UZ RU
31.10.2012

БМТ бош котибининг ўринбосари Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов билан учрашди.

Мулоқот чоғида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оила ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 1 июлда қабул қилинган “2009 – 2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори поғонага кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётгани қайд этилди.

Жисмонан соғлом, маънавий етук, юксак салоҳиятли авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу жараёнда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, оилаларни ижтимоий ҳимоялаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолининг, жумладан, болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида оналик ва болаликни муҳофазалашга оид жаҳон тиббиётининг барча илғор услублари, техника ва технологиялар ютуқларидан амалда самарали фойдаланилмоқда. Ўзбекистонда она ва бола хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи халқаро андозаларга асосланган кенг миқёсли ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси 1993 йилдан буён мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юқумли касалликлар профилактикасига кўмаклашиш каби қатор хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Учрашувда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишларга юксак баҳо берди.

– Ташкилотимиз билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганидан мамнунмиз, – деди Бабатунде Осотимеин. – Ўзбекистонда аҳолишунослик дастурларини кенг миқёсда амалга оширишга, жумладан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фаровонлигини оширишга катта эътибор қаратилаётир. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда 99 фоиз туғруқ шифохоналарда амалга оширилмоқда. Бу жуда яхши кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасида эришган катта ютуқларидан биридир. Президент Ислом Каримов она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича аниқ ва қатъий позицияга эга экани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг “Соғлом она – соғлом бола” дастури юксак эътирофга, ўрганишга лойиқ.

Музокарада Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, бу борада халқаро ҳамкорликни, хусусан, ЮНФПА билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шу куни Бабатунде Осотимеин Республика перинатал маркази фаолияти билан танишиб, у ерда ҳомилани соғлом ҳолда дунёга келтиришнинг илмий-амалий асосларини яратиш, энг замонавий тиббий технологиялардан, кенг фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Манба: uza.uz