UZ RU
17.12.2013

Аҳолининг тиббий маданияти юксалмоқда

Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Саломатлик ва тиббий статистика институти Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Табассум Рўзметова минтақада аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, жисмоний тарбия ва рационал овқатланиш, меҳнат қилиш ва дам олишни режалаштириш, гигиеник кўникмаларни ҳосил қилиш, бир сўз билан айтганда, тиббий маданиятни юксалтиришга эришилаётир.

Бу борада Саломатлик ва тиббий статистика институти ходимлари ҳам самарали иш олиб бормоқда. Филиалимиз тасарруфидаги 15 шаҳар ва туман “Саломатлик маркази”да 39 нафар юқори малакали шифокор тиббий тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва касалликларнинг олдини олишга йўналтирилган кўргазмали ахборот материаллари, ҳар хил услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, тарқатилаётир. 2013 йилнинг ўтган даврида “ОИТС профилактикаси”, “Сил касаллиги профилактикаси”, “Бачадон бўйни саратони”, “Эрта турмушга чиқишга шошилманг”, “Қутириш касаллигидан сақланинг”, “Йод танқислиги”, “Камқонликда овқатланиш”, “Хафақонлик”, “Вирусли гепатит”, “Она сутининг аҳамияти” каби буклет ва плакатлар тайёрланиб, тиббиёт муассасаларига, ўқув юртларига тарқатилди, аҳоли гавжум жойларга илиб қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ОИТСга қарши кураш маркази, Она ва бола скрининг маркази, Силга қарши курашиш диспансери, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан ҳамкорликда 14 туманда “Фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш” ҳафталиги ўтказилди.

Унда асосий эътибор оилада тиббий маданиятни шакллантириш ва тиббий билимни юксалтиришга қаратилиб, репродуктив, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш мавзуларида кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Телевидение, радио ва газеталарда мутахассисларнинг чиқишлари мунтазам ташкил этилди.

Туғиш ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида йил давомида уюштирилаётган бундай ҳафталиклар доирасида умумтаълим мактабларида 122, ўрта-махсус ўқув юртларида 52, маҳаллаларда 136 тадбир ўтказилди.

Мазкур тарғибот-тушунтириш ишлари аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Манба :Uza.uz