Халқаро симпозиум олдидан
Ўзбекистон тиббиёти жахон эътирофида
Шу йилнинг 25-26 ноябрь кунлари мамлакатимиз пойтахти Тошкент шахрида “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини мухофаза қилишнинг Миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтади.
Маълумки, аёлга ва ўсиб келаётган ёш авлодга бўлган эътибор, бу – жамиятнинг эртаси ва келажагига эътибор демак. Шу боис ҳам оналик ва болалик мухофазасини тубдан яхшилаш Президентимизнинг 1998 йил ноябрь ойидаги Фармони билан қабул қилинган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислох қилиш Давлат дастурида белгиланган асосий устувор вазифалардан бири деб бахоланди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон қўшилган биринчи халқаро ҳужжатлардан бири ҳам 1992 йил 9 сентябрда Парламентимиз томонидан ратификация қилинган «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция бўлган эди. Кейин эса бу «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан мустаҳкамланди. Мамлакатимизда илк орденлардан бири «Соғлом авлод учун» орденининг таъсис этилиши ҳам рамзий маънога эга.
Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда ўтган йиллар ичида қабул қилинган кўплаб шу каби хуқуқий хужжатлар мухим аҳамият касб этди. Жумладан, Президетимиз томонидан 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини мухофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, соха ривожи йўлида янги имкониятларни очиб беришга сабаб бўлди.
Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, қатор давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Айниқса, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланганлиги эътиборга моликдир. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлар, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, қарийб 3200 дан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу йўналишда олиб борилаётган фаолиятни кенгайтириш мақсадида 2009 йил 1 июлда қабул қилинган қарорига мувофиқ, 2009 — 2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳаётга изчил татбиқ этилаётир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу дастур ижросини таъминлаш доирасида туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасалар ва бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш, тиббиёт ходимларини ўқитиш, оилада тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонда болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга оммавий жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор баркамол авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда фарзандлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар болаларнинг 98 фоизини юқумли касалликларга қарши ҳар йили эмлашни ҳам ўз ичига олган. Шу туфайли қатор касалликлар, биринчи навбатда, болаларга юқадиган хасталиклар мамлакатимизда кўп йиллардан буён қайд этилаётгани йўқ.
Симпозиум давомида бевосита Президетимиз рахнамолигида яратилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалдаги ана шундай ноёб яхлит миллий модели ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилади. Ушбу миллий модель соғлиқни сақлаш тизимини шакллантиришнинг асосий йўналишларини ўз ичига олади:
― мамлакатда умумий амалиёт шифокорлари тиббий ёрдам кўрсатадиган янги типдаги ― қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни барпо этиш йўли билан шаҳар ва қишлоқ жойларда тенг шароитларда бирламчи тиббий-санитар ёрдам олишни таъминлаш;
― Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоятлардаги филлиаллари тармоғи билан биргаликда тақдим этилган замонавий юқори технологик тиббий ускуналар билан жиҳозланган муассасалар ёрдамида аҳолига тезкор тиббий ёрдам кўрсатишнинг тубдан янгиланган тизимини ташкил этиш ва ишлашини таъминлаш;
― замонавий юқори тиббий технологияларни жорий этишни таъминловчи ихтисослашган илмий-амалий тиббий марказлар, шу билан бирга Педиатрия, Акушерлик ва гинекология марказлари, республика ва ҳудудий перинатал марказларини барпо этиш, шунингдек, оналар ва болаларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини шакллантириш;
― мамлакатнинг барча ҳудудларида замонавий скрининг марказларини ташкил этиш ва наслдан-наслга ўтувчи касалликлар ва ривожланишида туғма нуқсони бўлган болаларнинг туғилишини сезилари камайтириш имконини берадиган Давлат дастурини амалга ошириш;
― соғлиқни сақлаш муассасаларининг, биринчи навбатда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини ва туғруқ комплекслари ҳамда болалар даволаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш;
― эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан мамлакат аҳолиси учун қулай санитария-эпидемиологик шароитни, шунингдек, бошқарилувчи инфекцияларга қарши аҳолини эмлаш ва қайта эмлашни тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;
― ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш ва шакллантириш мақсадида болалар спортини ривожлантириш.
Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг аҳолишунослик бўйича жамғармаси, БМТТД, GIZ (Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти) ва бошқа қатор нуфузли халқаро муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини, шунингдек, республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармаси, Фонд Форум, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Сен ёлғиз эмассан» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болаларни ижтимоий мослаштириш маркази ва бошқа кўплаб жамоат ташкилотлари билан фаол ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Халқоро симпозиум доирасида ЖССТ, ЮНИСЕФ, БМТнинг аҳолишунослик бўйича жамғармаси раҳбарлари, ЖССТнинг Европа ҳудудий бюроси, ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича ҳудудий директори ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар бошлиқлари, хорижий мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари, халқаро экспертлар ва тиббиёт соҳасида жаҳонда тан олинган машҳур олимлар иштирокида умумий ва секция йиғилишларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Симпозиум иштирокчилари она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда глобал мақсадларга эришиш бўйича ўзаро тажриба ва таклифлар алмашиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, ушбу халқаро симпозиум қатнашчиларини гўзал ва обод Ўзбекистоннинг қадимий маданияти ва санъати, пойтахтнинг ҳамда Шарқ дурдоналари ҳисобланган кўҳна Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан таништириш сингари маданий тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати