Тиббий хизмат сифати ошмоқда
Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан
фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 40-модда
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, даволаш муассасаларини замонавий жиҳозлаш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Буни Қорақалпоғистон Республикаси тиббиёт муассасалари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда бу ерда 40 стационар, 13 диспансер, 243 амбулатория-поликлиника муассасаси, жумладан, “Саломатлик” лойиҳалари асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган 190 қишлоқ врачлик пункти аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли 2009-2013 йилларда 26 даволаш муассасасида 75 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Дониёр Ҳожиев. – Энг сўнгги замонавий технологиялар билан жиҳозланган даволаш-профилактика муассасаларида 3 минг 600 нафардан ортиқ шифокор ва 17 мингга яқин ўрта бўғин тиббиёт ходими аҳоли саломатлигига камарбаста.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2013 йилда ҳудуддаги барча 14 туман тиббиёт бирлашмасида 24 миллиард 535 миллион сўмлик реконструкция ва қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қишлоқ врачлик пунктлари негизида йигирмата намунавий ҚВП ташкил этилиб, уларга Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали ва Қорақалпоғистон Республикаси кўз касалликлари микрохирургияси марказининг етакчи олим ва мутахассислари жалб қилинди.
Ўтган йиллар давомида кўплаб мутахассисларнинг АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия, Польша ва Украина давлатларида ўз малакасини ошириб қайтгани даволаш ишлари самарадорлигини янада оширди.
Манба :Uza.uz