Аёллар саломатлиги – доимий эътиборда
Қарши шаҳрида "Ҳаёт учун!" кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, "Аёллар кенгаши" республика жамоат бирлашмаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида кўкрак бези саратонини профилактика қилиш, аниқлаш ва даволаш масалаларига бағишланган ижтимоий акция ўтказилди.
Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
– Бепул тиббий текширув лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад аёлларда учрайдиган кўкрак бези саратони хасталигини ўз вақтида аниқлаб, зарур даволаш чораларини кўриш, – дейди "Ҳаёт учун!" кўкрак бези саратони миллий уюшмаси директори Шаҳноза Умарова. – Чунки онкологик хасталикларни даволашдаги энг катта муаммолардан бири касалликнинг кеч аниқланишидир. Шу боис шифокорлар гуруҳлари жойларга ташриф буюриб, тиббий текширувлар ўтказиши хасталикни бошланғич даврида аниқлаш ва даволашда ижобий натижаларни бермоқда.
Тадбир давомида аёллар малакали мутахассислар кўригидан ўтказилди. Хотин-қизларга касаллик ва унинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида тушунчалар берилди, шунингдек, мазкур хасталикка оид маълумотлар жамланган буклетлар тарқатилди.
Манба: uza.uz