UZ RU
15.02.2013

Спорт – саломатлик гарови

Тўрт йилча бурун Мирёқубнинг умуртқа поғонасида сколиоз хасталиги аломатлари сезилган эди. Кейинчалик унинг чап оёғи бироз калталашиб, кўнгли ярим бўлиб қолди. Шифокорлар унга даволовчи жисмоний машғулотларни бажариш ва сузиш билан шуғулланишни маслаҳат берди.

Мирёқуб пойтахтимиздаги “Саховат спорт сервис” очиқ акциядорлик жамиятининг сув спорти саройига қатнай бошлади. Уч йиллик мунтазам машғулотлардан сўнг саломатлиги анча яхшиланди, руҳи кўтарилди, ўзига ишончи ошди.

Бу йил Мирёқуб тўққиз ёшга тўлади. Яқинда у гуруҳлараро мусобақада биринчи ўринни эгаллади. Энди мамлакат чемпионатида ғолиб бўлишни кўзлаб турибди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида мамлакатимизда ана шундай соғлом ва иродали, ўз олдига улкан мақсадларни қўядиган қатъиятли авлод вояга етмоқда.

Бугун юртимизнинг барча ҳудудида бунёд этилган замонавий спорт мажмуалари болалар билан гавжум. Юнусобод туманидаги “Саховат спорт сервис” сув спорти саройи ҳам бир вақтнинг ўзида 50 кишига хизмат кўрсатмоқда.

Спорт саройидаги соғломлаштириш гуруҳларига болалар 6-7 ёшдан қабул қилинади. Машғулотлар малакали мураббий ва шифокорлар назорати остида ташкил этилади. Ҳозир ушбу гуруҳларда икки юз нафарга яқин ўғил-қиз шуғулланмоқда. Ёзги таътил вақтида уларнинг сони бир неча баробар ошади. Уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

– Гуруҳимизда 7 нафар бола шуғулланади, – дейди мураббий Шавкат Тожиев. – Машғулотлар якка тартибда сузишни ўрганишдан бошланади. Сувга тушганда тўғри нафас олиш, махсус воситалар ёрдамида қўл ва оёқ ҳаракатларини тўғри бажариш орқали болада дастлабки кўникмалар шакллантирилади. Кейин эса болалар гуруҳларга бўлиниб, сузиш усулларини ўрганади. Машғулотлар болани зериктирмаслик ва толиқтирмаслик учун қатъий жадвал асосида қизиқарли тарзда олиб борилади.

Кенг сув ҳавзаси ва махсус бассейн сувни тозалаш, автоматик алмаштириш ва фильтрлаш, мўътадил ҳароратни сақлаш воситалари билан таъминланган. Гимнастика ва тренажёр зали, тиббий хизмат кўрсатиш, кийим алмаштириш ва ювиниш хоналари тегишли инвентарлар билан жиҳозланган.

– Сузиш бола саломатлигини мустаҳкамлашда, унинг жисмонан кучли, қадди-қомати расо, баланд бўйли ва кенг елкали бўлиб ўсишида муҳим аҳамиятга эга, – дейди шифокор Наргиза Аҳрорхўжаева. – Шунингдек, сув спорти болаларда кўп учрайдиган рахит, сколиоз ва церебраль фалаж хасталикларининг олдини олиш ва асоратларини даволаш, танада қон айланиши ва мушаклар фаолиятини яхшилаш, асаб тизими, нафас йўллари касалликларини профилактика қилишга хизмат қилади. Сузиш билан шуғулланиш боланинг суяк тўқималари ўсиши ва мустаҳкамланишига шароит яратиб, иммун тизими, уйқу ва иштаҳа яхшиланиши, ортиқча вазндан халос бўлишида қўл келади.

– Кенжа ўғлим Абдулазиз тез-тез шамоллаб, ўзини ҳолсиз сезарди, – дейди юнусободлик Наргиза Хушматова. – Шифокорлар тавсиясига кўра, ўғлимни сузиш тўгарагига бердик. Олти ойдан бери сузишга қатнашиб, саломатлиги анча мустаҳкамланди. Асаби ҳам, кайфияти ҳам жойида. Бундан жудаям хурсандман.

Дарҳақиқат, ота-оналар учун фарзандини соғлом кўришдан ортиқ бахт йўқ. Бугунги кунда юртимизда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Замонавий спорт саройларида шуғулланаётган ўғил-қизлар ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етмоқда.

Манба: uza.uz