UZ RU
02.12.2013

Саломатлик – обод турмуш гарови

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида “Саломатлик кунлари” тадбири ўтказилмоқда.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳридан ташриф буюрган малакали шифокорлар тиббий муолажага эҳтиёжманд ҳамда кам таъминланган фуқароларни кўрикдан ўтказиб, уларнинг саломатлигини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатмоқда. Кўрикда вилоятнинг олис ва тоғли ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли кенг қамраб олинаётгани эътиборга сазовор.

– “Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ ташкил этилаётган “Саломатлик кунлари”нинг дастлабки икки босқичида малакали шифокорлар қишлоқ врачлик пунктлари ва туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларида аҳолини бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур тавсиялар берган эди, – дейди Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Нурали Ҳидаев. – Навбатдаги тадбирда фуқароларимиз пойтахтдан келган малакали офтальмолог, кардиолог, хирург, невропатолог ва болалар шифокорларининг тиббий кўригидан ўтказилиб, аниқланган касалликларни даволаш чоралари кўрилаётир. Зарур ҳолларда жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва болаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлигини мустаҳкамлашга яқиндан кўмаклашилаётгани давлатимиз томонидан фуқароларнинг сифатли, бепул тиббий хизматдан фойдаланиши йўлида қилинаётган ғамхўрликларнинг яна бир ифодасидир.

Манба :Uza.uz