UZ RU
31.12.2013

Қорасувда янги даволаш мажмуаси

Янги йил байрами арафасида Андижон вилоятининг Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси даволаш корпусининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, янги тиббиёт муассасалари барпо этиш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида тиббий хизмат савияси юксалиб, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий тиббиёт масканлари барпо этилаётир. Андижон вилоятининг чегара ҳудудларидан бўлган Қорасув шаҳрида қурилиб, фойдаланишга топширилган тиббиёт бирлашмасининг янги биноси ҳам ана шу йўналишдаги ишларнинг ёрқин намунасидир.

Уч қаватли янги бинода шошилинч тиббий ёрдам маркази, 65 ўринли шифохона, шаҳар тиббиёт бирлашмаси фаолият кўрсатади.

– Умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 252 миллион сўм бўлган қурилиш ишлари сифатли ва ўз муддатида якунланди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Б.Комилжонов. – Даволаш корпусининг болалар, терапия ва жарроҳлик бўлимлари энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Натижада хасталикларни ўз вақтида ва тўғри аниқлаш ҳамда самарали даволаш учун катта қулайлик яратилган. Кенг ва ёруғ хоналарда шифокор ва беморлар учун барча шарт-шароит мавжуд.

– Бундай замонавий шароитлардан ғоят мамнунмиз, – дейди меҳнат фахрийси Расулжон Ғозибоев. – Инсон саломатлигини сақлаш борасида кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.

Манба: UzA.uz