Касалликнинг олдини олган афзал
Мамлакатимизда 22 апрель куни полиомиелитга қарши миллий эмлаш тадбирлари бошланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, республика бош давлат санитария врачи С.Сайдалиев, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари А.Хаммерих, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ж.Дельмот ва бошқалар сайёрамизнинг айрим ҳудудларида, жумладан, бизга қўшни баъзи давлатларда полиомиелит бўйича мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб тургани унга қарши профилактикани янада кучайтиришни талаб этаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда юқумли касалликларнинг олдини олиш, аҳоли, хусусан, болалар саломатлигини муҳофазалаш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир.
Мамлакатимизда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлашнинг миллий тақвими шакллантирилган. Унга кўра, фарзандларимиз ўн хил юқумли касалликка қарши режа асосида эмланмоқда. Хусусан, полиомиелит хасталигига қарши эмлаш ишлари ҳам белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда.
Бундай чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан, полиомиелит, дифтерия, қоқшол қайд этилмаяпти. Вирусли гепатитнинг В тури, қизамиқ, қизилча, кўк йўтал, тепки каби эмлаш орқали бошқариладиган хасталиклар бўйича эпидемиологик вазият барқарор сақланмоқда.
2002 йилда мамлакатимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Полиомиелитдан ҳоли ҳудуд” сертификатини олган эди. Ўтган йиллар мобайнида ушбу мақом муваффақиятли ҳимоя этилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, полиомиелит ўткир юқумли касаллик бўлиб, асаб тизими, айниқса, орқа мияни қаттиқ шикастлайди. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик, ифлосланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари хасталикнинг юқиш манбааларидир.
Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар хасталанади. Полиомиелитнинг асоратлари кўпинча ногиронликка олиб келади, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди. Унинг олдини олишнинг бирдан-бир чораси эмлашдир.
Ушбу йўналишдаги тиббий-профилактика ишлари қамровини кенгайтириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида юртимизда миллий эмлаш кунлари ўтказилаётир. 2010-2012 йиллар давомида саккиз босқичда ана шундай тадбирлар ўтказилди. Унда қарийб уч миллион нафар бола қамраб олинди.
Жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари навбатдаги эмлаш ҳафталиги ўтказилади. Ҳафталик доирасида юртимизнинг қўшни давлатлар билан чегарадош вилоятларида беш ёшгача бўлган болалар полиомиелитга қарши эмланади. Тадбирни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида вакциналар олиб келиниб, ҳудудлардаги санитария-эпидемиология марказларига етказилди.
Шифокорларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида касаллик ташхиси ва даволаш усуллари бўйича семинарлар ўтказилди. Мамлакатимиз бўйича олти мингдан ортиқ эмлаш пункти, беш минг икки юзга яқин эмлаш бригадаси ташкил этилди. Эмлаш жараёнида иштирок этадиган шифокорлар, ҳамширалар, мактабгача таълим муассасалари ҳамда меҳрибонлик уйлари ходимлари махсус тайёргарликдан ўтказилди.