Тарғибот – энг муҳим восита
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, тиббий муассасаларнинг модий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг тиббий хизмат самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар турли юқумли касалликлар, хусусан, ОИВ инфекциясига қарши курашишда муҳим омил бўлаётир.
Наманган вилоятида ҳам мазкур инфекцияга қарши курашиш, касалликнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Муҳаммаджон Ашурматов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олиш давлатимизнинг доимий эътиборидаги масалалардан биридир. Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва моддий-техник асослари яратилгани, олиб борилаётган профилактика тадбирлари ўз самарасини бермоқда.
Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикасида ОИВ касаллигининг тарқалишига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ОИТСга қарши кураш борасида ягона тизимни шакллантириш, аҳолини инфекциядан ишончли ҳимоя қилиш ва унинг зарурий профилактикасини таъминлаш, ОИТС марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ОИВ касаллиги аниқланган жойларда суриштирув ишлари олиб бориш, аниқланган касалликнинг юқиш йўллари, юқтириш механизми, касаллик манбалари, мулоқотдаги шахсларни ўрганиш, касаллик тарқалишининг олдини олиш, ОИВ инфекцияси аниқланган беморларни диспансер назоратига олиш ва даволаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2013 йилда 455 миллион сўм маблағ сарфланиб, марказ биноси таъмирланди. Зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди
ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда тарғибот-тушунтириш ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Марказ мутахассислари томонидан тиббиёт муассасалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида тарғибот ишлари мунтазамлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, прокуратура, соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида жойларда даволаш профилактика ходимлари иштирокида янги таҳрирда қабул қилиниб, 2013 йилнинг 23 сентябридан кучга кирган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни тарғиботига бағишланган семинарлар ўтказилаётир. Олий ўқув юртлари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, бошқа жамоат жойларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ОИВ инфекцияси тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган тадбир ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Манба :Uza.uz