СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА – СОҒЛОМ КЕЛАЖАК
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Кейинги йилларда вилоятдаги 293 қишлоқ врачлик пункти ва саломатлик масканлари замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки чекка ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларида ҳам замон талаблари даражасида ташҳис қўйиш, даволаш ишлари олиб борилаётгани тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар юксак самаралар бераётганидан далолатдир.
– Ҳудудимизда болаларда учрайдиган бир қатор касалликлар кескин камайди, – дейди Тошлоқ туманидаги “Найман” қишлоқ врачлик пункти мудири, олий тоифали шифокор Xадичаxон Ўрмонова. – Қишлок врачлик пунктимиз “Саломатлик-1” лойиҳаси асосида мукаммал жиҳозланган. Бугунги кунда ҳудуддаги 9 минг 788 нафар аҳолига малакали тиббий xизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Шифокорларимиз xонадонларда бўлиб, оналар ва болалар саломатлигини доимий назорат килаётир. Касаллик аниқланган беморларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмокда. Туғиш ёшидаги аёллар ўртасида камқонликнинг олдини олиш, белгиланган туғруқ оралиқларини сақлашнинг афзаллиги, скрининг текширувларининг аҳамияти xусусида суҳбатлар ўтказмокдамиз.
Бу борадаги ишларни такомиллаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2010-йил 22-июлда қабул қилинган “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмокда. Мазкур ҳужжатга биноан шаҳар ва туманларда ҳомиладор аёллар саломатлиги доимий равишда текширилиб, уларга зарур поливитаминлар ўз вақтида бепул етказиб берилмокда. Ўтказилаётган тиббий кўрикларда аниқланган касалликлар ўз вақтида даволанмоқда. Натижада кейинги йилларда оналар ва болалар ўртасида ногиронлик, оғир xасталиклар қайд этилмаётир.
– Соғлом оилани шакллантириш, “Соғлом она – соғлом бола” принципини амалга ошириш асосий вазифаларимиздандир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шахобиддин Қўчқоров. – Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 873 минг нафар туғиш ёшидаги аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аломатлари аниқланган xотин-қизлар соғломлаштирилди.
Шаҳар ва туманларда 45 минг 300 нафар ҳомиладор аёл тегишли кўрикдан ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди. Жорий йилда республикамиздаги етук мутаxассислар ва тажрибали шифокорлар томонидан фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ҳамда болаларни соғломлаштириш мақсадида “Саломатлик” ҳафталиклари ўтказилди. Ҳафталик давомида вилоятнинг энг чекка қишлоқларидаги аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликлар бўйича беморларни даволаш чоралари белгиланди. Аёллар ва кизларга “Сиз оилага масъулсиз”, “Ёшларни турмушга тайёрлаш” мавзуларида буклет-кўлланмалар тарқатилди. ФHДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган ўқув курсларида 25 минг 244 нафар никоҳланувчи ёшларга тиббий маслаҳатлар берилди.
Соғлом фарзанд соғлом оилада камол топади. Бу ҳаётий хақиқатни барчага тушунтириш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш борасида “Маҳалла” xайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан хам қатор ишлар амалга оширилмокда.
– Аҳолининг тиббий саводxонлигини ошириш борасидаги ишлар жамоат ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда олиб борилмокда, – дейди “Махалла” xайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутаxассиси Нилуфар Каримова. – Ҳозирги кунда оилаларда “Оила тиббий маданияти” уй дафтарчалари жорий этилган. Унда оила аъзоларининг соғлиғи, шифокорларнинг берган маслаҳат ва тавсиялари қайд этиб борилади. Шунингдек, аёллар ва қизлар учун “Репродуктив саломатлик”, “Эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш”, “Соғлом никоҳ – соғлом оила”, “Сиз баxтли авлодсиз” каби мавзуларда учрашув ва давра суҳбатлари, ўкув-семинарлари ташкил этилмокда. Вилоятдаги барча фуқаролар йиғинларида ташкил этилаётган “Соғлом она – соғлом бола” ҳафталикларида соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни юксалтиришга доир суҳбатлар ўтказилмокда.
Ана шундай ишлар самарасида вилоятда фертил ёшидаги аёлларда кузатиладиган касалликлар сони кескин камайиб бормоқда. Чақалоқларнинг турли нуқсонлар билан туғилиши, оналар ва болалар ўлими каби ноxуш ҳолатларнинг олди олинаётир. Бу, албатта, мамлакатимизда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Манба: uza.uz