UZ RU
03.11.2012

Ўзбекистон Республикасини 2012 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

Таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш жараёнини давом эттириш, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2012 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим устувор йўналишларининг амалга оширилиши жорий йилнинг тўққиз ойида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг барқарор суръатини ва иқтисодий ўсишнинг асосий кўрсаткичлари мувозанатини таъминлади.

I. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар

2012 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот ўсиши 8,2 фоизни ташкил қилди. Иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларининг сақланиши мамлакатимиз макроиқтисодий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш имконини берди. Бу инфляция даражасининг пастлиги, давлат бюджети профицити ва мамлакат ташқи савдо балансининг ижобий сальдосида ўз ифодасини топмоқда.

Саноатни янада ривожлантириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга оид дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 7,2 фоизга, жумладан, истеъмол товарлари ҳажмини 7,5 фоизга ошириш имконини берди. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида самарадорликни ошириш ва фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари қишлоқ хўжалик ялпи маҳсулотининг 7,1 фоизга ўсишини таъминлади.

Фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнини жадаллаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, инфратузилма объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши капитал қўйилмалар ва қурилиш ишлари ҳажмини 9,8 фоизга ошириш имконини берди.

Аҳоли жами даромадининг 24,6 фоизга ошишини таъминлаган ва ички талабни рағбатлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар чакана савдо ҳажмини 12,6 фоиз ва хизмат кўрсатиш ҳажмини 13,8 фоиз кўпайтиришга ижобий таъсир кўрсатди.

2012 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари

(2011 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар Ўсиш суръатлари

Ялпи ички маҳсулот 108,2
Саноат маҳсулотлари 107,2
Истеъмол товарлари 107,5
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 107,1
Асосий капиталга киритилган инвестициялар 109,8
Қурилиш ишлари ҳажми 109,8
Чакана савдо айланмаси 112,6
Хизматлар 113,8

II. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, таркибий туб ўзгартиришларни амалга ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш

2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар саноатда таркибий туб ўзгартиришлар жараёнини чуқурлаштириш имконини берди. Ҳисобот даврида енгил саноат (ўсиш суръатлари 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 113,2 фоиз), машинасозлик ва металлни қайта ишлаш (110,6 фоиз), ёғочни қайта ишлаш ва целлюлоза-қоғоз (108,5 фоиз), қурилиш материаллари (107,5 фоиз), озиқ-овқат (107,2 фоиз) саноати соҳалари жадал ривожланди.

Енгил ва юк автомобиллари, трактор плуглари ва сеялкалари, совутгич ва музлатгичлар, лифтлар, шифер, қуруқ қурилиш аралашмалари, тош гипс, асбест-цементли қувурлар ва муфталар, пўлат қувурлар, минерал ўғитлар, қандолатчилик, маргарин маҳсулотлари, тоза қоғоз товарлар ҳамда бошқа юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли равишда кўпайтирилди.

Саноат тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар доирасида 2012 йилнинг тўққиз ойида йирик корхоналарда маънавий ва жисмоний эскирган 2 мингдан ортиқ ускуналар алмаштирилди. Энергия ресурсларини тежаш, технологик жараёнларни оқилона ташкил этиш, хомашё ва материалларни сарфлаш нормаларини белгилаш ҳамда бошқа харажатларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар йирик саноат корхоналарида маҳсулот таннархини 10,7 фоиз камайтириш имконини берди. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида тузилган шартномаларни бажариш доирасида, жорий йил бошидан буён инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда, қиймати 228,8 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида 1074 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича қиймати 6,2 триллион сўмлик ёки 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 25,2 фоиз кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди. 957 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Натижада, импорт ўрнини босиш бўйича ҳисоблаб чиқилган самара 3,3 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди, маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш умумий ҳажмида экспорт улуши 2011 йилнинг шу давридаги 23,9 фоиздан 25,3 фоизга кўпайди.

Ҳудудлар саноат салоҳиятини ошириш дастурининг рўёбга чиқарилиши натижасида шу йилнинг тўққиз ойида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш бўйича 253 лойиҳа амалга оширилди, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,5 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 7 фоиз ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 7,9 фоизга ошди.

Ип ва газлама, трикотаж полотно, пайпоқлар, чарм товарлар, чой, спиртсиз ичимликлар, сариёғ, мева-сабзавот ва балиқ консервалари, кондиционерлар, электр дазмоллар, энергия тежовчи лампалар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кўпайди. Бундан ташқари, ҳисобот даврида янги турдаги кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, газ плиталари ва чангютгичлар, 40 номдаги янги дори воситаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудлар экспорт салоҳиятини кенгайтиришни қўшимча рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар экспорт ҳажмини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,4 фоизга ошириш имконини берди. Бунда сульфат аммоний, хлорли калий, печь ёқилғиси, электр энергияси, мис ва ундан тайёрланган буюмлар, вольфрам, енгил ва юк автомобиллари, ип ҳамда бошқа маҳсулотларни экспортга етказиб бериш ҳажмлари сезиларли даражада кўпайди. Бундан ташқари, турли русумдаги юк автомобиллари, автомобиль ташиш, канал қазиш техникалари, автомобиллар учун ўриндиқ ва бошқа жиҳозлар, маиший газ ва электр печлар, духовкалар, санитария-гигиена буюмлари, ошхона учун ҳаво тортгичлар, сирланган сим, металл тўр, турли кимёвий буюмлар ва ўғитлар, 15 турдан ортиқ янги трикотаж буюмлар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилина бошлади.

2012 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржасининг биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларидаги умумий айланма ҳажми 4,1 триллион сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,1 фоиз ўсди. Биржа савдоларида ёнишдан ҳосил бўлган мазут, техник олтингугурт, қора металлар прокати, металл рух, рангли металл парчалари, минерал ўғитлар, полиэтилен сотиш ҳажми сезиларли равишда кўпайди. Биржа савдоларида сотилган маҳсулотлар, хомашё ва материаллар умумий ҳажмининг 86,4 фоизини йирик корхоналарнинг юқори ликвидли маҳсулотлари ташкил қилди. Биржа савдоларида кичик бизнес субъектлари томонидан тузилган битимлар ҳажми 4,1 фоизга ўсди ва умумий биржа айланмаси ҳажмининг 53 фоизини ташкил этди.

2012 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, банк тизими ресурс базасини кенгайтириш ва банкларнинг инвестицион фаоллигини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида банк тизимининг жами капитали 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 24,1 фоиз, уларнинг жами активлари 1,3 баробар, мижозларнинг банклардаги жалб этилган депозитлари 30,9 фоиз, аҳолининг кредит ташкилотларидаги маблағлари 30,8 фоиз ошди. Банклар ресурс базасининг кўпайиши эса иқтисодиёт реал сектори корхоналарини, жумладан, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш учун кредит билан таъминлаш ҳажмини 30,6 фоизга ошириш имконини берди.

Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига кредит ажратиш ҳажмини кўпайтириш, якка тартибдаги тадбиркорларга қўшимча имтиёз ва рағбатларни тақдим этиш эвазига ушбу соҳани ривожлантиришни рағбатлантиришга оид кўрилган чора-тадбирлар хизматлар кўрсатиш ҳажмини 13,8 фоизга, жумладан, пуллик хизматлар кўрсатишни 14,9 фоизга ошириш имконини берди. Натижада, ялпи ички маҳсулотда хизматлар улуши 2011 йилнинг шу давридаги 48,8 фоиз ўрнига 49,6 фоизгача ўсди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республикамизда 18,4 мингта янги кичик бизнес субъектлари (фермер хўжаликларини ҳисобга олмаганда) ташкил этилди. Энг кўп кичик бизнес субъектлари савдо ва умумий овқатланиш (жами ташкил этилганларнинг 27,8 фоизи) ҳамда саноат тармоқларида (23,6 фоиз) ташкил қилинди.

Кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига умумий қиймати 19,4 миллиард сўмлик 55 давлат активлари сотилди, қарийб 17,6 мингта фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ижарага берилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан қиймати 4,2 триллион сўмлик (ўсиш 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар) кредитлар, жумладан, 857,2 миллиард сўмлик микрокредитлар (ўсиш 1,4 баробар) ажратилди.

Кичик бизнес субъектларидан қилинадиган давлат харидлари ҳажми 229,1 миллиард сўмни ташкил қилди (электрон савдолар орқали амалга ошириладиган давлат харидлари умумий ҳажмининг 92,9 фоизи). 7 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари ўз товар ва хизматлари билан давлат харидлари тизимида иштирок этди. Жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан қиймати 1,7 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Натижада, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 51 фоиз (2011 йилнинг 9 ойида 50,5 фоиз), саноатда 21,4 фоиз (20,7 фоиз), инвестицияларда 35,2 фоиз (30,2 фоиз), қурилишда 71,8 фоиз (70,4 фоиз), экспортда 15,5 фоиз (15,3 фоиз), бандликда 75,5 фоиз (74,9 фоиз)ни ташкил этди.

III. Фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик янгилаш жараёнларини жадаллаштириш

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида асосий капиталда ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 15,3 миллиард сўмни ташкил қилди ва қиёсий нархларда 9,8 фоизга ошди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилди, жумладан, ўзлаштирилган 1,6 миллиард долларнинг (ўсиш 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоиз) 1,3 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Хўжалик субъектлари ва аҳолининг инвестицион фаоллигини оширишга доир чора-тадбирлар инвестициялар ҳажмини корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 10,3 фоиз, аҳоли маблағлари эвазига 23,6 фоизга ошириш имконини берди. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари ҳисобидан молиялаш ҳажмининг 1,5 баробарга оширилиши йирик стратегик ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга кўмаклашди.

Бунинг натижасида 2012 йилнинг ўтган даврида 106 та инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш якунланди. “Шўртаннефтгаз” унитар шўъба корхонасида пропанбутан аралашмаси қурилмасини барпо этиш (5-навбат), Навоий иссиқлик электр станциясида газ сиқиш компрессор станциясини қуриш, Навоий вилоятида техник кремний ишлаб чиқаришни ташкил этиш
(I босқич), Қалмақир конини кенгайтириш ва реконструкция қилиш, Самарқанд вилоятида юк автомобиллари ва компонентлари ишлаб чиқариш бўйича янги комплексни ташкил қилиш (II босқич – йиғиш бўйича ишлаб чиқариш), “White Machine Technology” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида LCD телевизорлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, Навоий шаҳри аэропортида йўловчи терминалини реконструкция қилиш, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази қошидаги кардиожарроҳлик бўлимини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа қатор лойиҳалар шулар жумласидандир.

Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар доирасида жорий йилнинг 9 ойи давомида маҳаллий ресурслар ва компонентлардан фойдаланган ҳолда қурилиш материалларини тайёрлаш бўйича 155 та янги ишлаб чиқариш фойдаланишга топширилди. Андижон, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида 45 минг кубметр замонавий пенобетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, Тошкент вилоятида 72 минг квадрат метр ламинат ва МДФ ишлаб чиқарувчи, Фарғона вилоятида 50 минг тонна цемент ишлаб чиқарувчи, Тошкент шаҳрида 2 миллион квадрат метр гипсокартон, 70 мингта сэндвич панеллар ва 64 минг квадрат метр замонавий пол қопламалари ишлаб чиқарувчи корхоналар, 102,3 миллион дона ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга 19 та ғишт тайёрловчи корхоналар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш бўйича 22 та корхона модернизация қилинди, уларнинг 14 таси асосий ёқилғи сифатида кўмирдан фойдаланишга ўтказилди.

Умуман, йил бошидан буён республикада 882 та ишлаб чиқариш объекти, жумладан, енгил саноат ва тўқимачилик тармоғида (337 объект), озиқ-овқат саноатида (234), қурилиш материаллари саноатида (189), ёғочни қайта ишлаш саноатида (46), машинасозлик саноатида (14), кимё саноатида (16) ва бошқа соҳаларда (46) янги объектлар ишга туширилди.

Жорий йилнинг 9 ойида «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида ишга туширилган 11 та корхона томонидан умумий қиймати 47,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида 7 та янги инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда, шулардан 3 лойиҳа бўйича объектларда қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Янги ташкил этилган “Ангрен” ЭИЗ ҳудудида қиймати 185,8 миллион долларлик 8 инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошланган.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришларини техник ва технологик янгилаш бўйича чора-тадбирларни давом эттириш доирасида 2012 йилнинг 9 ойи давомида 677,9 километр коллекторларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди, 11,2 минг километр хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги коллектор-дренаж тармоқлари, 340,1 километрлик ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 720 вертикал дренаж қудуқлари ва 8 мелиорация насос станциялари тикланди.

“Ўзқишлоқмашлизинг” компанияси орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига лизинг асосида 793 қишлоқ хўжалиги техникаси, шу жумладан 658 трактор ва 135 ғалла ўрадиган комбайн етказиб берилди.

Сабзавот экинлари, боғлар ва токзорлар майдони сезиларли равишда кенгайди: асосий ва оралиқ майдонлардаги 244,1 минг гектар ерга сабзавотлар, 84,6 минг гектарга картошка ва 58,1 минг гектар майдонга полиз экинлари экилди. 7,6 минг гектар майдонда янги боғлар ташкил этилди, шундан 2,6 минг гектарда интенсив боғлар, 3,8 минг гектар ерда токзорлар яратилган, 8,5 минг гектар ердаги боғлар ва 6 минг гектар ердаги токзорлар қайта тикланди. Аҳолининг шахсий томорқа хўжаликларидаги 266,8 гектар майдонда 9456 та иссиқхона ташкил қилинди. Мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлашни янада ривожлантириш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 13,4 минг тонна сиғимга эга 44 янги музлатгич камералари ташкил қилинди ва 8,3 минг тонна сиғимга эга 12 музлатгич камералари модернизация қилинди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида шу йилнинг тўққиз ойи мобайнида 5,4 миллион тонна сабзавот (2011 йилнинг шу даврига нисбатан 111,1 фоиз), 1,5 миллион тонна картошка (110,7 фоиз), 1 миллион тоннадан ортиқ полиз маҳсулотлари (109 фоиз), 1,4 миллион тонна мева-резаворлар (110,3 фоиз), 0,8 миллион тонна узум (112,1 фоиз) етиштирилди. Қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳажми 1,1 миллион тоннани ташкил этди (2011 йилнинг тегишли даврига нисбатан 105,1 фоиз).

Чорвачиликни янада ривожлантириш мақсадида йил бошидан буён чорва моллари сотиб олиш учун шахсий томорқа хўжаликлари, деҳқон ва фермер хўжаликларига тижорат банклари томонидан қиймати 60,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. 19,6 минг бош қорамолга мўлжалланган 802 чорвачилик хўжалиги, 3,8 миллион парранда боқиш учун мўлжалланган 557 паррандачилик хўжалиги, 530 та балиқчилик ва 511 та асаларичилик хўжалиги ташкил этилди. Натижада, йирик қорамолларнинг умумий сони 9,97 миллион бошга етди (2011 йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 фоиз ўсди), гўшт етиштириш ҳажми 7 фоизга (1211,5 минг тонна), сут – 7,2 фоиз (5261,5 минг тонна), тухум 14 фоиз (2920 миллион дона)га ўсди.

IV. Транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилманинг жадал ривожланишини таъминлаш

“2011-2015 йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникациялар қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш дастури”нинг ижроси доирасида жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи 303,5 километр автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш, шу жумладан 58 километр йўлга цемент-бетон ва 245,5 километр автомобиль йўлига асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари бажарилди.

Темир йўл соҳасини модернизация қилиш ва янада ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида 205,3 миллион долларга тенг капитал қўйилмалар ўзлаштирилди, 186 километрлик темир йўл қайта тикланди, 372 юк ва 13 йўловчи ташиш вагонлари тайёрланди, 3 йўловчи локомотиви харид қилинди, Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш ишлари бажарилди.

Ҳаво кемалари паркини янгилаш ва ҳаво транспорти инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда Миллий авиакомпания томонидан 2 янги “Боинг-767-300ER” самолётларини эксплуатация қилиш бошланди, Навоий шаҳри аэропортида йўловчи терминалини реконструкция қилиш доирасида умумқурилиш ишлари ва ички муҳандислик тармоқларини тортиш ишлари якунланди. Натижада, жорий йилнинг 9 ойи давомида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётларида 2 миллион нафар йўловчи ташилди ва бу кўрсаткич 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 13,5 фоиз ошди.

Аҳолининг сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини янада яхшилаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар жараёнида 1,8 минг километр, жумладан, қишлоқ жойларда 1,6 минг километр сув тармоқлари ишга туширилди.

Бундан ташқари, 2012 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида йил бошидан буён 193 янги умумтаълим мактаблари, 47 мусиқа ва санъат мактаби, 2 академик лицей, 10 касб-ҳунар коллежи ва улар учун 12 ётоқхона, 11 болалар спорти объектлари ва 2 сузиш ҳавзаси, 2,6 минг ўринга мўлжалланган тиббиёт муассасалари, бир сменада 4,9 минг қатновга мўлжалланган поликлиника муассасалари (шу жумладан бир сменада 1,5 минг қатновга мўлжалланган қишлоқ врачлик пунктлари) ва қатор тиббиёт объектлари фойдаланишга топширилди.

V. Бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини изчил ошириш

Иш ўринларини яратиш дастурини амалга ошириш доирасида 2012 йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича 773 мингта иш ўринлари яратилди, шундан 486,1 мингтаси (умумий ҳажмининг 62,9 фоизи) қишлоқ жойларда ташкил қилинди.
Янги корхоналарнинг ишга туширилиши, фаолият кўрсатаётган корхоналарни кенгайтириш ва реконструкция қилиш ҳисобидан 45,6 мингта, янги кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил қилиш ҳисобидан – 281 мингта, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан – 88 мингта, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларида – 45 мингта, касаначиликнинг барча шаклларини ривожлантириш ҳисобидан – 183,4 мингта, қишлоқ хўжалигида – 105,5 мингта, фаолият кўрсатмаётган кичик корхоналар фаолиятини тиклаш ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобидан 24,5 мингта иш ўринлари яратилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида аҳолининг умумий даромадларининг изчил ўсиши таъминланди ва ўсиш ўтган йил даражасига нисбатан 24,6 фоизни ташкил этди, бунда ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 18,9 фоиз ўсди.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида ҳукуматимизнинг иқтисодиётнинг турли соҳаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга ва оилаларнинг ижтимоий-маиший шарт-шароитларини яхшилашга йўналтирилган қарорлари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унда оилавий тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, меҳнат муносабатлари ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оилаларнинг ижтимоий-маиший шарт-шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан маиший электр техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хусусий уй-жойлар қурилаётган қишлоқ массивларида маиший хизмат объектларини ташкил қилиш, аҳолига маиший электр техника харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш бўйича мақсадли прогноз кўрсаткичлар тасдиқланган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларни ишлаб чиқаришга ва оилавий бизнесга жалб қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари томонидан бизнес-режаларни ишлаб чиқиш, уй-жой ва мебеллар, маиший техника харид қилиш, шунингдек, ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 1,1 триллион сўмлик кредитлар ажратилди.

Умуман, оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилалар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш мақсадида “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида жорий йилнинг 9 ойи давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан республика ҳукуматининг шу йил 19 январдаги йиғилишида белгилаб берилган 2012 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларининг изчил ва мақсадли амалга оширилиши 2012 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича иқтисодиёт ва макроиқтисодиётнинг барқарор юқори суръатлари сақланишини таъминлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг асосий мақсади бозор ислоҳотлари кўламини чуқурлаштириш ва кенгайтириш, модернизация жараёнларини жадаллаштириш ва иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чораларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳисобланади. Зеро, мазкур вазифалар жорий йил якунларига кўра иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари ривожланишининг барқарор динамикасини сақлашга, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва 2013 йилда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига эришишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси

Манба: uza.uz