“2012 йил Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган ишлар, жойларда бунёд этилган замонавий даволаш муассасалари ва уларни замонавий тиббий асбоб ускуналар билан жиҳозланиши ва 2013 йилги устувор вазифалар”
ПРЕСС-РЕЛИЗ
Шу йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “2012 йил Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган ишлар, жойларда бунёд этилган замонавий даволаш муассасалари ва уларни замонавий тиббий асбоб ускуналар билан жиҳозланиши ва 2013 йилги устувор вазифалар” мавзуидаги матбуот анжумани ўтказилди.
Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган улкан ютуқ ва марралар ҳақида сўз юритилганда, бошқа муҳим соҳалар қатори соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган умуммиллий дастурларимиз, даволаш муассасаларининг замонавий кўриниш олиб, моддий техника базаси мустаҳкамланаётганлиги, уларни улкан амалий натижалари биринчи навбатда тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт даражаси, авваламбор, унинг фуқароларининг манфаати, соғлиғи ва фаровонлиги қай даражада таъминланганлиги билан ўлчанади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилди. Табиийки, бунда давлатимиз раҳбарининг 1998 йил ноябрь ойидаги Фармони асосида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш орқали соғлиқни сақлаш соҳасида илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда беш поғонадан иборат самарасиз, кўп харажат талаб қиладиган эски тизим ўрнига бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари вужудга келди. Вилоят марказларида эса катталар ва болаларга ихтисослашган тиббиёт муассасалари бунёд этилди.
Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимиз миллий тиббиётида янги тизимга асос солинди. Бу шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлиб, эндиликда Ўзбекистон тиббиётининг ажралмас қисми ва мукаммал тармоғига айланди. Хозирда ушбу тизим бутун мамлакатимиз бўйлаб, фуқароларимизга кафолатланган, сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги муваффақиятлардан яна бири бу ихтисосослашган тиббиётдир. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида тизимда хирургия, урология, кўз микрохирургияси, кардиология каби йўналишларда 10 та республика ихтисослашган маркази ташкил этилиб, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Шуни ҳам айтиш керакки, мустақиллик йилларида скрининг ва перинатал марказларининг кенг тизими жорий этилди. Айни пайтда мамлакатимизнинг барча вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида ҳар икки тизим марказлари самарали фаолият юритмоқда.
Шуни алохида таъкидлаш жоизки, дунёда иқтисодий инқироз ҳали-хануз давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий техника базасини ривожлантириш,хусусан замонавий, жаҳон стандартлари даражасидаги тиббиёт масканлари барпо этиш ва жиҳозлаш учун давлатимиз томонидан ажратилаётган маблағлар миқдорининг йилдан-йилга ортиб бораётганлиги тарийхий аҳамиятга эга. Масалан, 2009 йил Инвестиция дастури доирасида 9,3 млрд.сўм, 2010 йил – 79,1 млрд.сўм ажратилган бўлса, 2011 йилда 136,0 млрд.сўмни, 2012 йилда эса ушбу кўрсатгич 256,0 млрд.сўмни ташкил қилганлиги фикримиз далилидир.
2012 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, 241,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиб, республика ва худудлар миқёсидаги 110 та даволаш муассасаларида қурилиш ва реконструкция ишлари якунланди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг Кардиохирургия мажмуаси, Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Самарқанд вилоят Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва туғруқ бўлими, Сирдарё вилоят Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси, Андижон вилоят Олтинкўл туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси каби қатор шифо масканлари фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, 2012 йил Инвестиция дастури доирасида Тошкент тиббиёт академиясининг “Медик” спорт комплекси ва академиянинг бош ўқув биноси объектларида ҳам қурилиш ишлари тармоқ жадваллари асосида олиб борилмоқда. 1 декабрь ҳолатига кўра, 2,6 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, “Медик” спорт комплекси фойдаланишга топширилди. Тошкент тиббиёт академияси бош ўқув биноси қуриш ва реконструкцияси учун жорий йилда ажратилган маблағ эса тўлиқ ўзлаштирилди.
2013 йилда мўлжалланган ишлар янада улкан. Обод турмуш йилида соғлиқни сақлаш тизими бўйича жами 143 та объектда қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 42 тасида янги қурилиш ва 101 тасида реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ушбу мақсадларга жами 300,3 млрд. сўм, шундан, янги қурилиш учун 43,9 млрд. сўм, реконструкция қилинадиган объектларга эса 256,4 млрд. сўм йўналтирилиши мўлжалланган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами йилдан йилга кенгайиб бораверади. Зотан, бу инсонларга ғамҳўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш мамлакатимизда доимий эътибор марказидаги масала бўлиб қолади, деганидир. Бу эзгу мақсадларни мамлакатимиз Президенти томонидан эълон қилинган Обод турмуш йилида рўёбга чиқиши эса янада аҳамиятлидир.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.