Меҳр ва ғамхўрлик қуршовидаги болалар
Мамлакатимизда "Соғлом бола-соғлом келажак" шиори остида соғломлаштириш ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир ташаббускори Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлиб, унинг асосий мақсади ўсиб келаётган болалар саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат. Ушбу йилда давлатимиз томонидан қаратилаётган энг асосий вазифалардан бири жисмоний имкониятлари чегараланган болаларга, кам таъминланган оила болаларига, "Меҳрибонлик" ва "Мурувват" уйидаги болаларни қўллаб қувватлаш ва уларга кўмаклашиш ҳисобланади.
Пойтахтимизнинг бутун ҳудудларини қамраб олган ушбу акцияда ихтиосослаштирилган илмий-амалий медицина марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, медицина соҳасида фаолият олиб бораётган олий ўқув муассасаларнинг врачлари иштирок этдилар.
-Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йили ушбу кунларни ўтказиш орқали 8 миллиондан ортиқ болалар, 300 мингдан ортиқ фертиль ёшидаги аёллар тиббий назоратдан ўтказилган,-дейди Соғлиқни сақлаш вазири С. Исмоилов.
Ногирон болалар тўғилишидан огоҳ бўлиш ва ушбу жараённи олдини олиш мақсадида республикамиз раҳбари томонидан 2008-2012 йилларда энди тўғилган болаларда туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқарилган эди. Қишлоқ жойларда ҳомиладор аёллар давлат бюджети ҳисобидан зарур поливитаминлар билан таъминланади.
Бундан ташқари республикада икки ёшгача бўлган барча болалар учун бепул вакцинация ўтказилди. Бу эса кўплаб хавфли юқумли касалликларни бартараф этишга имкон яратди. Мисол учун охирги 10 йилликда 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида гепатит билан оғриган болалар умуман учрамади.
Комплекс тарздаги ушбу чора-тадбирларни ўтказиш натижасида охирги йигирма йилда мамлакатмизда оналар ва болаларнинг бевақт ўлимлари 3 марта камайтирилишига эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 92 фоиз болаларнинг оғирлиги Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрларга тўғри келади. 2005 йилдан бери умуман соғлом болаларнинг миқдори 52,7 фоиздан 63 фоизга кўтарилди. Сурункали касаллик кўрсаткичлари камайтирилди.
Ушбу йўналишда республикамиз эришган ютуқлар халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан юқори баҳоланмоқда. Ушбу Ҳафталик доирасида махсус ёрдамга муҳтож болалар мамлакатимиздаги махсус даволаш муассасаларга бепул тарзда жойлаштирилади.
-Яна қайси мамлакатда она-ота меҳридан ва ғамхўрлигидан бебеҳра бўлишидан қарамасдан болаларнинг бу каби бахтли табассумини кўриш мумкин,-дейди Шаҳар болалар уйи бош врачи Дилобар Ҳидоятова. -Мамлакатимизда барча болалар, айниқса ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларга ҳукуматиз томонидан катта ёрдам кўрсатилмоқда. Ўзбекистонда ҳар бир боланинг тақдири ҳукуматнинг ишончли ҳимояси остида бўлиб, давлат уларнинг ҳар бирини таълими, ишга жойлашиш шароитлари, келажакда бахтли оила қуришлари учун барча имкониятларни яратган.
Бундан ташқари ушбу тадбирлар доирасида аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болаларни дунёга келиши учун барча шароитларни яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Медиклар билан бирга акцияга маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмита вакиллари, ўқув муассасалари ва бошқа давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Тиббий муассасаларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш учун электрокардиография ва ультратовушли аппаратлар ва бошқа тиббий жиҳозлар билан таъминланган алоҳида кабинетлар мавжуд.
Халқимиз учун энг қадрли, энг улуғ ҳисобланган давлатимизнинг Мустақиллик байрами арафасида бошланган ушбу кенг миқёсда ташкил этилган тадбир бугунда ҳаётимизни барча соҳаларини қамраб олган инсон саломатлиги ва манфаатларини ҳимоя қилишдек юксак эзгу вазифаларни ўз ичига олган.