Ботулизмга чалинмасликнинг йўли – озодалик
Куз-қиш мавсумида аҳоли орасида ботулизм – овқатдан заҳарланиш касаллиги учраб туради. Бунга асосан уй бекаларининг хонадон шароитида тайёрлаган, сифати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган тузлама-ю мурабболари сабаб бўлади. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак?
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи Саидмурод Сайдалиев бу хусусда қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Қиш ва эрта баҳор фаслларида аҳоли ўртасида уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланиш – ботулизм касаллиги учраб туради, – дейди С.Сайдалиев. – Декабрь ойининг биринчи ҳафтасида турли вилоятларда ўттиздан зиёд ана шундай ҳолат қайд этилди.
Бунинг сабаби оддий – уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда ҳамма ҳам зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя қилмайди. Шунингдек, уларни белгиланган ҳароратда сақлашга ҳам кўпинча эътибор берилмайди. Натижада консервадаги ботулизм споралари тез ривожланади ва заҳарли токсинлар чиқаради.
Ботулизм споралари билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши, ҳиди ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Фақат шиша идишнинг тунука қопқоғи “шишади”. Бундай маҳсулотни истеъмол қилиб заҳарланган одамда унинг белгилари пайдо бўлиш жараёни икки соатдан саккиз-ўн кунгача чўзилади. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қоринда оғриқ пайдо бўлиши касалликнинг клиник белгиларидир. Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва ўпка хасталиги юзага келиши, беморнинг ҳаёти бутунлай хавф остида қолиши мумкин.
Ҳар қандай касаллик каби ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Бунинг учун уй шароитида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилмай тайёрланган консерваларни, бозорларда, кўча-кўйда ноқонуний савдо билан шуғулланаётган шахслар томонидан сотилаётган, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозим.
Мамлакатимиз санитария-эпидемиология соҳаси мутахассислари тегишли давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорларда, савдо мажмуаларида, белгиланмаган жойларда бундай маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам рейдлар ўтказмоқда. Таълим муассасаларида ва жамоат жойларида фаолият юритаётган кафелар, овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена шароитига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш – доимий эътиборда.
Айни кунларда халқимиз Янги йил байрамини нишонлашга қизғин тараддуд кўрмоқда. Ана шундай байрам ва шодиёналарни оила даврасида тўкин дастурхон атрофида нишонлаш гўзал анъаналаримиздан ҳисобланади.
Ўз навбатида ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам халқимизнинг байрам дастурхонига хилма-хил маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Бугун юртимиздаги қайси бир савдо мажмуаси ва бозорга кирсангиз, улардаги маҳсулотларнинг хилма-хиллигини кўриб кўзингиз яшнайди. Хусусан, гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар, бозорларда саноат усулида, белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилган консерва маҳсулотларининг барча турлари мавжуд. Уларни сақлаш шароитига ҳам тўла риоя этилади. Ушбу маҳсулотларнинг деярли барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва сифати мувофиқлик сертификати билан кафолатланган.
Байрам дастурхонини безаш учун ана шундай замонавий савдо масканларимизга ташриф буюриш мақсадга мувофиқдир. Сотиб олинган ҳар бир озиқ-овқатнинг сақланиш шароитига ва муддатига ҳам қатъий риоя этиш зарур. Муддати ўтиб кетган торт, пишириқлар, ширинликлар, салатларни истеъмол қилиш соғлиққа зарар етказади.
Қисқа қилиб айтганда, ҳар ким ўзи ва оиласининг соғлиғи учун аввало ўзи масъул эканини унутмаслиги лозим.
Манба uza.uz