Соғлом турмуш тарзи-саломатлик омили
Қандли диабетнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, профилактика ва диагностика ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида дунёда 14 ноябрь Қандли диабетга қарши кураш куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан мамлакатимизда ҳар йили ноябрда диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилади.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур ойликнинг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олимлар, шифокорлар ва журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори С.Исмоилов Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида аҳолига эндокринологик тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ҳам тобора юксалиб бораётганини таъкидлади.
Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар қандли диабетни аниқлашда зарур бўладиган лаборатория-таҳлил воситалари билан тўлиқ таъминланган. Ҳудудий тиббиёт муассасалари ва эндокринология диспансерларида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиш ва даволаш учун барча имкониятлар мавжуд.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази бу йўналишдаги етакчи шифо масканидир. Марказнинг маслаҳат-ташхис поликлиникаси кунига икки юз қатновга мўлжалланган. 246 ўринли клиникада эндокринологик касалликларга аниқ ташхис қўйиш ва замонавий технологиялар воситасида даволаш ишлари йўлга қўйилган. Жаҳон тиббиётининг энг илғор ютуқларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида кейинги йилларда марказда бир қатор янги йўналишлар – нейроэндокринология, нейрожарроҳлик, нефропатия, гемодиализ бўлимлари очилди.
Кўплаб оғир хасталиклар каби қандли диабетнинг келиб чиқишига ҳам инсоннинг носоғлом турмуш тарзи, тўғри ва рационал овқатланмаслиги, камҳаракатлилиги асосий сабаб бўлади. Шу боис, диабетга қарши кураш ойлиги доирасида аҳолининг бу борадаги билимини ошириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мақсадида тушунтириш ишлари, спорт мусобақалари, марафонлар ташкил этилади. Эндокринология ва диабетологиянинг долзарб масалаларига оид илмий-амалий анжуманлар ўтказилади, турли маданий-маърифий дастурлар намойиш этилади.
Матбуот анжуманида қандли диабет профилактикаси, диагностика ва даволаш ишларини такомиллаштириш борасида эришилаётган ютуқлар, истиқболдаги вазифаларга оид маърузалар тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Манба: uza.uz