Илм-фан – мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири
Илм-фан – ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир. Ўзбекистон замини азалдан башарият цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган, жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиёти йўналишини маълум даражада белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг олимлари буюк аждодлари анъаналарини муносиб давом эттириб, мустақил Ватанимизнинг илмий-иқтисодий, илмий-техник, маданий, маънавий-маърифий тараққиёти йўлида кенг кўламли илмий изланишлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон Фанлар академиясига Тошкентда, 1943 йилнинг ноябрь ойида асос солинган. Дастлабки босқич унинг илмий салоҳиятини шакллантириш, етакчи илмий мактаблар, илмий-тадқиқот институтлари ва моддий-техник базасини яратиш даври бўлди. Бироқ, унинг фаолияти ўша пайтда Ўзбекистоннинг ҳаётий эҳтиёжларидан йироқ бўлган вазифаларни ҳал қилишга кўпроқ йўналтирилган эди.
1991 йилда Ўзбекистонимизнинг ўз мустақиллигини қўлга киритиши бутун халқимиз, жумладан, мамлакатимиз илмий ва ижодий жамоатчилиги учун ҳам улкан тарихий воқеа бўлди. Фанлар академияси ривожида мутлақо янги даврни бошлаб берди ва холис илмий тадқиқотлар ўтказиш учун қўшимча имкониятлар эшигини очди. Хусусан, Фанлар академиясининг илмий муассасалари янги ғояларни шакллантириш билан бир қаторда мамлакатимиз учун устувор бўлган илмий-техник масалалар бўйича ҳам иш олиб борди ва бутун эътиборини шу мақсадга йўналтирди. Йил сайин илмий-техник ва инновацион ишланмалар кўпайиб, нафақат Ўзбекистон, балки АҚШ, Германия, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳам уларга талаб ортиб бормоқда.
Халқаро алоқалар соҳасида ҳам янги истиқболли имкониятлар пайдо бўлди. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари фанлар академияси билан ҳамкорликка оид тўғридан-тўғри битимлар ва айрим илмий муассасалар ўртасида шартномалар имзоландики, бу олимларимизнинг турли халқаро илмий фондлар ва халқаро ташкилотлар дастурлари бўйича танловларда иштирок этиши ва хорижий тадқиқотчилар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириши, халқаро илмий ассоциацияларга аъзо бўлишига ижобий таъсир кўрсатди. Чет элда таълим олиш, айниқса, ёш олимларимизнинг хорижда илмий стажировка ўташ имкониятини кескин оширди.
Мустақил давлатимизнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш илғор илмий ишланмалар ва илмий-техникавий тараққиётнинг ютуқларини самарали жорий этиш билан бевосита боғлиқ. Ишлаб чиқаришга инновацион ишланма ва технологияларни кенг жорий этиш Ўзбекистонимизни ҳар томонлама ривожланган давлатга айлантириш имконини берди. Бу эса, ўз навбатида, илмий-техникавий соҳада янги тарихий воқеликларга жавоб берадиган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириш заруратини тақозо этарди. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимиз илм-фани, етакчи илмий мактаблар, биринчи навбатда, энг йирик илмий ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни биз Президентимиз Ислом Каримовнинг илм-фан тараққиётига оид қатор фармон ва қарорлари, ҳукуматимиз қарорлари мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Жумладан, 1992 йил 8 июлда давлатимиз раҳбарининг “Илм-фанни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш ва инновация фаолиятини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ва 1992 йил 21 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Илм-фанни ривожлантиришни ва инновация фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши туфайли илм-фан ва инновация фаолияти соҳасидаги асосий йўналишлар ривожланиш йўлига тушиб олди. Илмий-техник салоҳият мустаҳкамлангани, илмий тадқиқотлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг йирик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилгани, мамлакатимизда инновация фаолиятини фаоллаштириш, белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун катта миқдорда валюта маблағлари ажратилаётгани шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 7 августда қабул қилинган «Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги сиёсатини белгилаб берадиган асосий ҳужжатлардан бири бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон илм-фанини бошқариш ва молиялаштиришни давлат томонидан тартибга солиш, унинг саъй-ҳаракатларини мамлакатимиз учун устувор бўлган соҳаларга йўналтириш, илмий тадқиқотларни давлат илмий-техник дастурлари ва инновацион лойиҳалар бўйича танлов йўли билан грант орқали молиялаштиришга ўтказиш соҳасидаги ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Инновацион ишланмаларни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш ҳажми бир неча баробар оширилди. Президентимизнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан мақсадли валюта маблағларининг ажратилиши ҳисобидан эскирган асбоб-ускуналар замонавий лаборатория жиҳозлари билан алмаштирилди.
Мамлакатимиз илм-фани олдига қўйилган бундай муҳим вазифаларнинг амалга оширилиши илмий тадқиқотлар етакчи маркази ва инновацион ғоялар ижодкори сифатида Фанлар академияси фаолиятини тубдан ислоҳ этишни кўзда тутарди. Бу борада академик илм-фанни янги ижтимоий-иқтисодий шароитларга мослаштириш, иқтисодиётимиз эҳтиёжларига мос ва жаҳон бозорида муносиб рақобатлаша оладиган илмталаб маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бошланғич шарт-шароитлар яратиш, инновацион фикрлаш қобилиятига эга янги авлод илмий кадрларни тайёрлашни тақозо этарди.
Амалга оширилган бундай кенг кўламли чора-тадбирлар самарасида академик илм-фан нафақат ўз салоҳиятини сақлаб қолди, балки ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Фанлар академияси фундаментал илмий тадқиқотлар соҳасида жаҳон миқёсида аҳамиятга молик қатор йирик илмий муваффақиятларни қўлга киритди. Фанлар академиясининг илмий муассасалари эришган натижалар амалий илмий-техник ва инновацион ишланмаларни кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ишланмалар бугунги кунда жадал ривожлантирилиб, асосан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари эҳтиёжини қондиришга йўналтирилмоқда.
Айни пайтда Фанлар академияси мамлакатимиз илм-фанининг негизини ташкил этади. У ўз таркибида 32 илмий-тадқиқот муассасаси, жумладан, 23 йирик институт, илмий марказ, тўртта музей, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Хоразм Маъмун академиясини бирлаштиради. Мустақиллик йилларида Фанлар академиясининг кадрлар таркиби тубдан янгиланиб, мамлакатимиз замонавий илм-фанини ифода этадиган иқтидорли ёш тадқиқотчилар билан кенгайди. Бугунги кунда Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари сони 80 нафар. Беш мингдан зиёд илмий ходим тадқиқотлар билан шуғулланмоқда. Уларнинг 370 нафари фан доктори ва 900 нафари фан номзодидир. Яна 200 нафар даъвогар фан доктори илмий даражасини олиш арафасида. Шунингдек, олимларимиз мамлакатимиз учун энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича муҳим фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бормоқда, эришилган натижаларни, жумладан, самарали илмталаб технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишда иштирок этмоқда.
Мамлакатимизни барқарор инновацион ривожлантиришга оид устувор вазифаларни ҳал этиш мақсадида мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Фанлар академиясида қатор янги муассасалар ташкил этилди. Ген технологиялари ёрдамида пахта, буғдой ва бошқа экинларнинг янги навларини яратишга хизмат қилаётган Генетика институти ва идоралараро Геномика ва биоинформатика маркази, юқори ҳароратда соф ҳамда ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқариш учун 1000 кВт қувватли катта қуёш печига эга Материалшунослик институти, Халқаро қуёш энергияси институти, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти, шунингдек, янги ташкил этилган Хоразм Маъмун академияси ва бошқа илмий муассасалар шулар жумласидандир. 60 мингдан зиёд қадимги қўлёзмалар, тошбосма китоблар ва ҳужжатлар сақланаётган Шарқшунослик институти фондини алоҳида таъкидлаш керак. Ушбу фонд илмий аҳамиятига кўра Шарқ қўлёзмалари тўпланган дунёдаги энг бой фонд бўлиб, ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ташкил этилган Амир Темур ва Темурийлар даврига оид бой тарихий ҳамда маданий мерос намуналари сақланаётган Темурийлар тарихи давлат музейи, шунингдек, мамлакатимиз тарихининг мураккаб даврларида қатағон қилинган юртдошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш ва ёшларни Ватанга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилаётган Қатағон қурбонлари хотираси музейи ҳам муҳим ижтимоий ва маданий-маърифий аҳамиятга эга муассасалардандир.
Фанлар академияси моддий базасининг янгилангани ва етакчи илмий мактаблар томонидан ишлаб чиқилаётган муҳим илмий йўналишларнинг молиялаштирилаётгани ўтган йиллар давомида олимларимизга жаҳон миқёсида муҳим фундаментал илмий натижаларга эришиш имконини берди. Ген-нокаут технологияси ёрдамида ғўзанинг илдиз тизими ривожланган, ҳосилдорлиги юқори, толаси сифатли, эртапишар ва шўрланишга чидамли ноёб трансген навининг яратилгани мамлакатимиз пахтачилигида эришилган энг катта илмий ютуқ бўлди. Маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида ўттиздан зиёд доривор препаратлар яратилиб, ишлаб чиқарилмоқда. Астроном олимлар томонидан янги кичик сайёра кашф этилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг таклифига биноан Халқаро астрономия иттифоқи унга буюк олим Мирзо Улуғбек даврида жаҳон астрономияси маркази бўлган Самарқанд номини берди. Археологларимиз қадимий цивилизациянинг янги манбаларини (Обираҳмат ғори)топди. Қадимги одам қолдиқлари топилган бу жой “йил кашфиёти”га айланди ва бугунги Ўзбекистон ҳудудида Месопотамия, Ўртаер денгизи, Қадимги Хитой ва дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби замонавий одамнинг шаклланиш жараёни рўй берганини яна бир бор исботлайди.
Сўнгги йилларда Фанлар академияси институтлари томонидан амалга оширилаётган инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми 6 баробар ошди ва бу олимларга ўсимликларни ривожлантирувчи юқори самарали ўғитлар, препаратлар, маҳаллий хомашё асосида дефолиантлар олиш бўйича қатор янги инновацион технологиялар яратиш имконини берди. Ушбу воситалар мамлакатимиз кимё саноати томонидан кенг ишлаб чиқарилмоқда ва мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини тўлиқ таъминламоқда. Бундан ташқари, уларнинг катта қисми экспорт қилинаётир. Саноат соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришилди. Масалан, кашф этилган самарали ядровий технологиялар асосида кўплаб радиопрепаратлар, заргарлик саноати учун радиацион бўялган табиий кристаллар ишлаб чиқарилмоқда ва экспорт қилинмоқда, турли корхоналар учун катта қуёш печида юқори ҳароратда ўтга чидамли экологик тоза сопол материаллар ва буюмлар ишлаб чиқариш технологияси йўлга қўйилган. Фанлар академияси олимлари қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, гелиоматериалшунослик, асбобсозлик соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришди. Бу муваффақиятлар яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи мажлисида ҳам юқори баҳоланди.
Президентимизнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларига татбиқ этишни рағбатлантириш бўйича амалий механизмлар яратиш, фан ва ишлаб чиқаришнинг янада мустаҳкам алоқасини таъминлаш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат инновацион жараён тушунчаси ва уни ташкил этиш принципини тубдан ўзгартирди. Ушбу қарорга мувофиқ илм-фан ва ишлаб чиқариш вазифалари белгиланди, улар ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, унинг натижалари бугун ўз самараларини бераётир. Ўзбекистонда илмий-таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари иштирокида Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасини ўтказиш анъанага айланди.
Ўтган олтита шундай ярмаркада мамлакатимиз корхона ва ташкилотлари билан Фанлар академияси муассасалари томонидан яратилган илмий маҳсулотларни ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича умумий қиймати 54 миллиард сўмдан зиёд 600 дан ортиқ шартнома ҳамда аҳдлашув шартномаси тузилди. Ушбу ярмаркалар илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёнини жадаллаштириш, Фанлар академиясининг инновацион ишланмаларини “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзфармсаноат” ва “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниялари, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг вилоят бошқармаларида жорий этиш имконини берди.
Сўнгги йилларда Фанлар академияси томонидан жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек, экпорт қилинаётган илмий маҳсулотлар ҳажми 2 баробардан кўпроқ ошди. 2012 йилда 2010-2011 йилларга нисбатан Фанлар академияси олимларининг ишланмалари учун олинган патентлар сони ҳам қарийб 5 марта кўпайди, уларни лицензиялаш жараёни фаоллашди.
Шу билан бирга, Фанлар академияси илм-фан ва таълим тизими интеграциялашувини изчиллик билан мустаҳкамламоқда. Унинг илмий муассасалари ҳузурида олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда 26 та илмий-ўқув маркази ва ихтисослаштирилган кафедралар ташкил этилган бўлиб, уларда ҳозирги пайтда талаб катта бўлган мутахассисликлар бўйича магистр ва бакалаврлар тайёрланмоқда. Ана шу марказ ва кафедралар базасида бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари нафақат энг сўнгги тадқиқот ишланмалари билан танишиш, балки уларда бевосита иштирок этиш имконига эга бўлмоқда. Академия олимлари олий ўқув юртлари ўқув жараёнига жалб этилиб, маърузалар ўқимоқда ва бакалаврларнинг битирув ишлари ҳамда магистрлар илмий ишларига раҳбарлик қилмоқда. Академия институтларининг етакчи таълим муассасаларига интеграциялашуви олий ўқув юртларида ҳам илм-фанни ривожлантириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Фанлар академияси янгиланиш йўлини босиб ўтди, қатор ютуқларга эришди ва халқаро эътирофга сазовор бўлди. Чунончи, Фанлар академияси муассасаларининг жаҳондаги йирик илмий марказлар билан тўғридан-тўғри илмий алоқалари тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида сезиларли равишда кенгайиб бормоқда. Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Франция ва Германиядаги илмий марказлар ва институтлар билан ҳамкорлик самарали ривожланаётир. Масалан, 2006-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки томонлама илмий ҳамкорлик тўғрисида 16 халқаро шартнома тузиб, уларни амалга оширмоқда, унинг илмий муассасалари эса дунёнинг турли давлатларидаги илмий ташкилотлар, марказлар, университетлар ва музейлар билан ҳамкорлик тўғрисида қирқ бешдан зиёд халқаро шартнома ижросини таъминлашда иштирок этмоқда.
Япониялик олимлар томонидан кашф этилган 22948-кичик сайёра-астероидга Халқаро астрономия иттифоқи Ўзбекистонда жойлашган машҳур астрономик обсерватория шарафига “Майданак” номини бергани ҳам мамлакатимиз академик илм-фанининг халқаро нуфузидан далолат беради.
Даврнинг ўзи ҳам Фанлар академияси олдига янгидан-янги вазифалар қўймоқда. Ўзбекистон илм-фанининг муваффақияти олимларимизнинг ушбу вазифаларни самарали ҳал этиши, тараққиётнинг янги йўли ва шаклларини таклиф этишига боғлиқ.
Ўзбекистонда илм-фан кўп асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Ўзбек заминидан Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ва жаҳон илм-фани хазинасига улкан ҳисса қўшган бошқа кўплаб буюк олимлар, мутафаккирлар етишиб чиққан. Мамлакатимиз олимларининг бугунги авлоди жаҳон илм-фанининг буюк ижодкорлари, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ташкил топиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб вакиллари номини мамнуният билан эсга олади. Бугун Ўзбекистон олимлари мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда ва бу, ҳеч шубҳасиз, оламшумул ютуқларга эришишга хизмат қилади.
Бундай юксак марраларга эришиш биз, Фанлар академияси олимларидан мамлакатимиз илм-фани салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, академия олимлари томонидан амалга оширилаётган тадқиқотлар савиясини юксалтириш, бу жараёнда иқтидорли ёшларнинг ҳам фаол иштирок этишини талаб қилади.
Манба: UzA.uz