Соғлом турмуш тарзининг амалий тарғиботи
Наманган вилоятида “Алпомиш” ва “Барчиной” оммавий спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, барча шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақаларда 5 ёшдан 60 ёшгача бўлган аҳоли вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар қисқа масофага югуриш, узунликка сакраш, турникда тортилиш, арқонга тирмашиб чиқиш каби ўндан зиёд спорт тури бўйича ўзаро куч синашди.
– Мазкур тадбирлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, болалар ва катталарнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга хизмат қилмоқда, – дейди мусобақа иштирокчиси Гулнора Ёқубжонова. – Касбимиз тақозосига кўра, ўтириб ишлаймиз, деярли жисмоний ҳаракат қилмаймиз. Бундай мусобақалардан сўнг киши ўзини анча бардам ҳис қилади, кайфияти ҳам кўтарилади. Ташкилотчилардан миннатдормиз.
Манба: UzA.uz