Юқумли касалликларга қарши ишончли тўсиқ
Тошкентда Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро дастурини қизамиқ ва қизилча касалликларини 2015 йилга қадар бартараф этиш ва ҳамкорлик истиқболларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудуди бюроси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган мутахассислар, олимлар ва шифокорлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш Вазири А.Алимов таъкидлашича, мамлакатимизда юқумли касалликлар билан самарали курашиш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Жумладан, мамлакатимиздаги миллий иммунизация календарига кўра 6 ёшгача болалар қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши икки марта эмланади. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш мақсадида миллий иммунизация кунлари ўтказилиб келинмоқда.
Юқумлми касалликларга тез ва аниқ ташҳис қўйишда замонавий лаборатория ва диагностика услублари самарали қўлланилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирда мавжуд Давлат санитар-эпидемиология назорати Республика маркази диагностика ва таҳлил қилувчи энг замонавий манбалар билан жиҳозланган.
Врачларнинг билими, малакаси, ва эътиборини ошириш мақсадида мунтазам ўқув-услубий тадбирлар ташкил этилмоқда. Мунтазам олиб борилган чора-тадбирлар ҳам аҳолининг тиббий маданиятини ошириб, уларни доимий шифокор назоратида эканлигини таъминлайди. Ана шундай тадбирлар мамлакатимизда қизамиқ ва қизилча касалликларининг пайдо бўлиш ҳолатларини тубдан камайтиришга сабаб бўлган.
- Қизилча ва қизамиқни бартараф этиш бўйича ўтказилаётган ушбу тадбир учун айнан Ўзбекистон танланганлиги тасодифий ҳолат эмас, - дейди Халқаро Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа верификацион қўмитаси раиси, профессор Сусанна Эспосито. – мамлакатингизда давлат бюджети ҳисобидан болаларнинг замонавий иммунизациясини, вакциналарнинг сотиб олиниши алоҳида эътиборга лойиқ тадбир ҳисобланади. Юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши бўйича Ўзбекистоннинг тажрибаси ва юқумли касалликларни даволаш албатта намуналидир.
Шунингдек, халқаро конференцияда қизамиқ ва қизилчани бартраф этиш бўйича, мавжуд муаммолар, ва ушбу соҳада олиб борилаётган замонавий услубларни татбиқ этиш бўйича фикрлар алмашинилди.
Манба: uza.uz