Янги бино – янги имконият
Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг янги даволаш биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда тегишли давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар оналик ва болаликни муҳофазалаш, инсон саломатлигини асраш ўсиб келаётган авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида педиатрия йўналишида кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифати янада кенгаймоқда. Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида бу борада жаҳон тиббиётининг илғор услубларидан кенг фойдаланилган ҳолда болаларга самарали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мазкур муассасанинг уч қаватли янги даволаш биноси педиатрия йўналишида фойдаланиладиган замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган. Мажмуада гўдаклар, пульмонология, неврология ва кардиоревматология бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.
Соғлом бола йили арафасида фойдаланишга топширилган бундай даволаш муассасалари халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш, диагностика ва даволашнинг юксак технологияларини ўзлаштириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлашда ўз самараларини беради.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди.
Манба: UzA.uz