Баркамоллик пиллапояси
Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг ғояси ва ташаббуси билан ташкил этилиб, айни пайтда кўплаб давлатлар томонидан ноёб тажриба сифатида ўрганилаётган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти бу борада, айниқса, эътиборга молик. Жамғарма жойларда замонавий спорт мажмуалари ва стадионлар барпо этиш, уларни юқори малакали мураббийлар ва зарур спорт жиҳозлари билан таъминлаш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қарийб 4 минг нафар бола спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 1 минг 644 нафари қизлардир.
Тумандаги барча спорт заллари замонавий талаблар асосида барпо этилиб, зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Боёвутлик ёшлар орасида, айниқса, енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, баскетбол, футбол, белбоғли кураш сингари спорт турлари оммалашган. Айни пайтда туманда 224 спорт секцияси фаолият кўрсатмоқда.
2013 йилнинг ўтган даврида туман миқёсида болалар ўртасида 64 спорт мусобақаси ўтказилиб, уларда 5 минг 983 нафар ёш қатнашди. 15 нафар ёш спортчи мамлакатимизнинг турли терма жамоалари аъзосидир.
– Туманда спортнинг шахмат тури бўйича ўзига хос мактаб яратилган, – дейди таниқли шахмат мураббийси Маматқул Хайлаев. – Боёвутлик шахматчилар халқаро миқёсда ўтказилаётган турли мусобақаларда доимий равишда совриндорлар қаторидан ўрин олиб келмоқда. Хусусан, кўпкарра Ўзбекистон чемпиони, кўплаб халқаро мусобақалар совриндори Сарвиноз Қурбонбоева туман ёшларининг фахрига айланган.
Спортни тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида туманда қизлар спорти ҳам жадал ривожланмоқда. Улар спортнинг футбол, енгил атлетика, бадиий гимнастика, шахмат каби турлари бўйича малакали мураббийлар раҳбарлигида ўз маҳоратини ошириб бораётир. Бадиий гимнастика бўйича ташкил этилган олти гуруҳда юз нафардан зиёд қиз шуғулланмоқда.
– Туман тиббиёт бирлашмаси муассасалари, жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари спорт билан шуғулланаётган болалар саломатлигини доимий назорат қилиб, мониторинг ўтказиб боради, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Сирдарё вилояти минтақавий филиалининг мутахассиси Руслан Холиқназаров. – Таҳлилларнинг кўрсатишича, спорт билан мунтазам шуғулланаётган болаларимизнинг вазни, бўйи ва бошқа жисмоний ҳолатларида жиддий ўсиш кузатилмоқда. Ана шу омилнинг ўзи ҳам Президентимиз томонидан болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий самараларидандир.
Манба :Uza.uz