви бўйича хизматларни интерфаол шаклда кўрсатишга ўтишни тезроқ амалга ошириш зарур.

Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 10 миллиондан зиёд пластик карточка муомалага чиқарилган бўлиб, уларнинг қарийб 2 миллион 500 мингтаси онлайн карточкалардир. Бугунги кунда телекоммуникация ва коммунал хизматлар учун тўловларни Интернет орқали тўлаш мумкин. Энг қисқа муддатларда бу борадаги ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, ушбу соҳани янада ривожлантириш керак.

Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига электрон тижоратни кенгайтиришга доир таклифларни киритсин ва 2004 йилда қабул қилинган ва бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрласин.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш жойларини шакллантириш ва аҳоли бандлиги, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим-тарбия жараёнлари ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ этиш ва такомиллаштириш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Жорий йилда давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилади.

Мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ 2014 йилда салкам 1 миллион иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Жорий йилда меҳнат соҳасига қарийб 500 минг нафар ёш йигит-қизлар – 2-3 тадан мутахассисликни ва иш кўникмаларини эгаллаган, олган билимларини иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида, хизматлар ва бошқарув жабҳасида қўллашга тайёр бўлган касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари кириб келади.

Бу ўринда навқирон авлодимизни фаол меҳнат фаолиятига тўлақонли жалб этиш бўйича вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари, корхона ва коллежлар раҳбарларининг ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича масъулияти ҳақида гапиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Вазирлар Маҳкамаси бу борадаги ишларни зарур даражада мувофиқлаштиришни таъминласин.

Бугунги кунда аҳолини ҳар томонлама шинам ва қулай уй-жойлар билан таъминлаш, уй-жой массивлари атрофидаги инфратузилмаларни обод қилиш юзасидан олиб борилаётган улкан ишлар одамларнинг кайфияти ва дунёқарашига, уларнинг ҳаёт сифатига қандай кучли таъсир кўрсатаётгани ҳақида ортиқча сўз юритишнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман.

Бу ўринда гап биринчи навбатда қишлоқларимиз аҳолиси ҳақида бормоқда. 2014 йилда 388 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 11 мингта намунавий уй-жой барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Молия вазирлиги, “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси шу йилнинг февраль ойидан кечиктирмасдан жорий йил дастури бўйича молиялаштиришни бошлаши, март ойида эса уй-жойларни қуриш ишларини бошлашни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кўришлари даркор.

Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари эътиборини бир масалага алоҳида қаратиб айтмоқчиман: қишлоқларимиз аҳолиси нафақат қулай уй-жойларда, айни вақтда барча зарур муҳандислик ва транспорт коммуникацияларига, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларига – тиббиёт, спорт, банк, маиший хизмат кўрсатиш, савдо ва маданият муассасаларига эга бўлган обод посёлкаларда яшаши лозим.

Лўнда қилиб айтганда, янгитдан барпо этилган бундай посёлкалардаги уй-жойларнинг сифат даражаси ва яратилган маиший қулайликлар шаҳардаги шароитлардан асло кам бўлмаслиги керак.

2014 йилда таълим-тарбия соҳасида 380 та умумтаълим мактаби ҳамда 161 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 410 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтириш мўлжалланмоқда.

Касб-ҳунар коллежларининг ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарини юксак технологиялар асосида ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ва ўқув техникаси билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Ўтган 2 йил давомида олий ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўп ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қарши, Термиз, Урганч ва Бухоро университетлари, Тошкент давлат техника университети, Навоий давлат кончилик институти ва бошқа олий ўқув юртларининг янги ўқув биноларини қуриш ва мавжуд корпусларини реконструкция қилиш, уларни замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

2014 йилда 34 та олий ўқув муассасасида қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун 173 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Жумладан, Андижон, Қарши давлат университетларида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий ўқув юртларида янги ўқув бинолари ва ахборот-ресурс марказлари қуриш мўлжалланмоқда. Шунингдек, 51 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мамлакатимиздаги 17 та олий ўқув юртида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ этиш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари 2014 йилда ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Жорий йилда соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган маблағлар 407 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этади ёки уларнинг ҳажми қарийб 30 фоизга ортади.

Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг 28 миллион доллардан ортиқ имтиёзли кредитларини жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, биз 2014 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида ўхшаши бўлмаган, халқаро стандартлар бўйича энг юқори, яъни тўртинчи даражали ҳисобланадиган кўп тармоқли махсус болалар шифохонасини Корея Республикаси ҳукуматининг 103 миллион доллар миқдоридаги маблағи ҳисобидан барпо этишни бошлаймиз. Айтиш керакки, ушбу шифохона 250 та даволаш ўрнига ва бир кеча-кундузда 200 нафар болани қабул қила оладиган поликлиникага эга бўлади.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2014 йилда 115 та болалар спорти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, уларни асосан мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган замонавий спорт анжомлари билан таъминлаш учун 107 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Қадрли ватандошлар!

Бизнинг ўз олдимизга қўйган асосий мақсадимиз – бошлаган ислоҳотларимиз, иқтисодиётимизни янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини давом эттириш ва чуқурлаштириш, ҳаётимиз даражаси ва сифатини изчил ошириб боришни таъминлаш, тенглар ичида тенг бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдан иборатдир.

Янги – 2014 йилнинг юртимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани жамоатчилигимиз, халқимиз томонидан қандай кўтаринки кайфият ва мамнуният билан кутиб олинганига, кенг қўллаб-қувватланаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Жорий йилга бундай ном берганимиз, авваламбор, болаларимизнинг соғлиғи ҳақида, уларнинг келажаги ҳақида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир.

Бизнинг вазифамиз, керак бўлса, олий бурчимиз – фарзандларимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан уйғун ривожланган, замонавий билим ва тажрибаларни пухта эгаллаган, Ватанимиз ва халқимиз келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун қўлимиздан келган барча-барча ишларни амалга оширишдан иборатдир.

Биз яқин кунларда “Соғлом бола йили” бўйича кенг кўламли давлат дастурини қабул қиламиз. Бу дастур бизнинг ана шундай ҳақиқатан ҳам буюк мақсад-муддаоларимизни рўёбга чиқаришда, ҳеч шубҳасиз, янги ва улкан қадам бўлади.

Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, белимизни маҳкам боғлаб, ҳар биримиз ўз жойимизда астойдил меҳнат қилсак, Ватанимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳиссамизни қўшсак, мен ишонаман – олдимизда турган вазифалар қандай улкан ва мураккаб бўлмасин, биз ўз кўзлаган эзгу марраларимизга албатта эришамиз.

Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва омад тилайман.

Манба : uza.uz