Хавфли касалликлар билан курашиш йўлида
Замонавий ахборот технологияларининг илмий техник жадаллашувини таъминловчи глобал жараёнлар умуминсоний қадриятларга салбий таъсир қилувчи воқеаларга ҳам сабаб бўлади. Улардан бири бутун дунёни ташвишга солаётган ОИТС касаллигидир. БМТни ушбу муаммо бўйича фаолият олиб борувчи лойиҳа далилларига кўра ОИВ/ОИТС бўйича ер юзида ҳали ҳамон қийин эпидемиологик ҳолат сақланмоқда.
ОИТС билан касалланганларнинг кўпчилик қисмини гуёҳвандлар, енгил табиат, аҳлоқсиз инсонларни ташкил қилади. Бошқа мамлакатлар каби Жиззах вилоятида ҳам ушбу касалликни тарқалишига қарши алоҳида чора-тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоятда ОИТС га қарши марказ, 5 та туманлараро лабораториялар ва 12 та ишонч кабинетлар фаолият юритмоқда.
Жорий йилнинг 23 сентябрида “Инсон иммунодефицит вирусини чақирувчи касалликларни тарқалишига қарши курашиш тўғрисида” ги (ОИВ инфекцияси) Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиниши ҳудудлардаги давлат ҳукумат идоралари, фуқаролар ўз-ўзини бошқарув идораларини ушбу касалликни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар миқдори кўпайтиришига сабаб бщлди ва ушбу касалдан жабрланганларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.
Ғаллаорол тумани қошидаги ОИТС бўйича лабораторияда тиббий ташҳис қўйиш, таҳлиллар ва профилактик тадбирлар ўтказиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
“Саломатлик” дастури доирасида лабораториялар барча зарурий замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда қоннинг бирламчи ва иккаламчи таҳлиллари олиниб, кейинчалик у назорат учун ОИТС га қарши курашиш вилоят Марказига юборилади. Ушбу йилнинг ўтган ойларида лабораторияда 18200 дан ортиқ қон таҳлиллари ўтказилди.
-Лабораториялар қон таҳлили ва бошқа замонавий аппаратлар, компьютер комплектлари, жумладан, «ЛС-Б75Л-1», «ГП-80 МО» стерилизаторлари, “XZ-6” турдаги “PalteSereen” аппарати билан жиҳозланган ва қон таҳлилларини аниқ чиқариб берувчи ускуналар мавжуд,-дейди лаборатория врачи, олий тоифали шифокор, лаборатория бошлиғи Суяров Рахматулла.
Ушбу касалликни тарқалишидаги сабаблар айнан носоғлом турмуш тарзини яратувчи омиллар ҳисобланади. Туманда тибиий муассасалар билан ҳамкорликда ички ишлар бўлими ва бошқа манфаатдор жамоатчилик ташкилотлари ОИТС ва унинг салбий оқибатларига бағишланган ҳар хил маънавий-маърифий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Жорий йилда қишлоқ ва маҳаллаларда, ўрта таълим муассасаларида ушбу мавзуга бағишланган 240 дан ортиқ маърифий тадбирлар ўтказилди.
ОИТС бўйича лаборатория ишчилари доимо туман “Саломатлик” марказлари, “Камолот” ёшлик жамоатчилик марказлари, “Маҳалла” жамоатчилик фондининг туман бўлимлари ва бошқа ўз-ўзини бошқариш идоралари билан бирга турли маърифий тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Маҳалла, мактаб ва ўқув марказларида ОИВ/ОИТС касалликларининг ўта салбий оқибатлари тўғрисида маълумот берувчи видеофильмларни намойиш қилмоқда. Профессионал коллеж, лицей ва мактабларда “Ёшлар, эҳтиёт бўлинг- ОИТС” шиори остида семинар ва учрашувлар ўтказиб, ҳар хил тарбиявий буклетлар ва тарқатма материаллар тайёрланмоқда.
-Чет давлатларга эркин чиқиш имконияти, глобал ахборот тармоғидан эркин фойдаланиш, албатта мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши учун имконият, аммо бу жараён менталитетимизга салбий таъсир қилувчи маълумотлар оқимини ҳам олиб келмоқда,-дейди “Саломатлик” туман маркази директори Маматкарим Байураев.
-Жамиятимизда бу каби ахлоқий қоидаларга хилоф кўринишларнинг тарқалишини бартараф қилишда аҳолининг тиббий саводхонлигини, айниқса ёшларни ОИТС бўйича хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Вилоятларнинг барча туманларида мунтазам равишда ОИТСнинг тарқалишини бартараф этиш бўйича бир қанча чора- тадбирлар олиб борилмоқда. Ушбу мақсад учун давлат томонидан ажратилган маблағ ҳисобига Жиззах ва 5 та туманлараро лабораторияларда ОИТСга қарши курашиш марказларининг моддий-техник базалари мустаҳкамланмоқда.
ОИТС га қарши курашиш вилоят Маркази учун замонавий диагностика ускуналари сотиб олинган. Давлат ва жамоатчилик ташкилотлари билан ОИВ/ОИТС эпидемиясини бартараф этиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган стратегик тадбирлар режасида аниқ чоралар белгилаб қўйилган.
Шундай қилиб, бюджет ва ҳомийликдан ажратилган маблағ ҳисобига ОИТСга қарши курашиш марказлари капитал таъмирланди. Белгиланган тадбирлар вилоят ҳокимияти қошидаги ОИВ инфекциясини тарқатишга қарши курашишни мувофиқлаштириш комиссияси томонидан назорат қилинади.
Бутун дунёга жуда тез тарқалаётган ушбу салбий оқибатга қарши курашишда давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, айниқса, ўз-ўзини бошқариш идораларининг аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Зеро, олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги аҳолининг тиббий маданияти ва хабардорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ ҳисобланади.
Манба: UzA.uz