UZ RU
28.12.2013

Изчил ислоҳотлар самараси

Болалар спортини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 5 майда қабул қилинган "Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори болалар спорти объектларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенгроқ жалб этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Вилоятда мазкур қарор ижроси доирасида бир қатор мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ҳамда болалар спорт мажмуаларида бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика ва бошқа спорт турлари бўйича қўшимча тўгараклар ташкил этилди. Таълим муассасаларида 12 минг тўққиз юз ўн битта спорт секцияси ва гуруҳлар ишлаб турибди. Уларда етмиш олти минг нафарга яқин ўғил-қиз спортнинг йигирмадан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган қарийб 225 минг нафар бола спортга, 149 минг 844 нафар ўспирин ва ўсмир жисмоний соғломлаштириш машғулотларига жалб қилинган.

– Ёш авлодни соғлом, жисмонан етук, юксак маънавиятли ва интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялашда спортнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Тошкент вилояти филиали директори Ботир Шерматов. – Шу боис ўғил-қизларимизни болалигидан спортга кенг жалб этишга эътибор қаратилаётир. Жойларда, хусусан, чекка ҳудудларда спорт билан шуғулланиш учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2013 йилда Паркент туманида ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бўка, Зангиота, Пискент, Оҳангарон, Чиноз ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги олтита мактабда спорт зали бунёд этилган. Юқори Чирчиқ тумани ва Олмалиқ шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари реконструкциядан қилинган. Мавжуд спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Барча зарур спорт анжомлари билан жиҳозланган замонавий спорт иншоотларида малакали мураббийлар раҳбарлигида шуғулланаётган ёшлар шаҳар, туман, вилоят миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда ўз маҳоратини ошириб бормоқда.

Обод турмуш йилида вилоятда ўтказилган спорт тадбирларида 178 минг нафардан кўпроқ ўғил-қиз иштирок этди. Юқори натижага эришган ёшлардан таркиб топган вилоят терма жамоалари бир қатор республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақият қозонмоқда. Мисол учун, 2013 йилнинг 3-6 август кунлари Бухорода, 22-25 август кунлари Сирдарёда 12-14 ёшли ўғил-қизлар ўртасида волейбол, баскетбол, енгил атлетика, мини-футбол бўйича ўтказилган беллашувларда фахрли ўринлар қўлга киритилди. 4-6 октябрь кунлари Туркияда 9-17 ёшлилар ўртасида шотокан-каратэ бўйича бўлиб ўтган жаҳон кубоги ва 5-Европа чемпионатида вилоятдан олти нафар спортчи иштирок этиб, иккита кумуш ва тўртта бронза медалига сазовор бўлди.

Нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятга эришган болалар орасида чинозлик беш ёшли Дилшод ва унинг саккиз ёшли акаси Элшод Мадаминовлар ҳам бор. Ака-укалар 2013 йил 12-15 декабрь кунлари спортнинг таэквондо ITF тури бўйича Қирғизистонда ташкил этилган халқаро турнирда ўз вазн тоифасида биринчи ва иккинчи ўринларни банд этди.

Дилшод ва Элшод каби ўғил-қизларимиз қўлга киритаётган бундай ютуқлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.

– Тумандаги 5-умумтаълим мактабида очилган таэквондо ITF тўгарагига уч йилдан бери қатнайман, – дейди Элшод. – Мактабимизда пухта билим олиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш учун барча имкониятлар бор. Улардан унумли фойдаланиб, ўз устимда тинмай ишлаб, вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилган мусобақаларда чемпион бўлдим. Янги йил байрами арафасида эришган бу ғалабамдан жуда хурсандман. Ниятим – қитъа ва жаҳон чемпионатларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.

Вилоятда болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган қулай шарт-шароитларни янада яхшилаш ишлари изчил давом этмоқда.

Манба: Gov.uz