UZ RU
25.12.2013

Соғлом бола – миллат келажаги

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ва унинг мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг ўрганилмоқда.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш, адлия бошқармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида Боғот ва Янгиариқ туманларида бўлиб ўтган тадбирларда халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари, тиббиёт, таълим соҳаси вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, ўқувчи ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдукаримова, вилоят ҳокимлигининг вояга етмаганлар бўйича комиссияси масъул котиби У.Ражабов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ҳ.Исоқов ва бошқалар Президентимиз маърузасида илгари сурилган вазифалар, уларнинг ижроси хусусида сўз юритди.

– Вилоятимиздаги 170 қишлоқ врачлик пунктининг барчаси зарур воситалар билан жиҳозланган, – дейди С.Абдукаримова. – Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари билан жойларда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётир. Соғлом бола йилида бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашни янада такомиллаштириш режалаштирилмоқда.

Тадбирда эрта никоҳ, эрта туғруқнинг олдини олиш, ёшларни, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этиш, ёшларни “оммавий маданият” ва турли ёт иллатлардан асраш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди, галдаги вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Манба: UzA.uz