UZ RU
10.11.2012

Аҳоли саломатлиги йўлида

Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 40-модда.)

Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилаётир.

Тегишли қонун ва қарорлар, давлат дастурлари асосида соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали кадрлар билан таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Қарорда юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш бўйича 2012-2015 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлар белгилаб берилган. Айни вақтда жойларда тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга кўра, Самарқанд вилоятидаги 14 туман тиббиёт бирлашмасини модернизация қилиш ва “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий лаборатория, ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларида қайд этилишича, жорий йилда 8 тиббиёт бирлашмасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилган. Аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан муҳофаза қилишнинг профилактик тадбирларини кучайтириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор тиббий муассасаларнинг юқумли касалликлар бўлимлари учун янги бинолар қурилди. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматини замонавий технологик асбоб-ускуналар билан таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш юзасидан Каттақўрғон туманидаги Бўстон, Ургут туманидаги Ибн Сино, Пайариқ туманидаги Челак, Қўшработ туманидаги Урганжи тез тиббий ёрдам шохобчалари жорий ва мукаммал таъмирланди.

Жомбой туман тиббиёт бирлашмасида олиб борилган қурилиш-реконструкция ишлари давомида болалар ва юқумли касалликлар бўлими фойдаланишга топширилди.

– Марказий шифохонамизнинг болалар бўлими шу пайтгача мослаштирилган эски бинода жойлашган эди, – дейди мазкур бўлим бошлиғи Нуриддин Хўжаев. – Бундай шароитда беморларга бугунги кун талаблари даражасида замонавий тиббий хизмат кўрсатиш қийин эди. Шунингдек, бемор болалар ва уларнинг оналари учун ҳам етарли шарт-шароит йўқ эди. Бу йил бўлим учун замонавий бино қурилиб, “Саломатлик-3” лойиҳаси бўйича сўнгги русумдаги ташхис ва даволаш ускуналари, мебель жиҳозлари билан таъминланди. Илгари битта хонада тўрт-беш нафар бемор даволанган бўлса, янги бинодаги барча хона бир, икки ва уч беморга мўлжалланган. Ёш болали оналар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, интенсив даволаш хоналари, болалар учун махсус ўйинчоқлар билан жиҳозланган иккита зал мавжуд. Бундай имкониятлар беморларга тўғри ва аниқ ташхис қўйиш, уларнинг саломатлигини тиклаш, даволаниш муддатини бирмунча қисқартириш имконини бермоқда.

– Ички аъзоларидаги шамоллаш туфайли уч ёшли қизимизни даволатяпмиз – дейди тумандаги “Шодлик” маҳалласида яшовчи Инобат Бозорова. – Шифохонага келганимизга уч кун бўлди. Шифокорлар, қизингизнинг саломатлиги бир ҳафтада тикланади, дейишмоқда. Бизга бўлимнинг янги биноси ғоят маъқул бўлди. Бу ерда болалар учун ҳам, биз, ота-оналар учун ҳам барча шароит яратилган. Бундай ғамхўрликдан бениҳоя миннатдормиз.

– Жорий йилда амалга оширилган қурилиш ишлари туман тиббиёт бирлашмасини модернизация қилиш лойиҳасининг дастлабки босқичидир, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Сайфиддин Мўминов. – Ушбу йўналишдаги вазифалар келгуси йилда ҳам давом эттирилиб, барча бўлим ҳамда ёрдамчи биноларда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади.

Вилоятдаги бошқа тиббиёт бирлашмалари ва тиббий марказларда ҳам ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Манба: uza.uz