UZ RU
23.04.2013

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш – миллат саломатлигининг кафолати

Тошкентда “Соғлом оналик ва болалик соҳасидаги ижтимоий ташаббуслар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. У “Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирилиги ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.Комилов, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси М.Ширинова, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хўжамбердиев ва бошқалар истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш масалалари давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига айланганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча жабҳада ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ўзига хос миллий соғлиқни сақлаш модели яратилган бўлиб, “Соғлом она – соғлом бола” концепциясини амалга оширишга доир комплекс чора-тадбирлар унинг узвий қисми ҳисобланади.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ягона тизим яратилиши, бу соҳада ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш бўйича замонавий технологияларнинг жорий этилиши аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ихтисослаштирилган акушерлик-гинекология, перинатал ва педиатрия ёрдами кўрсатиш сифатини ошириш имконини берди. Хотин-қизлар ва болалар саломатлик кўрсаткичларининг яхшилангани, мустақиллик йилларида оналар ва болалар ўлими 3 баробарга камайгани ҳам шундан далолат беради.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, мамлакатимиз нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашган давра суҳбатида Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси “Соғлом она – соғлом бола” лойиҳасини амалга оширишга катта ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Лойиҳа доирасида тўғри овқатланиш, камқонликнинг олдини олиш ва гигиена тўғрисида ўсмирлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда, ҳомиладор ҳамда туғиш ёшидаги аёллар учун туғишга тайёрланиш ва бир ёшгача болани парваришлаш бўйича маслаҳатлар ташкил этилмоқда.

Мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг барча ҳудудини қамраб олган. Уни амалга ошириш давомида 1,2 миллиондан ортиқ киши иштирок этди, 27 мингдан зиёд семинар-тренинг ўтказилди, қарийб 600 минг ададда тегишли босма маҳсулотлари тарқатилди.

Президентимиз томонидан Обод турмуш йили деб эълон қилинган жорий йилда соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш ишлари кўлами янада кенгаймоқда. Қабул қилинган тегишли Давлат дастурида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини янада ривожлантириш, касалликларнинг олдини олиш ишларини кучайтириш, илғор тиббиёт технологиялари, ташхис қўйиш ва даволаш услубларини жорий этиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришни кучайтиришга доир комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Манба: uza.uz