UZ RU
19.12.2013

Изчил ишлар самараси

Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир. Бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар бераётган юксак самаралар Оролбўйи бирламчи шифо масканлари фаолиятида ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётир.

Тахтакўпир туманидаги “Муйтен овул” қишлоқ врачлик пункти “Саломатлик-1” ва “Саломатлик-2” лойиҳалари бўйича замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Бирламчи шифо масканида тиббий кўрик, биринчи тиббий ёрдам, амбулатор шароитда даволаш, эмлаш каби тадбирларни олиб бориш учун барча қулайликлар яратилгани 2334 нафар аҳоли, айниқса туғиш ёшидаги аёллар, шунингдек, барча болалар ва ўсмирлар саломатлигини сифатли таъминлашга хизмат қилаётир.

Пункт ходимлари таълим масканлари ва маҳаллаларда бўлиб оилада тиббий маданиятини ошириш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари борасида тушунтириш ишларини мунтазам олиб бораётир.

Манба: UzA.uz