Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Вазирлар Маҳкамасининг бугунги кенгайтирилган мажлиси кун тартибига қўйилган асосий масала – бу Ўзбекистоннинг 2012 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини муҳокама этиш ва 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини тасдиқлаб олишдан иборат.
Ўтган йил якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, авваламбор шуни таъкидлашимиз керакки, глобал жаҳон иқтисодиётида ҳали-бери сақланиб қолаётган жиддий муаммоларга қарамасдан, 2012 йилда Ўзбекистон ўз иқтисодиётини барқарор суръатлар билан ривожлантиришни давом эттирди, аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтиришни таъминлади, дунё бозоридаги ўз позициясини мустаҳкамлади.
Бу даврда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,2 фоизга ўсди, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 7,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 7 фоизга, чакана савдо айланмаси ҳажми 13,9 фоизга ошди.
Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётнинг мутаносиблиги таъминланди.
Экспорт ҳажми сезиларли равишда, яъни 11,6 фоизга ўсди, экспорт қилинаётган маҳсулотлар таркиби ва сифати яхшиланиб бормоқда. Бунинг натижасида хомашё бўлмаган тайёр товарларнинг улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Ташқи савдо айланмасидаги ижобий сальдо 1 миллиард 120 миллион доллардан ошди.
Инфляция даражасининг ўсиш суръати прогноз кўрсаткичлари доирасида сақлаб қолинди ва 7 фоиздан ошмади.
2012 йилда солиқ юкини камайтириш сиёсати давом эттирилди. Кичик корхона ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6 фоиздан 5 фоизга туширилгани, якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ ставкаси эса сезиларли тарзда, яъни ўртача икки баробар камайтирилгани буни яққол тасдиқлайди.
Шуларга қарамасдан, давлат бюджетининг даромадлар қисми бўйича кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди, эришилган профицит ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоизни ташкил этди.
Давлат жами харажатларининг асосий қисми, яъни қарийб 59,2 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга қаратилди, унинг 34 фоиздан ортиғи таълим, 14,5 фоиздан кўпроғи соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.
Бугунги кунда, дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат қарзининг ортиб бориши билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётган бир шароитда, Ўзбекистонимиз четдан қарз олиш бўйича пухта ўйланган сиёсат олиб бориши натижасида давлатимиз қарз ҳажмининг улушини нисбатан паст даражада ушлаб қолишга ва ўз мажбуриятларига тўлиқ жавоб берадиган мамлакат сифатида барқарор обрў-эътиборини сақлаб қолишга эришди. 2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзлари миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 16,0 фоиздан ошмагани, бу кўрсаткич эса халқаро мезонлар бўйича “ўртачадан ҳам кам” даражада баҳолангани буни исботлаб бермоқда.
Мамлакатимиз молия-банк тизими барқарор ва ишончли фаолият юритиб, юқори кўрсаткичларни намоён этиб келмоқда. 2012 йилда банк тизимининг жами капитали 24,3 фоизга, сўнгги уч йилда эса икки баробар кўпайди.
Бугунги кунда капиталнинг етарлилик даражаси 24,0 фоиздан ошиб, бу эса қабул қилинган умумий халқаро стандартлардан 3 баробар ортиқдир. 2012 йил якунлари бўйича банк тизимининг ликвидлиги 65,0 фоиздан ортмоқда, бу эса талаб этиладиган минимал даражадан 2 баробар юқоридир.
2010 йилда мамлакатимизнинг атиги 13 та тижорат банки ижобий халқаро рейтингга эга бўлган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 28 тага етди.
Банклар фаолиятида, ўтган йиллардаги каби, инвестиция фаолиятига катта эътибор қаратилди.
2012 йилда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитлар ҳажми 2011 йилга нисбатан 1,3 баробар ошди. Ажратилган кредитларнинг 76 фоиздан зиёди уч йилдан ортиқ муддатга берилган узоқ муддатли кредитлар экани, айниқса, эътиборга молик.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг ўтган йил натижаларини баҳолаганда, Халқаро валюта жамғармаси миссияси раҳбари Вероника Бакалу хонимнинг ушбу миссиянинг Ўзбекистонда 2012 йил ноябрь-декабрь ойларидаги иши натижалари бўйича билдирган фикрларини келтириш ўринли, деб биламан. Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан ўсмоқда. Солиқ-бюджет ва ташқи фаолият соҳаларидаги мустаҳкам позиция, банк тизимининг барқарорлиги, давлат қарзининг камлиги ва ташқаридан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашиш мамлакатни глобал инқирознинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилди”.
Ўйлайманки, бундай холисона баҳо кўп нарсадан далолат беради.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
2012 йилда мамлакатимизнинг юқори суръатлар билан барқарор ўсишини таъкидлар эканмиз, бунинг боиси ва омилини авваламбор иқтисодиётимизга йўналтирилган капитал маблағлар, инвестициялар тобора ўсиб бораётганида, бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотга нисбатан 22,9 фоизни ташкил этганида, деб ҳисоблашимиз зарур.
Ўтган йилда иқтисодиётимизга 11 миллиард 700 миллион доллар миқдорида ички ва хорижий инвестициялар жалб этилди ёки бу борадаги кўрсаткич 2011 йилга нисбатан 14 фоизга ўсди. Жами инвестицияларнинг 22 фоиздан ёки 2 миллиард 500 миллион доллардан ортиғини хорижий инвестициялар ташкил этди, уларнинг 79 фоиздан кўпроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.
Эътиборга сазовор томони шуки, жами инвестицияларнинг қарийб 74 фоизи ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.
Шу борада фақат ўтган йилнинг ўзида умумий қиймати 1 миллиард 600 миллион доллардан ортиқ бўлган капитал қўйилмалар ўзлаштирилиб, 205 та йирик инвестиция объекти қуриб битказилди.
2012 йилда қурилиши ниҳоясига етказилган энг йирик объектлар ҳақида гапирганда, Навоий иссиқлик электр станциясида Япониянинг “Мицубиси” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 478 мегавольт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмасининг ишга туширилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига қўшимча равишда 2 миллиард 800 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, бу лойиҳа ҳисобидан шартли ёқилғи истеъмолини 1,8 марта камайтиришга, ҳар йили 400 миллион куб метр газни тежаш ёки 110 миллион доллардан ортиқ маблағни иқтисод қилишга эришамиз.
Автомобиль саноатида Германиянинг дунёга машҳур “МАН” компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида йилига 3 мингта юк автомобили ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги комплексни бунёд этишнинг иккинчи босқичи якунланди.
Ушбу корхонада жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган юқори технологик ишлаб чиқариш ташкил этилди. Айтиш керакки, катта ҳажмдаги юкларни ташийдиган энг замонавий автомобиллар ишлаб чиқарадиган мазкур корхона нафақат мамлакатимиз эҳтиёжини қоплайди, балки бу машиналарни экспорт қилишни ҳам таъминлайди.
Муборак газни қайта ишлаш заводида 258 минг тонна суюлтирилган газ ва 125 минг тонна конденсат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводнинг биринчи навбати фойдаланишга топширилди, “Шўртаннефтгаз” корхонасида эса пропан-бутан қоришмаси асосида 50 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган қурилма ўрнатилди.
Яна бир йирик лойиҳа – умумий қиймати 250 миллион доллардан ортиқ бўлган Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг иккинчи навбатини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Бу борадаги ишлар якунига етгач, корхонада йилига 600 минг тоннагача калийли ўғит ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади ва бу маҳсулотнинг 350 минг тоннадан кўпроғи экспорт қилинади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2012 йилда Сурғил кони базасида ҳатто дунё мезонлари бўйича ҳам ноёб бўлган, қиймати 25 миллиард доллардан зиёдни ташкил этадиган Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши бошланди. Мазкур объектнинг қурилиши 2016 йилда ниҳоясига етказилади ва бу корхона 4 миллиард 500 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 400 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқариш имконини беради.
Ушбу лойиҳа технологик жиҳатдан дунёдаги энг илғор лойиҳалардан бири бўлиб, энг юксак даражадаги газ-кимё технологияларини жорий этишни кўзда тутади. Бу, ўз навбатида,табиий газдан 97 фоизгача этан, пропан ва бошқа қимматбаҳо компонентларни ажратиб олишни таъминлайди.
Мазкур лойиҳада етакчи хорижий банклар консорциуми, давлат кафолатларини жалб этмаган ҳолда, лойиҳаларни молиялаштириш принциплари асосида иштирок этмоқда.
Дунёдаги йирик “Томсон Рейтер” бизнес-ахборот агентлигининг молия соҳасидаги жаҳонга машҳур “Прожект файненс интернешнл” журнали ушбу лойиҳанинг ноёблиги ва ишга новаторлик билан ёндашиш натижаси эканини қайд этиб, Устюрт газ-кимё комплекси қурилишини нефть-газкимё саноатидаги йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб тан олди. Бу, ҳеч шубҳасиз, барчамизга катта мамнуният бағишлайди.
2012 йилда Жанубий Африканинг “Сосол” компанияси ва Малайзиянинг “Петронас” корпорацияси билан ҳамкорликда қиймати 4 миллиард доллардан зиёдни ташкил этадиган, тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича катта истиқболга эга бўлган йирик лойиҳани амалга ошириш бошланди.
Ушбу лойиҳа асосида барпо этиладиган завод дунёдаги саноқли корхоналардан бири бўлиб, у синтетик суюқ ёқилғи – суюлтирилган газ, авиакеросин ва “премиум класс” тоифасидаги, яъни евро-4 стандартидан кам бўлмаган дизель ёқилғиси ишлаб чиқаради.
Шу ўринда автомобиль, темир йўл ва коммуникация соҳаларидаги қурилиш ишларига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Ўтган даврда қарийб 500 километрлик тўрт полосали замонавий автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди. Шундан 163 километри цемент-бетон ва 335 километри эса асфальт-бетон билан қопланган йўллардир.
Узунлиги 116 километр бўлган Гулистон-Оҳангарон автомобиль йўли, Қўқон шаҳрини айланиб ўтадиган автойўл фойдаланишга топширилди, Самарқандни Тошкент, Қарши ва Олот шаҳарлари билан боғлайдиган йўллар реконструкция қилинди.
Темир йўл транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш ишлари, темир йўл тармоқларини электрлаштириш лойиҳалари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу ишлар поездлардан фойдаланиш харажатларини 20 фоизга камайтириш, йўловчи ва юк ташиш тезлигини 1,3 баробар ошириш, 830 километрлик Тошкент-Термиз темир йўлини тўлиқ электрлаштириш имконини беради.
2012 йилда узунлиги 240 километр бўлган темир йўлни қайта тиклаш ишлари давом эттирилди. Узунлиги 70 километрдан ортиқ бўлган Даштобод-Жиззах темир йўл тармоғи бўйлаб юк ва йўловчи поездлар ҳаракати йўлга қўйилди.
Ўтган йили телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича ҳам катта ишлар бажарилди. Бу борада кўзда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида узунлиги 180 километрдан зиёд бўлган Бойсун-Денов, Ургут-Шаҳрисабз оптик толали алоқа линияси ишга туширилди.
Фарғона, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида телеузатиш мосламаларини ўрнатиш орқали босқичма-босқич рақамли телевидениега ўтиш амалга оширилди. Бу аҳолини мамлакатимиз бўйича рақамли телевидение билан қамраб олиш даражасини 42 фоизга етказиш имконини берди.
Янгитдан ташкил этилган “Навоий” ва “Ангрен” эркин индустриал-иқтисодий зоналари бугунги кунда мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини модернизация қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда алоҳида ўрин эгалламоқда.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилганидан буён бу ерда 12 та корхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2012 йилда улар томонидан қарийб 80 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Аккумулятор симлари, автомобиль газ баллонлари, мобиль ва стационар телефонлар, модемлар ва интернет учун қўшимча мосламалар ишлаб чиқариш бўйича корхоналар ташкил этиш каби юқори технологиялар асосидаги яна еттита лойиҳа амалга ошириш босқичида турибди.
Шу борада тўпланган тажрибани ва Тошкент вилоятидаги ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан фойдаланиш, Фарғона водийсидаги корхоналар билан барқарор иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишнинг келажакда муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, “Ангрен” махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Мазкур индустриал зонада фаолият кўрсатаётган корхоналарга, киритилган инвестициялар ҳажмига қараб, 3 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилди, уларнинг инфратузилма объектлари ва коммуникацияларга кафолатли равишда уланиши таъминланмоқда.
Ҳозирги кунда “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳудудида қиймати 186,0 миллион долларлик 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шулар қаторида зарурат ва эҳтиёж баланд бўлган турли тайёр маҳсулотларни ва бутловчи буюмларни ишлаб чиқариш, шунингдек, янги шакар заводини қуриш, тайёр чарм буюмлар ишлаб чиқарадиган комплексни барпо этиш алоҳида ўрин тутади.
Умумий қиймати 245 миллион долларлик яна 22 та рентабелли лойиҳани амалга ошириш масалалари кўриб чиқилмоқда ва бунинг учун зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Қўлга киритган тажрибамиз шуни тасдиқлаб бермоқдаки, мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида ҳам Навоий ва Ангрен каби махсус индустриал зоналарни, замонавий логистика тизимлари ва транспорт инфратузилмаларини яратиш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттириш мақсадларимизга жавоб беради.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Ўтган 2012 йилда мамлакатимиз аграр секторининг деярли барча тармоқларида улкан ютуқ ва натижалар қўлга киритилди.
Албатта, 2012 йилда ҳам, сўнгги йиллардаги каби, янги мавсумга тайёргарлик кўриш даврида ёғингарчилик кўп бўлгани, баҳорнинг кеч келгани ва намгарчиликнинг юқори бўлгани, ёз фаслида ҳаво ҳароратининг ҳаддан зиёд ошиб кетгани қишлоқ хўжалик ишларини амалга оширишда жиддий муаммо ва қийинчиликларни юзага келтирди.
Шунга қарамасдан, 2012 йилда Ўзбекистонда деярли барча қишлоқ хўжалик экинлари – ғалла, пахта, сабзавот, полиз экинлари ва узумдан юқори ҳосил олинди. Мамлакатимиз деҳқонлари мўл ҳосил етиштиришди – 3 миллион 460 минг тоннадан ортиқ пахта, 7 миллион 500 минг тонна ғалла, 2 миллион тоннадан зиёд картошка ва 9 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари йиғиб-териб олинди.
Буларнинг барчаси, авваламбор, деҳқонларимиз, фермер ва механизаторларимиз, қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг ўзини аямасдан қилган фидокорона меҳнати, бой тажрибаси ва ўз ишига бўлган садоқатининг амалий натижасидир. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бу ютуқлар барча ресурс ва имкониятларимизни тўла сафарбар эта олганимизнинг натижасидир.
Бугун мана шу юксак минбардан туриб, барча қишлоқ меҳнаткашларига уларнинг мардлиги ва матонати, мамлакатимизнинг тараққиёти ва равнақига қўшаётган улкан ҳиссаси учун ўзимнинг чуқур ҳурматим ва самимий миннатдорлигимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.
Мамлакатимизда, хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, қишлоқ хўжалигини иқтисодий ислоҳ этиш бўйича ўта муҳим чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани, қишлоқда бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий, ташкилий ҳамда молиявий шарт-шароитларни туғдириб бериш бундай юксак натижаларни қўлга киритишда ҳал қилувчи омил бўлмоқда, десам, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда фермер хўжалиги ҳақли равишда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг етакчи бўғинига, уни ташкил этишнинг асосий шаклига айланди. Ҳозирги вақтда фермерлик ҳаракати ўз таркибида 66 мингдан зиёд фермер хўжалигини бирлаштирмоқда. Мамлакатимиздаги жами ҳайдаладиган ерларнинг 85 фоиздан ортиғи, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми айнан фермерлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Кун сайин мустаҳкамланиб, ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фермерлик ҳаракати Ўзбекистонда ўзини тўла оқлади ва бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас, десам, ўйлайманки, барчамизнинг умумий фикримизни ифода этган бўламан.
Фермерларимизнинг онгу тафаккурида ўз ери ва ишлаб чиқараётган маҳсулотига нисбатан эгалик ҳиссиёти йилдан-йилга тобора мустаҳкамланиб, уларнинг ўз меҳнати натижасидан манфаатдорлиги ошиб бормоқда. Энг асосийси – одамларимизнинг онги ва дунёқараши тубдан ўзгармоқда, бебаҳо бойлигимиз бўлган ер ва сув ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш учун масъулият туйғуси кучаймоқда.
Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар фермер хўжаликлари ваколатларини сезиларли равишда кенгайтирди.
Шу билан бирга, тан олиш керакки, фермерлик ҳаракатининг Фермер хўжаликлари уюшмаси шаклидаги ташкилий тузилмаси қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, фермерлар олдида турган вазифаларни ҳал этиш жараёнларига кучли таъсир кўрсата олмади.
Фермерлик ўзининг тарихий илдизларига эга бўлган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида Фермер хўжаликлари уюшмаси Ўзбекистон Фермерлари кенгашига, вилоят ва туманларда эса фермерлар кенгашларига айлантирилди, энг муҳими, ушбу тузилмаларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари жиддий равишда кенгайтирилди.
Бугунги кунда фермер хўжаликларини ташкил этиш ва қайта ташкил этиш, уларга ер участкаларини узоқ муддатга ижарага бериш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан фермер хўжаликларини ривожлантириш ва уларнинг фаолият кўрсатишига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилиш билан боғлиқ деярли бирорта масала фермерлар кенгашларининг бевосита иштирокисиз ҳал этилиши мумкин эмас.
Мазкур кенгашларнинг асосий вазифаси давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимият органлари билан муносабатлар бўладими, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўладими, шунингдек, судларда ишларни кўриб чиқиш бўладими – ҳамма ерда фермерларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
Бир сўз билан айтганда, фермерлар кенгашлари фермерлик ҳаракатининг ўзаги, йўналтирувчи кучи бўлиши, уни қишлоқни ривожлантириш ва шу аснода қишлоқ аҳолиси фаровонлигини оширишда масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айлантириши лозим.
2012 йилда хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам юқори суръатлар билан ривожланди. Аҳолига кўрсатилган хизматлар ҳажми қарийб 15 фоизга ўсди, ушбу соҳанинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши эса бугунги кунда 52 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.
Бу жараёнда хизматларнинг юқори технологияларга асосланган ва бозор иқтисодиётига хос бўлган турлари жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Жумладан, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 24,5 фоизга, компьютер дастурлаш хизматлари 18 фоизга, технологик асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш 17 фоизга, молия-банк хизматлари 17,6 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда, айниқса, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида ҳали-бери фойдаланилмаётган катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини тан олишимиз ҳамда бунга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Ҳисобот йилида таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этиш масаласи доимий равишда эътиборимиз марказида бўлди.
Таълим-тарбия соҳасининг яхлит, узлуксиз тизимини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, жумладан, умумий ўрта таълимдан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълимгача бўлган барча босқичларда юксак билимли ва малакали касб тайёргарлигига эга бўлган авлодни тарбиялаш жараёнини такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилди.
Бу борада умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини, айниқса, қишлоқ жойларда, олис аҳоли пунктларида яшайдиган қизларни касб-ҳунар коллежларида ўқишга тўлиқ жалб этиш масаласини текшириш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Янги касб-ҳунар коллежлари ва уларнинг филиалларини қуриш ниҳоясига етказилди. 2012–2013 ўқув йилида мамлакатимизда 12 йиллик мажбурий таълимга ўтиш тўлиқ таъминланди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу коллежларнинг иш берувчи корхоналар билан кооперация алоқаларининг турли шаклларидан фойдаланиши, бу масалага туман ва шаҳар жамоатчилигини жалб этиш мазкур вазифани адо этишнинг энг муҳим, ҳал қилувчи йўналиши бўлди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида коллежларни тугатган 450 минг нафардан ортиқ битирувчи иш билан таъминланди, уларнинг 43 фоизи ўзлари ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган корхоналарга ишга жойлашди.
Мана шу имкониятдан фойдаланиб, ушбу юксак минбардан туриб, барча туман ва шаҳарлар, касб-ҳунар коллежлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига бугунги кунда мутлақ кўпчилик оилаларимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб бораётган ушбу масъулиятли ишга қўшган ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирмоқчиман.
Ўтган даврда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини малакали, педагогик ва амалий иш тажрибасига эга бўлган раҳбар ва ўқитувчи кадрлар билан янада мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилди. 2012 йилда 687 та касб-ҳунар коллежининг директори аттестациядан ўтказилди. Бунинг натижасида уларнинг 119 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг барча ўқув муассасалари танловлар орқали саралаб олинган раҳбар кадрлар билан тўлиқ таъминланди.
Етарли касбий кўникма ва малакага эга бўлмаган 2 минг 100 нафардан зиёд ишлаб чиқариш таълими устаси ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлган малакали кадрлар билан алмаштирилди. Барча раҳбар ва педагог кадрларнинг 21 минг 700 нафардан ортиғи ёки 18 фоизи ўтган йили махсус курсларда ўз малакасини оширди.
Ўтган йили мамлакатимизда юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш бўйича бир поғонали тизимни ислоҳ қилиш ҳамда жорий этиш ишлари ниҳоясига етказилди.
2013 йилнинг 1 январидан бошлаб биз учун янги бўлган олий ўқув юртидан кейинги таълим, докторлик илмий ишларини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, илмий даража ҳамда илмий унвонлар бериш тизими жорий этилмоқда.
Илмий кенгашлар асосан нафақат юқори малакали кадрлар тайёрлаш маскани, айни вақтда илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказга айланиши лозим бўлган етакчи олий ўқув юртлари қошида ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг ташкилий тузилиши ва унинг низоми тубдан қайта кўриб чиқилди.
2013 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимизда олий ўқув юртлари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилмоқда. Рейтинг тузиш вазифаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази зиммасига юкланади. Ушбу марказ рейтинг баҳоларини тузишнинг ҳозирча вақтинчалик тасдиқланган методикаси асосида Ҳукуматга мамлакатимизда олий таълимнинг қандай ривожланаётгани тўғрисида ҳар йили таҳлилий маълумотлар тақдим этади.
Олий ўқув юртлари фаолияти баҳоланадиган мезонларни шакллантиришда олий ўқув юртларидаги ўқитиш сифати ва илмий салоҳият даражаси индексига асосий эътибор қаратилади ва уларнинг ҳар бири натижасига кўра, 35 фоиздан энг юқори баллар қўйилади. Шунингдек, талаба ва битирувчиларнинг иш берувчилар ўртасида сўров ўтказиш натижасида аниқланадиган малака индексига алоҳида аҳамият берилади ва бу кўрсаткич 20 фоиз билан баҳоланади. Қолган 10 фоиз бошқа кўрсаткичлар бўйича берилади.
Рейтинг тизимини жорий этишнинг маъноси ва аҳамияти фақат ҳар бир олий ўқув юртининг мамлакатимиз олий ўқув юртлари орасида қандай ўринни эгаллаб тургани ҳақида холис маълумотга эга бўлишдан иборат эмас.
Энг асосийси, шу аснода олий ўқув юртлари ўртасида соғлом рақобат ва мусобақа муҳитини шакллантириш, шунингдек, ишимиздаги эътибордан четда қолиб келаётган жиҳатлар ва резервларни баҳолаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш даражаси ҳамда сифатини янада ошириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлади.
Таълим соҳасидаги ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, Франциядаги дунёнинг энг яхши бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган “Инссад” халқаро бизнес мактабининг 2012 йилги “Инновацияларнинг глобал индекси” маърузасида баён этилган маълумотларни келтириш ўринли, деб ўйлайман. Маъруза Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган.
Ушбу маърузада дунёнинг 141 мамлакатидаги инновацион ривожланиш комплекс тарзда таҳлил қилинган. Таҳлилнинг асосий таркибий қисмларидан бири инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўлиб, мазкур кўрсаткич бўйича бизнинг мамлакатимиз 35-ўринни эгаллаган. Таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича эса Ўзбекистон – шунга эътибор беринглар – дунёнинг 141 мамлакати орасида иккинчи ўринни банд этган.
Ўйлайманки, бу ўринда ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича ҳам 2012 йилда изчил ва аниқ мақсадга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун ўтган йили Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига айлантирилди.
Бу фақат ўтган йил давомида Жамғарма маблағлари ҳисобидан 154 та тиббиёт муассасасини қуриш ва реконструкция қилишга 255 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш, 7,5 минг ўринга мўлжалланган шифохоналарни ва бир сменада 11 минг кишини қабул қила оладиган амбулатория-поликлиника объектларини фойдаланишга топшириш имконини берди. Тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун Жамғарма томонидан 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида замонавий, юксак технологияларга асосланган тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган, юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларга жаҳон стандартлари даражасида диагноз қўйиш ва уларни даволаш имконини берадиган кардиожарроҳлик бўлимининг очилиши ўтган йили шу соҳада қилган энг муҳим ишларимиздан бири бўлди.
Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича ўзбек модели БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилди.
Юртимизда спортни, авваламбор, болалар спортини ривожлантиришга доимий равишда катта эътибор қаратаётганимиз ҳам, ҳеч шубҳасиз, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
2012 йилда 108 та болалар спорти объекти, жумладан, 16 та сузиш ҳавзаси, Навоий шаҳрида 10 минг ўринли янги стадион, Нукус шаҳрида теннис мактаби, мамлакатимиз ҳудудларида 12 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фойдаланишга топширилди.
Самарқанд шаҳрида эшкак эшиш каналини реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Айни пайтда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган қарийб 1 миллион 600 минг бола ёки юртимиздаги болаларнинг 35,6 фоизи турли спорт турлари билан мунтазам шуғулланмоқда.
Тошкент шаҳрида халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий “Бунёдкор” ва “Локомотив”, Бекобод шаҳрида “Металлург” футбол стадионлари бунёд этилди. Спорт кураши бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби ташкил қилинди.
Мамлакатимизда янги иш ўринларини яратиш, аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни ишга жойлаштириш муаммосига ғоят катта эътибор берилаётгани ҳақида бугун ортиқча гапиришга зарурат йўқ, деб ўйлайман.
2012 йилда мамлакатимизда комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳисобидан қарийб 1 миллионта янги иш ўрни ташкил этилди. Бу иш ўринларининг 62 фоизга яқини қишлоқ жойларда яратилди. Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 485 минг киши, касаначиликнинг барча шаклларини кенгайтириш ҳисобидан эса 218 минг киши иш билан таъминланди.
Ушбу кўрсаткичларни мамнуният билан қайд этар эканмиз, бу вазифа жорий ва келгуси йилларда ҳам ижтимоий-иқтисодий дастурларимизнинг марказида бўлиши лозимлигини барчамиз яхши англаймиз, албатта.
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
Ўзбекистонни 2013 йилда иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишларини белгилар эканмиз, биз, аввало, ўтган йилларда иқтисодиётимизда эришилган марралар, истиқболга мўлжалланган узоқ муддатли мақсадлар, шунингдек, жаҳон бозоридаги реал ва кутилаётган, прогноз қилинаётган ҳолатдан келиб чиқамиз.
Бугун шуни тан олиш керакки, ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамда унинг оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилган инқирозга қарши дастурлар ва кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, бу борадаги аҳвол, афсуски, яхшиланмаяпти, айрим кўрсаткичлар бўйича эса унинг ёмонлашиш тенденцияси кузатилмоқда.
Дунёнинг кўплаб етакчи мамлакатларида давлат қарзи ва миллий бюджетлар тақчиллиги муаммоси деярли ҳал этилмасдан қолмоқда, реал иқтисодиётда ишлаб чиқариш пасайиб бормоқда, жаҳон бозорида харид талабининг камайиши давом этмоқда, ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда, ижтимоий кескинлик кучаймоқда.
Кредит олувчиларнинг тўловга лаёқатсизлиги, ҳисоб-китоб қилишга қурби етмаётгани молия-банк тизимида жиддий муаммолар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Дунёнинг энг йирик давлатлари марказий банклари томонидан реал активлар билан деярли таъминланмаган пулларни чиқариш давом этаётгани, шунингдек, сунъий молиявий воситалар – деривативларнинг назоратсиз чиқарилаётгани кўплаб нуфузли халқаро таҳлил марказлари ва экспертларда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Молия ва банк бозорини ортиқча ликвидлик билан тўлдириш, бундай сиёсатни давом эттириш улкан спекулятив “кўпиклар” ҳосил бўлиши, захира валюталари ва миллий валюталарнинг қадрсизланиши, инфляция даражасининг ўсиш хавфини туғдирмоқда.
Тобора ўсиб бораётган бундай муаммолар бугунги кунда глобал инқироз келтириб чиқараётган чуқур жараёнларни фақат эски восита ва принципларни тузатиш билан ҳал этиб бўлмаслигидан дарак бермоқда ва авваламбор молия ва банк тизимининг янги тузилмасини, уни назорат қилиш ва тартибга солиш механизмларини кўп томонлама асосда ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Ана шундай мураккаб шароитда 2013 йил ва яқин келажакда ҳамон давом этаётган глобал инқирознинг барча хавф-хатар ва оқибатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига кўрсатадиган таъсирини ҳисобга олиш алоҳида принципиал аҳамият касб этади.
Бугунги вазият ўтган йиллар мобайнида инқирозга қарши курашиш борасида тўплаган тажрибамизга суяниб, мамлакатимизни ривожлантириш, ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича эришган суръатларни бой бермаслик учун мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этишни талаб қилмоқда.
Ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, 2013 йилда изчил юқори ўсиш суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётимиз рақобатдошлигини ошириш энг муҳим устувор йўналишимизга айланиши даркор.
Жорий йилда мамлакатимиз иқтисодиётини 8 фоизга, саноатни 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6 фоизга, асосий капиталга киритилган инвестциялар ҳажмини 11 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳасини қарийб 16 фоизга ошириш ва ялпи ички маҳсулотда унинг улуши 53 фоизгача ўсишини таъминлаш вазифаси қўйилмоқда.
Юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни таъминлайдиган кимё, нефть-газ ва нефть-кимё саноатини, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил, озиқ-овқат саноатининг юқори технологияларга асосланган тармоқларини ва бошқа соҳаларни юксак даражада ривожлантириш олдимизга қўйилган мақсадларга эришишнинг асосий манбаи бўлиши даркор.
Қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалланинг барқарор ҳажмини сақлаган ҳолда, картошкачилик, сабзавотчилик, узумчилик ва чорвачиликни жадал ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
2013 йилда мутаносиб ва барқарор давлат бюджетини шакллантириш мақсадида солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш ва унинг ошкоралигини таъминлаш бўйича тегишли тадбирлар кўзда тутилмоқда. Шуларнинг ҳисобидан солиқ юки даражасининг ошмаслиги таъминланиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан бу кўрсаткич 21,3 фоизни ташкил этади.
2013 йилда ҳам Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Унинг харажатлар қисмининг 60 фоиздан ортиғи ижтимоий эҳтиёжларни молиялаштиришга қаратилган.
Жорий йилда мутаносиб қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошириш давом эттирилади, инфляция кўрсаткичлари 7-9 фоизни ташкил қилади, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 12 фоиз даражасида сақланади.
Бу борада банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, Республика молия-банк тизимини янада ривожлантириш ва унинг барқарорлигини оширишнинг устувор йўналишлари бўйича қабул қилинган дастурда кўзда тутилган тадбирларни сўзсиз амалга ошириш, банк назоратини кучайтириш, банк активлари ва кредит портфелининг сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Банк тизими жами капиталини камида 20 фоизга кўпайтириш мўлжалланмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
2013 йил ва яқин келажакка мўлжалланган дастуримизни амалга оширишда иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилашни жадаллаштириш ва унинг кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш марказий ўрин тутиши даркор.
Бу борада 2013 йил учун ишлаб чиқилган ва 370 дан ортиқ стратегик муҳим лойиҳани амалга оширишни кўзда тутадиган Инвестиция дастури ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу мақсадлар учун ажратилаётган 13 миллиард долларнинг 75 фоизини ички манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган маблағлар, қолган қисмини жалб этиладиган хорижий инвестициялар ташкил этади.
Ишлаб чиқариш қурилиши учун мўлжалланаётган жами инвестицияларнинг қарийб тўртдан уч қисмини янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, реконструкция ва модернизация қилиш учун йўналтиришга тўғри келмоқда.
Инвестиция дастурини амалга оширишда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тобора муҳим ўрин тутмоқда. 2013 йилда фақат Жамғарма маблағлари ҳисобидан қиймати 780 миллион долларлик 34 тадан ортиқ муҳим лойиҳа, биринчи навбатда, хорижий шериклар билан ҳамкорликда барпо этилаётган объектларни молиялаштириш режалаштирилмоқда.
2013 йилда асосий мақсадимиз – қурилиши бошланган ва мамлакатимизнинг саноат ишлаб чиқариш таркибини тубдан ўзгартиришга хизмат қиладиган объектларни барпо этиш суръатларининг пасайишига йўл қўймаслик принципиал аҳамиятга эга. Жорий йилда 115 та муҳим объектни ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Ҳамкорларимиз билан келишилган янги объектлар қурилишини бошлашни тезлаштириш зарур. Шулар қаторида Қўнғирот сода заводининг иккинчи навбатини, “Резинотехника” очиқ акциядорлик жамияти негизида автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бир қанча қўшма корхоналарнинг қувватини ошириш лозим.
2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш кўламини янада кенгайтириш алоҳида ўрин тутиши зарур.
Шу борада барчамиз бир фикрни чуқур англаб олишимизни истардим. Қишлоқларда такомиллаштирилган замонавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш ва қишлоқ аҳоли пунктларини комплекс равишда ривожлантириш – бу, аввало, одамларимизнинг турмуш тарзи ва менталитетини тубдан ўзгартириш бўйича эзгу мақсадларни кўзлайдиган қишлоқ аҳолиси ҳаётини сифатли ташкил этиш ва яхшилашга доир узоқ муддатли давлат дастурининг асосий маъно-мазмунини ташкил этади.
Замонавий муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган янги ва кўркам уй-жой массивларини барпо этиш – мамлакатимиз қиёфасини ҳар томонлама обод қилишга қаратилган, истиқболга мўлжалланган муҳим вазифамиздир.
Ана шу истиқбол режаларидан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда қишлоқ жойларда якка тартибдаги янги уй-жойлар қуришни 8,5 мингтадан 10 мингтага етказиш кўзда тутилмоқда. 2013 йилда бу мақсадлар учун 1 триллион 400 миллиард сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 54 фоиз кўп маблағ йўналтириш мўлжалланган.
Бу борада шуни эътиборга олиш керакки, мазкур мақсадлар учун тузилаётган пудратчи қурилиш-монтаж ташкилотлари, барча ҳудудларда шакллантирилаётган уларнинг кучли моддий-ишлаб чиқариш базаси нафақат уй-жойлар, балки саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини қуришга ҳам жалб этилади.
2013 йил ва ундан кейинги йилларда дастурий вазифаларимизни амалга оширишда йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш устувор аҳамият касб этади.
Бугун мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, иқтисодиётимизнинг сифат жиҳатидан янги, замонавий таркибий тузилмасини шакллантириш, ҳудудларимизни комплекс ривожлантириш бўйича барча режаларимизнинг муваффақиятли амалга оширилиши инфратузилма тармоқларини юксак суръатлар билан ривожлантиришга узвий боғлиқ экани ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
Инфратузилмани ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларда яқин истиқболда янги энергетика қувватларини, электр энергиясини узатиш тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича 26 тадан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Булар, авваламбор, Таллимаржон иссиқлик электр станциясида умумий қуввати 900 мегавольт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини, Тошкент иссиқлик электр станциясида қуввати 370 мегавольтни ташкил этадиган буғ-газ қурилмасини, Ангрен иссиқлик электр станциясида қуввати 130-150 мегавольтдан иборат энергоблокни, Фарғона водийсида янги энергетика қувватларини барпо этиш, Сирдарё ва Янги Ангрен иссиқлик электр станцияларини бир-бири билан боғлайдиган юқори вольтли электр узатиш тармоғини қуриш, Устюрт газ-кимё мажмуасининг ташқи энергия таъминотини ташкил этиш каби муҳим стратегик лойиҳалардир.
Мазкур объектлар қурилишининг якунланиши ва ишга туширилиши мамлакатимиз бутун энергия тизимини, авваламбор, техник жиҳатдан тубдан қайта жиҳозлаш, ўз энергия ресурсларимиз ҳисобидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ишончли таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, мазкур тизим фаолияти самарадорлигини ошириш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш жараёнида сарф-харажатлар ва техник йўқотишларни сезиларли даражада қисқартириш, энергетика ресурслари таркибини оптималлаштиришга хизмат қилади.
“Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси буғ-газ электр станцияларини қуриш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, электр энергияси истеъмоли ҳисобини юритиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни транспортировка қилишда технологик йўқотишларни қисқартиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшимча чораларни кўриши даркор.
2013 йилда халқаро стандартларга жавоб берадиган 526 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, Қамчиқ довонида 71 километрлик автомобиль йўли участкасида реконструкция ишларини якунлаш, шунингдек, қатор кўприк ва йўлўтказгичларни барпо этиш режалаштирилмоқда.Ушбу мақсадлар учун 1 триллион 200 миллиард сўм, шу жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 870 миллиард сўмдан ортиқ ҳамда халқаро молия институтлари – Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Араб Мувофиқлаштириш гуруҳининг қарийб 120 миллион долларга тенг маблағларини йўналтириш кўзда тутилмоқда.
“Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси, Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда йўллар бўйида тегишли инфратузилмани ривожлантиришга доир белгиланган вазифаларни сўзсиз бажариш юзасидан амалий чоралар кўриши лозим.
Темир йўл коммуникациялари тизимини жадал ривожлантиришга, юк ташиш ҳажмининг асосий қисмини таъминлайдиган коммуникация тармоқлари билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ишончли тарзда боғлашга биз алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Жорий йилда бу борада 16 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Биринчи навбатда, 140 километрлик “Мароқанд – Қарши”, 325 километрлик “Қарши – Термиз” темир йўл участкаларини электрлаштиришни тугатиш, шунингдек, ҳаракатланадиган таркибни модернизация қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси ушбу лойиҳаларни амалга оширишнинг боришини яна бир бор танқидий баҳолаши ва тармоқ жадвалларига аниқликлар киритиб, уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаши лозим.
Ахборот-коммуникация ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги чора-тадбирлар ва лойиҳаларни жадал амалга ошириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Биз ўзимизга шуни аниқ тасаввур этишимиз керакки, иқтисодиётнинг барча соҳаларига, кундалик ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш бўйича туб ва ижобий маънодаги портлаш эффектини берадиган ўзгаришларни амалга оширмасдан туриб, истиқболдаги мақсадларимизга эришиш қийин бўлади. Биз қисқа вақт мобайнида нафақат ахборот хизматлари кўрсатишнинг кўплаб турлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этишимиз, балки ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида юксак даражага эришган илғор мамлакатлар сафига қўшилишимиз зарур.
Жорий йилнинг ўзида Жиззах, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида бешта рақамли телевизион узатгич ўрнатиш йўли билан рақамли телевидениени ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш ва мамлакатимиз аҳолисини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражасини 42 фоиздан 45 фоизга етказишни таъминлаш лозим.
Замонавий технологиялар асосида видеотелефонлар, интернет-телевидение, юқори тезликдаги интернет, HDTV каналларини намойиш қилиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш имконини берадиган 2 минг километр узунликдаги кенг полосали оптик толали алоқа тармоғи қурилишини якунига етказиш даркор.
Янги ташкил этилган Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, бу соҳада асосий мувофиқлаштирувчи орган сифатида, ўтган йилда қабул қилинган Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва янада ривожлантириш дастури бажарилишини қатъий назоратга олиши, унинг ижроси натижалари тўғрисида Ҳукуматга мунтазам равишда ахборот бериб бориши зарур.
Бу борада “Электрон ҳукумат” тизимини, шу жумладан, бошқарув жараёнлари, шунингдек, бизнес соҳасига ва фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқишни жадаллаштиришга, Ахборот тизимларининг идоралараро ва идоравий комплексларни интеграция қиладиган миллий тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ҳурматли юртдошлар!
Фаол инвестиция сиёсати мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг энг муҳим шарти ва манбаи бўлмоғи керак. Ўзбекистонда сўнгги беш йил мобайнида инвестицияларнинг йиллик ўсиш суръати 9 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда ва бу дунёдаги юқори, барқарор кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Жаҳон миқёсида глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганини инобатга оладиган бўлсак, бугунги мураккаб шароитда биз эришган бу натижанинг аҳамияти ва моҳияти янада яққол аён бўлади.
Кейинги 10 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 3,2 баробар ошган бўлса, шу даврда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 20 баробардан зиёд ўсгани эътиборга сазовордир.
Стратегик хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида мамлакатимизда инвесторларнинг ўзи учун ҳам, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун ҳам ноёб кафолатлар тизими яратилди.
Аввало, давлат томонидан хорижий инвесторларнинг барча ҳуқуқлари таъминланмоқда, уларнинг сармоялари, мамлакатимиз ҳудудида улар томонидан яратилган мулкнинг дахлсизлиги кафолатланмоқда, яратилаётган имтиёз ва преференцияларни кенгайтириш ва либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
“Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунга кўра, қонунчилик нормаларининг ўзгартирилиши инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштиришга олиб келган тақдирда чет эллик инвесторларга нисбатан ўн йил мобайнида инвестиция киритилган санада амал қилган қонунчилик қўлланади.
Яна бир қулайлик томони шундаки, давлат бошқарув органлари ёки давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқларини камситадиган норматив ҳужжатлар қабул қилинган, шунингдек, чет эллик инвесторларнинг хўжалик фаолиятига ғайриқонуний аралашишга йўл қўйилган тақдирда, буларнинг оқибатида етказилган зарар суд орқали мазкур органлар томонидан қопланади.
Мамлакатимизда чет эллик инвесторнинг Ўзбекистонда олган даромадларини қайтадан инвестиция сифатида киритиш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ – чет эллик инвесторнинг даромади, унинг хоҳишига кўра, ҳар қандай шаклда ишлатилиши мумкин.
Мазкур қонунга мувофиқ, юртимизда чет эл инвестициялари ва хорижий инвесторларнинг бошқа активлари халқаро ҳуқуқда қабул қилинган умумий ҳолатларни (масалан, табиий офатлар, фалокатлар ва бошқаларни) мустасно этганда, национализация қилинмаслигига яна бир бор эътибор қаратиш ўринлидир.
Ўзбекистонда 2012 йилда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилашга йўналтирилган бир қатор қўшимча муҳим қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқий нормалар қабул қилинди.
Биз мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун муҳим аҳамият касб этадиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўлида зарур бўлган барча ишлаб чиқариш инфратузилмаларини давлат маблағлари ҳисобидан таъминлаш принципини нафақат қабул қилдик, балки уни амалда жорий этмоқдамиз.
Биз қиймати 50 миллион доллардан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган аниқ лойиҳаларнинг ўз муддатида амалга оширилишини таъминлайдиган инфратузилмани лойиҳа ҳужжатлари асосида ўз вақтида қуриш мажбуриятини зиммамизга оламиз. Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа бунинг яққол далилидир. Бу ерда умумий қиймати 212 миллион долларни ташкил этадиган ташқи муҳандислик инфратузилмасини барпо этишни давлат ўз зиммасига олган. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида яратилган шароитлар ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.
Мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳити қулай инвестициявий жозибадорликнинг муҳим таркибий қисми ва омилидир.
Ўзбекистонда Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилган методологияга мос ва мамлакатимизда бизнесни юритиш билан боғлиқ барча жараёнларни янада либераллаштириш, соддалаштириш, арзонлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлашга йўналтирилган комплекс дастур қабул қилинди.
2012 йил давомида мазкур дастур доирасида олтита муҳим қонун, жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, солиқ ва статистик ҳисоботларни қисқартиришга қаратилган қонун ҳужжатлари ва норматив актлар мажмуаси қабул қилинди.
Рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил, лицензияланиши талаб этиладиган 15 та фаолият тури бекор қилинди, статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг шакллари ва даврийлиги бир ярим-икки баробар қисқартирилди. Давлат ва назорат қилувчи идораларнинг тадбиркорлик субъектлари билан электрон шаклдаги билвосита алоқаси босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш жараёни “бир дарча” тамойили асосида атиги икки кун ичида амалга оширилади ва бу энг яхши халқаро амалиёт талабларига тўла мосдир.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили жорий этилган бўлиб, бунда тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршилик ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин қилиниши белгилаб қўйилган.
Юртимизда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш борасидаги чора-тадбирлар ўзининг илк натижаларини кўрсатаётганини таъкидлаш жоиз. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2012 йилда Ўзбекистон бизнесни юритиш бўйича рейтингда 14 ўрин юқорига кўтарилди.
Айни пайтда мазкур йўналишда яна кўп ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаш керак. Мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити жаҳон тажрибасида қабул қилинган бизнесни юритиш мезонларига қай даражада мос келишини доимо кузатиб боришимиз ва тегишли қарорлар қабул қилишимиз зарур. Вазирлар Маҳкамаси бу ишга раҳбарлик қилиши, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бу масала билан тизимли асосда шуғулланиши мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва мамлакатимиз аҳолиси бандлигини таъминлаш 2013 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган мақсадли вазифаларни ҳал қилишнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолади.
Олий Мажлис томонидан маъқулланган дастурда 2013 йилда 970 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мазкур масалани ҳал этишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу соҳаларда қарийб 500 минг иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
Банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлашда касаначиликнинг турли шаклларини, биринчи навбатда, касаначилар ва корхоналар ўртасидаги кооперацияни меҳнат шартномалари асосида кенгайтириш, оилавий бизнесни ривожлантириш катта резерв ҳисобланади. Мазкур соҳалар ҳисобидан 280 мингдан ортиқ кишини ишга жалб қилиш кўзда тутилган.
Иш ўринларини ташкил қилишда, биринчи навбатда, тармоқ дастурларини амалга ошириш, корхоналарни модернизация қилиш ва технологик янгилаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш, транспорт ва коммуникация қурилишини, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини жадал ривожлантириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини кенгайтириш масалалари муҳим ўрин тутади ва бу соҳаларда 250 минг кишини иш билан таъминлаш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар, хўжалик юритувчи субъект ва ташкилотлар раҳбарларига мурожаат этиб, ушбу масалани ҳал қилиш юзасидан тегишли аниқ дастурларни ишлаб чиқиш ва уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш зарурлигига эътиборингизни қаратмоқчиман.
Барчамиз, авваламбор, катта-кичик раҳбарлар бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ҳар қайси оиладаги фаровонлик, юртдошларимизнинг ҳаётга бўлган муносабати, пировард натижада бутун жамиятимизнинг барқарорлиги, аввало, одамларимизнинг қандай иш билан таъминлангани, ўз меҳнатига яраша муносиб маош олишига боғлиқдир.
Ҳурматли дўстлар!
Юқорида баён қилинган фикрларни умумлаштириб, ўтган даврда амалга оширган кенг кўламли ишларимиз ҳам, жорий йилдаги ва ундан кейинги йиллардаги барча саъй-ҳаракатларимиз ҳам ягона эзгу мақсадга – халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилганини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Бу соҳада эришилган реал рақам ва кўрсаткичлар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг самарадорлигини яққол намоён этаётганини ҳар биримиз ўзимизга аниқ тасаввур қилишимиз лозим.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳаёт даражаси, биринчи навбатда, аҳолининг даромадлари миқдори билан белгиланади. Ўтган 2012 йилда бу кўрсаткич юртимизда 17,5 фоизга ўсди, энг кам иш ҳақи 26,5 фоизга ошди.
Умуман олганда, 2000 йил билан таққослаганда, реал даромад аҳоли жон бошига 8,6 баробар кўпайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача иш ҳақи истеъмол саватчаси баҳосидан 4 баробардан зиёд ошди.
2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендиялар миқдорини ўртача 23 фоиздан кам бўлмаган даражада ошириш, 2013 йилда ва кейинги икки йилда аҳоли реал даромадларини камида бир ярим баробар кўпайтириш вазифаси қўйилмоқда.
Мамлакатимизда аҳоли даромадларининг ошиб бориши билан унинг таркиби ўзгариб, тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромад барқарор ўсиб бораётгани алоҳида эътиборга моликдир.
Ўтган 2012 йилда ушбу кўрсаткич 51 фоизни ташкил қилди, бошқача айтганда, одамларимиз даромадининг ярмидан кўпи биринчи навбатда тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнес ҳисобидан шаклланмоқда.
Ана шу даврда аҳолининг банклардаги омонатлари ўсиши 34,6 фоизни ташкил қилди, сўнгги ўн йилда эса 40 баробардан зиёд ошди. 2012 йилда мамлакатимиздаги барча инвестицияларнинг 20 фоиздан ортиғини аҳоли инвестициялари ташкил этгани, айниқса, эътиборлидир.
Ўзбекистонда аҳолининг энг кўп таъминланган 10 фоизи ва энг кам таъминланган 10 фоиз қатлами даромадлари ўртасидаги тафовут 2012 йилда атиги 8,0 баробарни ташкил этганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу жаҳондаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, мамлакатимизда жамиятнинг кескин табақаланишига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган ижтимоий сиёсатимизнинг самараси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Одамларнинг ўзига ўзи баҳо бериши, ўзини аҳолининг муайян гуруҳига мансублигини англаши уларнинг турмуш даражаси ва сифатининг умумий ҳамда якуний индикатори ҳисобланади.
Бу борада, албатта, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад билан бир қаторда яшаш шароити ва стандартлари, аҳолининг обод ва замонавий уй-жойлар билан таъминлангани, одамлар истиқомат қиладиган муҳитни ривожлантириш ҳамда ободонлаштириш, зарур инфратузилманинг мавжудлиги ва унинг самараси, аҳолини сифатли истеъмол товарлари, шу жумладан, мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар билан таъминлаш, замонавий талаблар асосида таълим олиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидан баҳраманд бўлиш каби ҳаёт даражасини белгилайдиган муҳим кўрсаткичлар инобатга олинади.
Ўзбекистонда юқорида қайд этилган аксарият индекс ва кўрсаткичлар бўйича катта ўзгариш ва ютуқларга эришилди. Бу ҳақда сўз юритганда, шуни айтиш жоизки, айни пайтда оилаларнинг 97 фоизи ўз уйига эга, аҳолининг 90 фоизи узоқ муддат фойдаланиладиган барча асосий товарлар билан таъминланган, ҳар уч оиладан бири шахсий енгил автомобилга эга, аҳоли истеъмол маҳсулотлари билан етарли даражада таъминланмоқда.
Ўтказилган сўровларга кўра, айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоизга яқини ўзини ўрта тоифага мансуб деб билади. Ҳолбуки, 2000 йилда атиги 24 фоиз аҳоли ўзини шу тоифага мансуб деб билар эди.
Шуни унутмаслик керакки, ўрта синф улушининг юқорилиги фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг замини ва асоси, давлатнинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигининг, одамларнинг ўз келажагига бўлган ишончининг муҳим омили сифатида қабул қилинади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти, аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш бўйича эришилган ютуқлар етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилиб, холисона баҳоланмоқда.
2012 йилда Буюк Британиянинг халқаро миқёсда тан олинган Легатум институти ўзининг Фаровонлик ва ривожланиш индексида Ўзбекистонни дунё мамлакатлари орасида ҳақли равишда 64-ўринга киритгани эътиборга лойиқдир.
Ижтимоий фаровонлик, жумладан, умр кўриш давомийлиги, оилаларнинг тинчлиги ва осойишталиги, ишсизлик даражасининг пастлиги, ижтимоий инфратузилмадан фойдаланиш даражаси бўйича ҳам Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзгалар ҳавас қиладиган ўринни мустаҳкам эгаллаб турибди.
Ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тинимсиз меҳнати, мардлиги ва матонати эвазига қўлга киритган бундай ютуқлардан ва марралардан ҳар қайсимиз ғурурланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз.
Қадрли дўстлар!
Биз 2013 йилни юртимизда “Обод турмуш йили” деб эълон қилдик.
Аҳолимизнинг тинч-омон ҳаётини таъминлаш, унинг фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимизни изчил ривожлантириш, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва позициясини юксалтириш, минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз олдимизга қўяётган мақсадлар, миқёси ва кўламига кўра, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари билан ҳамоҳангдир.
Шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман, 2013 йилда ва ундан кейинги йилларда дастурий мақсадларимизни амалга ошириш учун ўз салоҳиятимиз, барча имконият ва куч-ғайратимизни сафарбар этиш бугунги кундаги энг катта ва масъулиятли вазифамиздир.
Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, омад ва янги-янги ютуқлар тилайман.
Манба: uza.uz