Тиббий хизмат самарадорлиги ошмоқда
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан бирга аҳолининг тиббий маданияти ҳам юксалиб бормоқда.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида 16 қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатади. Қишлоқ врачлик пунктларининг “Саломатлик” лойиҳалари доирасида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани турли касалликларнинг камайиши, тиббий маданиятнинг юксалишига хизмат қилмоқда.
– Обод турмуш йилида туман тиббиёт бирлашмаси бутунлай қайта реконструкция қилиниб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди, – дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Акмалжон Шерматов. – Кўп тармоқли марказий поликлиника ва 40 ўринли юқумли касалликлар бўлими янгидан бунёд этилди.
Туманда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, 48 мингдан ортиқ туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ёлғиз қариялар, ногирон ва пенсионерлар малакали шифокорлар назоратига олинган. Барча зарур профилактик тадбирлар ва даволаш ишлари намунали йўлга қўйилгани қишлоқ аҳолиси ўртасида, айниқса, оналар ва болаларда учрайдиган турли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шифокорлар томонидан репродуктив саломатлик, соғлом оилани шакллантириш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг афзалликлари, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасида тушунтириш ишлари ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилаётир. Туман хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар натижасида исталмаган ҳомиладорлик, болалар ногиронлиги, умуман, фуқароларнинг турли касалликларга чалиниши ҳолатлари кескин камаймоқда.
“Оқтепа” қишлоқ врачлик пунктида меҳнат қилаётган тажрибали мутахассислар ўн икки мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
– Муассасамиз замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлангани даволашнинг энг муҳим ва дастлабки босқичи бўлган тез ва тўғри ташхис қўйиш имконини бераётир, – дейди ҚВП мудираси Маҳфуза Юсупова. – Айниқса "Соғлом она – соғлом бола" дастури доирасида белгиланган чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда. Президентимиз томонидан 2014 йилнинг Соғлом бола йили деб эълон қилиниши биз, тиббиёт ходимлари зиммасига янада улкан масъулият юклайди.
Манба: UzA.uz