ИСТИҚБОЛЛИ КЕЛАЖАКНИ КЎЗЛАБ
Аҳоли саломатлигини муҳофазалаш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Чунки ҳар томонлама соғлом авлодгина келажаги буюк давлат барпо этишга қодир бўла олади. Барча жойларда бўлганидек, Сирдарё вилоятида ҳам халқ саломатлигини асрашга муҳим вазифа сифатида ёндошилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тумандаги аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатаётган муассасалар талайгина. Марказий шифохона, туғруқхона, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, поликлиника, 23 та ҚВП, 1 та ФАП ва 7 та саломатлик пунктлари "Саломатлик-1" ва "Саломатлик-2" лойиҳалари доирасида тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ўз навбатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалишига хизмат қилмоқда.
Жорий йилда туманда "Соғлом она – соғлом бола" дастурининг мақсадли вазифалари амалга оширилиб, жумладан фертил ёшидаги ва 14 ёшгача бўлган қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган беморлар ва экстрагенитал касаллиги мавжуд аёллар муассасамизда соғломлаштирилмоқда. Турли юқумли ҳамда мавсумий касалликларнинг олдини олиш ва репродуктив саломатликни сақлаш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, мутахассислар иштирокида тумандаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
– Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда фаолият юритиш учун муассасамизда барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди биз билан суҳбатда туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Зиёд Зияев. – Соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш – баркамол авлод дунёга келишининг пойдевори саналади. Амалга оширилаётган ишларда қишлоқ врачлик пунктлари ҳам фаол иштирок этиб, улар томонидан ҳудудларда "Оилада саломатлик" марафони, "Соғлом она – соғлом авлод" тадбирлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ташҳислаш ва даволашнинг клиник қўлланмалари ва стандартлари ҳаётга чуқур татбиқ этилиб, ирсий касалликларни аниқлаш бўйича диагностик тадқиқотлар доирасини кенгайтирган ҳолда оналар ва болаларнинг перинатал ҳамда неонатал скрининги давом эттирилмоқда. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ, болаларда юқумли инфекциялар (қизамиқ, полиомиелит, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, В гепатити, сил)га қарши иммунизация ишлари олиб борилаяпти.
Соғлом оилани шакллантиришда ёшларни никоҳгача тиббий кўрикдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда барча ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг шу кунига қадар туман поликлиникаси "Саломатлик" марказида мингга яқин ёш келин-куёв тиббий кўрикдан ўтказилди. Туман ФҲДЁ бўлими ҳузурида ёш-йигит қизларни оила қуришга тайёрлаш учун мунтазам ўқувлар ташкил этилган. Бу ишлардан кўзланган мақсад, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилган ҳолда юртимизнинг ёруғ истиқболини яратишдир.
Акмал АЛЛАМУРОДОВ.