Соғлом ёшлар – мамлакат таянчи
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Соғлом она – соғлом бола” мақсадли дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг шакллантирилгани миллий армиямиз сафларини ҳар жиҳатдан соғлом ёшлар билан тўлдириб боришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тиббий муассаса – Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансери 1996 йилда ташкил этилган. Ўтган вақт мобайнида мазкур шифо масканида ўсмирлар хасталикларини барвақт аниқлаш ва даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Ушбу йўналишдаги ютуқ ва натижалар асосида барча вилоятда ана шундай масканлар фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу диспансерлар мамлакатимиздаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида ва жойлардаги тиббий чақирув комиссияларида ўсмирларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, аниқланган касалликларни даволаш, ёшларни ҳарбий хизматга ва оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида изчил иш олиб бормоқда.
– Бирламчи тиббий кўрикда ошқозонимда хасталик аниқланган эди, – дейди Миробод туманида яшовчи Сардорбек Мелиев. – Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансерида даволандим. Такрорий текширувда соғлиғим тиклангани аниқланди. Яқин кунларда бошланадиган саралаш жараёнидан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий хизматга бориш кўплаб тенгдошларим каби менинг ҳам асосий мақсадимдир.
Шу кунларда Сардорбек сингари минглаб ёшлар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бошланган навбатдаги чақирув жараёнига қизғин тайёрланмоқда.
Жойлардаги тиббий чақирув комиссиялари ҳам ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш, армиямиз сафларига энг муносиб, соғлом, баркамол ёшларни танлаб олишга ҳозирлик кўрди.
– Ёшларни ҳарбий хизматга саралаш жараёни ниҳоятда масъулиятли вазифа, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш маркази директори Иброҳим Ўринбоев. – Зеро, тиббий кўрикка келаётган ҳар бир йигит саралашдан муваффақиятли ўтиб, Ватан хизматига камарбаста бўлишга ошиқади. Шу боис бу жараёнда белгиланган тамойилларга қатъий риоя этиш, тиббий кўрикни бехато ва ҳаққоний ўтказиш ғоят муҳимдир.
Ҳозирги кунда юртимизда фаолият юритаётган тиббий чақирув комиссияларининг барчаси замон талабларига мос тиббий воситалар, ташхис аппаратлари ва компьютерлар билан таъминланган. Бу соҳада саккиз мутахассислик бўйича 1700 нафарга яқин малакали шифокор фаолият юритмоқда.
Айни пайтда жойлардаги тиббий комиссияларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, санитария-гигиена шароитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Чақирув комиссиялари бинолари замон талаблари асосида таъмирланмоқда. 2012 йилда Тошкент шаҳар чақирув комиссиясининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– Ёшларимизнинг жисмоний кўрсаткичлари жуда юқори, – дейди Тошкент шаҳар доимий тиббий комиссияси катта шифокори Мавжуда Абдуллаева. – Уларнинг бўйи ва вазни белгиланган тамойилларга тўла жавоб беради. Фарзандларимизнинг иродаси бақувват, тафаккури теран, фикрлаш доираси кенг.
Ушбу комиссияда бир кунда юз нафар чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказиш имконияти бор. Кўз, ошқозон-ичак, юрак ва бошқа аъзолардаги барча ўзгаришларни мукаммал текшириш мақсадида шу ернинг ўзида диагностика хоналари очилди ва замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланди. Бу имконият хасталикларни барвақт аниқлаб, ўз вақтида даволаш имконини бераётир.
Кўрилаётган бундай изчил чора-тадбирлар миллий армиямиз сафларини соғлом, бақувват, мустаҳкам иродали ва юксак маънавиятли ёшлар билан тўлдириш, Ватанимизнинг мудофаа қобилиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Манба: uza.uz