UZ RU
15.10.2011

БЎЛАЖАК ТИББИЁТЧИЛАРГА – ПУХТА БИЛИМ

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига эътибор йил сайин ортиб бораяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиёт муассасаларида ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳақидаги Фармонининг изчил амалга оширилиши шаҳар ва қишлоқларда аҳоли соғлиғини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини кескин оширмоқда, тиббиёт ходимлари савияси ва малакасига талабни кучайтирмоқда.

Табиийки, бу ҳолат, жумладан, ўрта малакали тиббиёт ходимлари тайёрловчи коллежларнинг ўқув-педагогик жамоалари олдига ҳам катта вазифалар қўймоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўқув-даволаш мажмуасининг тиббиёт коллежида ҳам таълим-тарбия ишлари савиясини кўтаришга қаратилган илмий-амалий изланишлар самарали олиб борилмоқда.

Коллежимизда ўқувчиларга тўрт йўналиш бўйича билим берилиб, тиббиёт ҳамширалари, даволаш иши фельдшерлари, фармацевт ассистентлари, ортопедик стоматология техниклари тайёрланяпти. Барча йўналишлар бўйича 2243 нафар ўқувчига 15 та фан кафедрасининг 198 нафар педагог-ўқитувчилари таълим-тарбия бериб келишмоқда. Педагогик жамоамиз ёш бўлишига қарамай, ўқувчиларга берилаётган билим даражаси янада оширилиб, давлат стандартлари асосида дарслар ўтилмоқда. Бу борада ўқитувчиларимизнинг педагогик ва касбий маҳоратларини доимий ошириб боришларида фан кафедраларининг аҳамияти катта бўлмоқда. Таъкидлаш муҳимки, шу ўринда Тошкент тиббиёт академияси, Педиатрия ва Фармацевтика институтлари, Низомий номидаги Давлат педагогика университетининг бир қатор кафедралари, "Ўзфармсаноат" ишлаб чиқариш бирлашмасининг узвий илмий-амалий ҳамкорликлари бундан мустасно эмас. Фан ўқитувчиларимиздан олти киши илмий изланишлар билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Бу жараёнларда ўзаро тажриба алмашиш, илмий-амалий семинар ва конференциялар ўтказишдан ташқари ўқитувчиларимиз бу олийгоҳларнинг ахборот-ресурс марказлари манбаларидан ҳам кенг равишда фойдаланишмоқда. Қувончлиси шундаки, Педиатрия институти қошида коллежимиз ўқувчилари учун тўгараклар ташкил этилган, уларда машғулотларни юқори малакали олимлар олиб боришади. Шунингдек, ўқувчиларга пухта билим бериш учун етарли шароитлар яратилган. Ўқув машғулотлари 2 та лингафон, 2 та компьютер, 7 та касбий йўналиш бўйича Япониянинг "JICA" лойиҳаси асосида жиҳозланган ўқув ва лаборатория хоналарида олиб борилаяпти. Бундан ташқари, коллежимиз адабиёт ва қўлланмаларга бой ахборот-ресурс марказига эга. Ўқувчиларимиз учун амалий дарслар Тошкент шаҳридаги бир қатор нуфузли даволаш-профилактика муассасалари, яъни Тиббиёт академияси клиникалари, 1-шаҳар клиник касалхонаси, "Радикс", "Галеника", "Дори-дармон" корхоналари, бир қанча оилавий поликлиникаларда олиб борилмоқда. Айни кунда коллежимизда 23 та тўгарак фаолият кўрсатиб, уларда ўқувчилар фан ва шифокорлик касби сирларини ўрганишяпти. Бунинг баробарида ўқувчиларимизнинг янада соғлом ва баркамол бўлишлари учун 9 та спорт тўгараклари мунтазам ишлаб турибди. Унда спортнинг барча турлари мавжуд бўлиб, ҳар бир ўқувчи ўзи севган машғулоти бўйича фаол иштирок этиш имкониятига эга.

Ўқувчиларимизга таълим-тарбия бериш, уларни маънавий ва маърифий билимларини оширишда кафедра мудирларидан Замира Зокирова, Гўзал Нурмуҳамедова, ўқитувчилардан Дилором Расулова, Наима Дўсканаева, Қамбар Расулов, коллеж директорининг маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича ўринбосари Лола Ғозиева, 2-босқич бўлим бошлиғи Феруза Ёқубоваларнинг ўз касбларига бўлган фидойиликларини алоҳида тилга олса арзийди.

Асосий мақсадимиз ёш авлодни ҳар томонлама етук, билимга чанқоқ ҳамда илмий салоҳият сари етаклаш экан, бу борада барчамиз касбий маҳоратларимизни ишга солган ҳолда уларни Ватанимиз равнақи, қолаверса, халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қила оладиган етук кадрлар этиб тайёрлашимиз бугунги кун талабига айланмоқда.

Нигора МЎМИНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўқув-даволаш мажмуи тиббиёт коллежи психологи.