ЭЛ САЛОМАТЛИГИ — ЭНГ ЭЗГУ МАҚСАД
Инсон ҳаёти, саломатлиги ҳамма нарсадан азиз. Шу боис ҳам мамлакатимизда давлат қудрати ва бойлигини белгиловчи муҳим омиллардан бири — тиббиёт тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ушбу масала нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини юртимиз истиқлол арафасида турган мураккаб даврдаёқ алоҳида таъкидлаган эдилар. “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли асарни мутолаа қилар эканмиз, Юртбошимизнинг халқимиз бахт-саодати, эртанги кунини ўйлаб бошлаган ана шу оқилона сиёсати мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаб етамиз.
Чиндан ҳам, бундан йигирма йил аввалги ҳолатни бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а. Кўпчилик ёши катталар яхши эслайди, тиббиёт ходимлари оғир шароитларда ишлашар, имтиёз, эътибор ва рағбат деган тушунчалардан бебаҳра эди. Даволаш муассасаларини айтмайсизми?! Пана-пасқам биноларда жойлашган, улардаги имкониятлар ҳам ночор аҳволда эди. Қисқаси, тизим мутлақо талаб ва эҳтиёжга жавоб бермасди.
Хўш, бугун-чи? Бугун Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилди.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 1998 йил ноябрь ойидаги Фармони асосида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш орқали соғлиқни сақлаш соҳасида илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда беш поғонадан иборат самарасиз, кўп харажат талаб қиладиган эски тизим ўрнига бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари вужудга келди. Айни пайтда қишлоқ врачлик пунктлари базаси мустаҳкамланиб, уларнинг сони 3200 дан ошди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, турли йўналишларда фаолият кўрсатувчи ихтисослаштирилган тиббий марказлар, кадрлар тайёрлаш ҳамда фармацевтика соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Шу тариқа мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий модели яратилди. Зеро, давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда алоҳида таъкидлаганларидек, “Истиқлол йилларида ижтимоий соҳа учун давлат харажатлари 5 баробардан зиёд кўпайгани, унинг 60 фоиздан кўпроғи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга йўналтирилгани ҳам дунё миқёсида камдан-кам учрайдиган кўрсаткич бўлиб, бизнинг бош мақсадимиз, авваламбор, инсон ҳаётини, унинг манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилганини ҳар томонлама исботлаб беради”.
— Ана шундай эътибор натижасида тиббиётимиз қанчалар юксалганини янги тизим — Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг энг замонавий даволаш муассасаси сифатида шаклланаётганлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин, — дейди мазкур марказ бош директори ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Елена Борисова. — 13 та вилоят филиали ҳамда 171 туман бўлими, шунингдек, “03” хизматини ўз ичига олган республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бугунги кунда дунёдаги энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу тизим кафолатли, ишончли ва хизматнинг бепуллиги билан жаҳон тиббиёт оламида беқиёс тизим сифатида ажралиб туради.
Маълумки, бизнинг барча эзгу ниятларимиз, орзу-умидларимиз эртанги кун эгалари бўлмиш фарзандларимиз тақдирига дахлдор. Шу сабабли ҳам, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза этишга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, Давлат дастурларида соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги чора-тадбирлар ижросини янада кучайтириш муҳим устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган “Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий марказлари ташкил этилди.
— Шуни чексиз фахр ва ифтихор билан айтиш мумкинки, илгари ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдиришимиз қийин бўлган скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказларнинг кенг тизими жорий этилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Дилором Аҳмедова. — Айни пайтда мамлакатимизнинг барча вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида ҳар икки мукаммал тизим марказлари самарали фаолият юритмоқда. Мана шундай ислоҳотлар натижасида йигирма йил давомида юртимизда бир ёшгача бўлган гўдаклар ва оналар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 7 йилга узайиб, эркаклар ўртасида 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етди.
Тўғри, биз қилинган ишлар хусусида гапирганда, кўпинча уларни рақамлар ва фоиз ҳисобида ифодалашга одатланганмиз. Аммо эътибор беринг: агар оналар ўлими уч баробар камайган бўлса, биз юртимиз бўйича қанча она, қанча инсоннинг ҳаётини сақлаб қолган, қанча оилага бахт улашган бўламиз?! Бир қарашда оддий кўринган рақамлар негизида мана шундай ҳаётий масалалар ётибди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, баъзи мамлакатларда, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари, асосан, шаҳарларда жойлашганлиги туфайли қишлоқ аҳолиси тиббий хизматлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келади. Мамлакатимизда яратилган миллий моделнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, бизда энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларга ҳам худди шаҳарлардаги каби бир хилда малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
— Юртимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом ва баркамол фарзандларни дунёга келтириш бўйича амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирлари жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамайди, — дейди республика Аҳоли репродуктив саломатлиги маркази директори Маҳмуда Каттахўжаева. — Шу маънода, давлатимиз томонидан поливитаминларни харид қилиш учун керакли миқдорда маблағ ажратилиб, ҳар йили қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган 400 минг нафар ҳомиладор аёлни соғломлаштириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш ва болаларнинг туғма нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш имконияти яратилаётгани эътиборга сазовордир. Бундан ташқари, унни зарур микроэлементлар билан бойитиш, тузни йодлаш дастурлари ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ишлар самараси ҳамда даволаш ва профилактика хизматларининг ўз вақтида кўрсатилаётгани сабабли, аҳоли ўртасида йод танқислиги ва туғиш ёшидаги аёллар орасида камқонлик касаллиги сезиларли даражада камайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, оналар ва болаларга зарур даволаш хизматларини кўрсатиш учун ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар тиббиёт ходими тўғри келиши керак. Ўзбекистонда бу кўрсаткич нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам халқаро стандартларга тўла мос келади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг барча аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Сир эмас, бугун дунёнинг кўпгина давлатларида иқтисодиётнинг пасайиши, бюджет тақчиллиги каби салбий омиллар туфайли ижтимоий мақсадлар учун ажратилаётган маблағлар қисқартирилмоқда. Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва “ўзбек модели” деб ном олган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри экани мана шундай мураккаб шароитда яна ва яна ўз тасдиғини топмоқда. Чунки бизда халқ манфаати, юрт истиқболи йўлидаги ишлар бир зумга бўлса ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Буни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мақсадида ажратилаётган бюджет маблағлари йилдан-йилга кўпайиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2010 йилда соҳа равнақи учун давлат бюджетидан 1 триллион 703 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2011 йилда ушбу кўрсаткич 2,2 триллион сўмга етди. Табиийки, бу маблағлар янги даволаш муассасаларини бунёд этиш, мавжудларини янада замонавийлаштириш, уларни энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда 2011 йилги Инвестиция дастури доирасида 100 дан зиёд ҳудудий ва республика миқёсидаги тиббиёт муассасаларида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ушбу мақсадларга давлат бюджети ҳисобидан қарийб 136 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Қувонарлиси шундаки, ушбу иншоотларнинг аксарият қисми фойдаланишга топшириб бўлинди.
Яна бир янгилик. Яқинда “Саломатлик — 3” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари бошланади. Бунга 93,0 миллион АҚШ доллари сарфланиши мўлжалланган.
Бизга алоҳида ифтихор бағишлайдиган жиҳати, мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасида эришаётган ютуқлари жаҳоннинг энг нуфузли халқаро ташкилотлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Хусусан, ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларини жорий этишда Ўзбекистоннинг минтақадаги намунавий модель сифатида эътироф этилгани фикримиз тасдиғидир. Шу ўринда диққатга сазовор яна бир далилни келтириш жоиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Европа минтақасидаги мавжуд 53 та мамлакат ичидан фақатгина 4 та давлат, жумладан, Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тиббий хизматининг миллий модели юқори баҳоланиб, ана шу мамлакатлар учун намунавий модель сифатида эътироф этилди.
Яқинда эса Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли — “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилганлиги ҳаммамизга чексиз ғурур бағишлади. Ушбу халқаро ташкилотнинг минглаб тадқиқотчилари томонидан 161 мамлакатда ўтказилган холис ўрганишлар шу давлатларнинг барча ҳудудларида тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, уларнинг самарадорлик даражаси каби муҳим кўрсаткичларга асосланди. Шунингдек, болаларнинг мунтазам эмлашга қамраб олиниш даражаси, аёлларга туғиш пайтида сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари каби омиллар ҳам эътиборга олинди. Мамлакатимиз ушбу барча кўрсаткичлар бўйича рейтингда тўққизинчи ўринни эгаллади ва Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ сингари дунёнинг кўплаб энг ривожланган давлатларини ҳам ортда қолдирди.
Табиийки, бундай холис эътирофлар мамлакатимизда тиббиёт, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизими янги босқичга кўтарилгани, хизматнинг замонавий ва ишончли эканлигига яққол далилдир. Давлатимизнинг бу борада эришаётган ютуқлари жаҳондаги мазкур соҳа вакилларининг ҳам қизиқишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун бугун Ўзбекистон дунё тиббиёти марказларидан бирига айланмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро анжуманларнинг мамлакатимизда ўтказилаётганлигида ҳам чуқур маъно бор.
— Биз бу каби ютуқлар билан чегараланиб қолмаймиз. Чунки ҳали истиқболда амалга оширилиши мўлжалланган вазифалар кўп, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Алимов. — Зотан, мамлакатимизда инсон саломатлигини асраш устувор вазифа сифатида ҳаётга татбиқ этилаётган экан, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар биримизни янада фаолликка ундайверади. Президентимизнинг биз, шифокорларга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги ва эътиборидан қалбимиз ҳамиша фахр-ифтихорга тўлиб, бу туйғулар, астойдил ишлашимизга даъват этмоқда. Қолаверса, 2006 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорлар байрами сифатида нишонланиши эса кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат бағишламоқда.
Фурқат САНАЕВ.