UZ RU
16.12.2013

Тиббий кўрикларнинг аҳамияти ортмоқда

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати тобора юксалиб, турли юқумли касалликларнинг олди олинмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Навоий вилоятида ҳам мазкур касалликнинг олдини олиш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

2011 йилда бир миллиард 400 миллион сўм маблағ ҳисобига янги барпо этилган вилоят ОИТСга қарши кураш марказида аҳолини тиббий кўрикка жалб этиш, мунтазам равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётгани кутилган самараларни бермоқда.

– Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни соҳадаги ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш ва амалий чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори ўринбосари Ойбек Норқулов. – ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишда никоҳланувчи ёшлар ўртасида тиббий текширувлар ўтказиш, чет элда бўлиб қайтган фуқароларни кўрикка жалб этиш масаласига, айниқса, жиддий эътибор қаратилаётир. Касалликнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда, таълим муассасаларида ёшлар билан турли учрашувлар ўтказилмоқда. Жойларда тиббий патронажлар ташкил этилиб, тарғибот-тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда. “ОИВ инфекцияси тўғрисида биласизми?”, “Ўзингизни ўзингиз ҳимояланг!”, “ОИВ инфекцияси ҳақида суҳбатлашамиз”, “Соғлом бўлай десангиз” номли буклет ва брошюралар тарқатилмоқда.

ФҲДЁ бўлимлари ва ОИТСга қарши кураш маркази ўртасидаги ҳамкорлик яхши самара бермоқда. Масалан, никоҳланувчиларнинг бирида бундай хасталик белгилари аниқланган ҳолларда ҳар икки томоннинг розилиги билан никоҳ бекор қилинаётир.

Бугунги кунда барча турдаги замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозланган марказда ОИВ инфекциясини юқтирган фуқароларга малакали тиббий хизмат, шунингдек, ижтимоий ва руҳий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур дори воситалари ва препаратлар билан таъминлаш намунали йўлга қўйилган.

Манба: gov.uz