Ҳар бир бола меҳр оғушида
Қадр-қимматим, таянчим ва ифтохоримсан, мустақил Ўзбекистон!
Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишлаб ушбу шиор остида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб махсус Саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда
Унда Меҳрибонлик, Мурувват уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари, имконияти чекланган болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашга яқиндан кўмаклашилаётир.
Фарзанд – оила қувончи, юрт таянчидир. Унинг соғлом, баркамол ва бахтли бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки давлатимиз сиёсатининг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Шу боис ҳам, мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ болаларга юксак меҳр ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилганлиги ҳам бежиз эмас.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш самарали стратегияларидан бири сифатида эътироф этилгани ҳам тарихий аҳамиятга эгадир. Бунинг натижасида мамлакатимизда гўдаклар ва оналар ўлими уч баробар қисқарди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Агар 2005 йилда юртимизда мутлоқ соғлом болалар кўрсаткичи 52,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2013 йил бошига келиб бу рақам 63 фоиздан ошиб, сурункали касалликларга чалинган болалар сони кескин камайган.
Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, хомиладор аёлларни таркибида саломатлик учун зарур микронутриентлар мавжуд махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирлари жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамайди. Давлатимиз томонидан поливитаминларни харид қилиш учун 8 миллиард сўм ажратилаётганлиги ва бу ҳар йили қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган қарийб 400 минг нафар хомиладор аёлни соғломлаштириш, туғилажак болаларни саломатлигини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Шунингдек, унни зарур микроэлементлар билан тўйинтириш, тузни йодлаш дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқдаки, бу аҳоли ўртасида йод танқислиги ва туғиш ёшидаги аёллар орасида камқонлик касаллиги сезиларли даражада камайишига муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш ўринли: мамлакатимизда болаларни ўз вақтида эмлашнинг мукаммал тақвими ишлаб чиқилган. Бунинг натижаси ўлароқ, полиомиелит, чақалоқлар қоқшоли, дифтерия каби хасталикларга бутунлай барҳам берилди. Охирги йилларда қизамиқ ва қизилча касалликлари деярли қайд этилмади. Сўнгги ўн йилда эса 10 ёшгача бўлган болаларда вирусли гепатитнинг “В” тури умуман рўйхатга олинмади. Фарзандларимизнинг ана шундай бенуқсон ўсиб улғайишларида эса соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Соғлом бола – соғлом келажак” шиори остида 5-9 август кунларида бўлиб ўтадиган навбатдаги Саломатлиги ҳафталиги мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлмоқда.
Ҳафталик тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш муассасаларининг энг малакали шифокорлари барча худудларда бўлиб, болажонларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Зарур ёрдам ва тавсияларни беришади.
- Ўтган йилнинг ўзида 8 миллион нафар бола ва 8 миллион 300 минг нафар фарзанд кўриш ёшидаги аёл тиббий кўрикдан ўтказилди, -дейди республика соғлиқни сақлша вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Саидмурод Исмоилов. – Қатор йиллардан буён ўтказилаётган бу каби тиббий кўриклар асносида бир жиҳат эътиборимизни тортмоқда. Бу – фуқароларимиз ва фарзандларимизнинг юз-кўзида эртанги кунга ишонч, соғлом бўлишга интилиш кучайганидир. Бу, аввало, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолининг тиббий маданиятини янада ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарасидир.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган
“Соғлом она – соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлар, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, қарийб 3200та қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди.
- Болажонларимиз ҳамиша юксак эъзоз ва меҳр оғушида камол топишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, - дейди Тошкент шаҳар болалар уйи бош шифокори Дилобар Ҳидоятова. - “Соғлом бола – соғлом келажак” шиори остида бўлиб ўтаётган ушбу Саломатлик ҳафталиги ҳам мамлкатимизда ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оғушида эканлигини, уларнинг эзгу орзулари ушалиши учун мустаҳкам пойдевор қўйилганлигини англатади.
Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда инсон, у ким бўлишидан қатъий назар қадри баланд, соғлиғи эътиборда. Зотан, халқи соғлом бўлган мамлакатнинг эртаси бундан-да буюкдир.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати