Cоғлом авлод-соғлом келажак гаровидир
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлод туғилиши ва вояга етишига кўмаклашиш, инчунун, тиббий хизмат сифатини такомиллаштириб, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Нукус шаҳридаги Она ва бола скрининг маркази томонидан туғма ногиронликни эрта аниқлаш ва даволаш, бундай нохуш ҳолларнинг олдини олиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган марказда “Дельфия” ташхис лабораторияси, “Мультискан”, “Апогея-3500” сингари аппаратлар скрининг текширувларини юқори сифатда ўтказиш имконини бермоқда. 2012 йилда бу ерда 16 мингдан ортиқ ҳомиладор аёл ультратовуш текширувидан, 2 минг 400 нафардан зиёди биокимёвий текширувдан ўтди.
32 ярим мингдан ошиқ чақалоқ неонатал скрининг текширувидан ўтказилди.Скрининг маркази раҳбари Амина Қаландарованинг айтишича, бу ерда меҳнат қилаётган ўттиз беш нафар тиббий ходимнинг барчаси малакали мутахассис. Улар аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш мақсадида тушунтириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратаётир. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Скрининг текширувини биласизми?”, “Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нима учун хавфли?”, “Бўлажак ота-оналарга тиббий маслаҳат” каби мавзуларда доимий давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Манба: uza.uz