МУҲИМИ: ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАЙЛИК
Қутуриш – зооноз юқумли касаллик бўлиб, иссиқ қонли ҳайвонларнинг барчаси ушбу касаллик билан хасталанадилар. Касаллик 2 хил турда (типда) учрайди, биринчисида, яъни қутуришнинг табиий турида касалликнинг резервуар ва манбалари ёввойи ҳайвонлар ҳисобланса (бўри, чиябўри, тулки, енотсимон итлар, барсук, мангуст, кўршапалак ва ҳ.к.), қутуришнинг иккинчи антропургик ("шаҳар") турида эса касаллик манбалари уй ҳайвонлари (ит ва мушуклар) ҳамда айрим қишлоқ хўжалик ҳайвонларидир. Қутуришнинг эпизоотик жараёнида маълум даврийлик мавжуд (ҳар 2-3 йилда). Бу даврийлик бевосита ёввойи ҳайвонларнинг биологик циклига боғлиқ бўлади (ҳайвонлар ўртасидаги мулоқотнинг куз ва қиш фаслларида ошиши, ёш ҳайвонларнинг оиласидан ажралиб чиқиши ва овқатланадиган жойининг ўзгариши, қиш ва баҳорда ҳайвонларнинг қўшилиш даврида). Қутуришнинг табиий ўчоқлари ер куррасининг турли ҳудудларида турли хил ҳайвонлар томонидан сақланади.
Вирус қутуришга чалинган ҳайвонларнинг сўлаги билан ажралиб, у инкубацион даврининг охирги 10 кунида ва бутун касаллик даври мобайнида ажралади ҳамда тишлаш, сўлак оқиши натижасида касаллик соғлом ҳайвонларга тери ва шиллиқ қаватлар орқали юқади. Айтиш муҳимки, касалликнинг одамдан одамга юқиши исботланмаган. Ҳайвонларда қутуриш касаллиги тарқоқ (спородик) ҳолатда учрайди, касалликнинг гуруҳли ҳолатлари камдан-кам қайд этилади, эпидемияси эса кузатилмайди.
Одамлар учун қутуриш касаллигининг манбаи бўлиб, ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки, енотсимон итлар, барсук, мангуст, кўршапалак ва бошқалар ҳамда уй ҳайвонларидан асосан, ит ва мушуклар ҳисобланади. Республикамиз шароитида одамлар учун қутуриш касаллигининг асосий манбаи (90 фоиздан ортиғи) итлардир. Одамга касаллик қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонларнинг (ит, мушук ва ҳ.к.) тишлаши (90 фоизга яқин) ва сўлаклаши (10 фоиз), камдан-кам ҳолларда эса тирнаши натижасида юқади, унинг юқиш механизми – мулоқот (тери, шиллиқ қават) орқали амалга ошади. Касаллик одамга камдан-кам ҳолларда вирус билан зарарланган ҳайвон териси ва аспирацион йўл билан (кўршапалак жойлашган ғорларда) юқиши мумкин. Вирус билан зарарланган сўлак касалликнинг асосий ва етакчи омили ҳисобланади. Касаллик келиб чиқишида вируснинг одам организмининг қайси қисмидан кириши муҳим ўрин тутади ва касаллик жараёни келиб чиқишининг салмоғи айнан шунга боғлиқ. Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвон, агар одамнинг юз қисмидан тишлаган бўлса, 90 фоиз ҳолларда, агар қўл панжаларини тишлаган бўлса 63 фоиз ҳолларда касаллик келиб чиқишига сабаб бўлади. Касалликнинг 75 фоизига яқини қишлоқлардаги эркак жинсига тўғри келади, чунки қишлоқдаги фаол ёшдаги эркаклар уй ҳайвонлари (ит, мушук), шунингдек, ёввойи ҳайвонлар билан (ит парвариши билан шуғулланиш, ёввойи ҳайвонларни овлаш ва ҳоказо) кўпроқ мулоқотда бўладилар. Қутуриш касаллигида сезиларли мавсумийлик кузатилмайди.
Одамлар ўртасидаги қутуриш касаллигининг кўрсаткичи ҳайвонлар ўртасидаги қайд этилаётган касалликка ва одамларда содир бўлаётган тишланишлар сонига бевосита боғлиқ бўлади. Одамларда қайд этиладиган қутуриш касаллигининг яширин даври 7 кундан 1 йилгача, ҳатто ундан ҳам кўпроқ давом этиши мумкин. Жароҳат бош ва юзда бўлса, касалликнинг инкубацион даври қисқаради.
Қутуриш клиникасининг кечиши уч даврга бўлинади: бошланғич, қўзғалиш ва фалаж.
Касалликнинг бошланғич даври 1-3 кун давом этади. Тишланган жой қичийди, тортишиб оғрийди, битган жароҳат ва чандиқ такроран яллиғланади. Бемор тушкунликка тушади, одамлар билан мулоқотдан қочади, уйқуси бузилиб, иштаҳаси бўғилади, унда қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб туради, атрофга лоқайд бўлади. Беморнинг тана ҳарорати субфебрил бўлиб, эшитиш ва кўриш қўзғатувчиларга нисбатан сезгирлик ошади. Касаллик бошлангандан 2-3 кун ўтгач, беморда қўзғалиш, яъни касалликнинг авж олиш даври бошланади. Беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, қон томирларнинг уриши тезлашади, сувни кўрганда, ҳаттоки сув тўғрисида эшитганда ютиш мускуллари тортишиб, қисқариб қаттиқ оғрийди, яъни беморда гидрофобия аломати пайдо бўлади. Шундан кейин беморда ҳаводан қўрқиш (аэрофобия) аломати қўшилади. Ҳавонинг ҳаракати ёки беморни бирор-бир нарса билан елпиганда (сочиқ, қоғоз ва ҳ.к.), бемор бўғилади, талвасага тушади. Хуруж ёруғликдан (фотофобия), баланд овоз ва шовқиндан ҳам (акустофобия) вужудга келади. Беморнинг ҳарорати +38оС гача кўтарилади, овози бўғилади, бадани терлаб, сўлаги оқади, ҳиқичоқ тутади, кўз қорачиғи кенгаяди, оёқ-қўллари оғрийди. Кўзлари бир нарсадан қўрққандек кўринади. Томирнинг тез-тез уриши давом этади (тахикардия), нафас олиш юзаки ва тартибсиз бўлади, вақти-вақти билан бемор чуқур нафас олади. Мускуллари тортишиб талвасаланиш нафас ва ютиш мускулларидан бошланиб, кейин барча мускулларга тарқалади. Беморнинг уйқуси бузилади, ўз-ўзини тишлайди, эс-ҳуши бузилади, кўзига йўқ нарсалар кўринади (галлюцинация), у алахсирайди. Бу давр 2-3 кундан 5-6 кунгача, қўзғалиш даври одатда 2-3 кун давом этади. Касалликдаги ёрқин гидрофобия, аэрофобия, фотофобия, акустофобия аломатлари бошқа касалликларда учрамайди ва бу аломатлар муҳим ташҳисий аҳамиятга эга. Касалликнинг учинчи, яъни фалаж даврида сувдан, ҳаводан, шовқиндан ва ёруғликдан қўрқиш аломатлари анча камайиб, бемор тинчланади, суюқлик ича бошлайди, овқатлангиси келади. Лекин тана ҳарорати юқори бўлиб қолаверади, сўзларни аниқ ва тиниқ айта олмайди. Шундан кейин оёқлар фалажи бошланади (параплегия). Орадан 15-20 соат вақт ўтгач, тананинг бошқа мускуллари ҳам фалажланади. Шу ҳоллар давом этиб, бемор юрак қон-томир фаолияти етишмаслиги ёки нафас марказининг фалажи оқибатида вафот этади. Бугунги кунда қутуриш касаллигининг 100 фоизи ўлим билан тугайди.
Қутуриш касаллиги зооноз юқумли касаллик ҳисобланганлиги сабабли, бу касалликка қарши асосий чора-тадбирлар ветеринария-коммунал йўналишида олиб борилиб, касаллик манбаларининг йўқотилишига қаратилиши зарур. Шуни унутмаслигимиз керакки, республикамизда қутуриш касаллигининг асосий ва етакчи манбаи ушбу касалликка чалинган итлар ҳисобланади (90 фоиз). Шу боис, қутуриш касаллигининг олдини олиш чора-тадбирлари, шунингдек, касаллик манбаларининг йўқотилишига эътибор қаратмоғимиз муҳимдир.
Ҳайвонлар тишланишидан жабрланган одамларнинг ўз вақтида тиббий ёрдамга мурожаат қилиши ва тегишли антирабик эмлашга жалб этилиши касаллик профилактикасида муҳим аҳамиятга эга. Кўп йиллик эпизоотик ва эпидемиологик таҳлилларга қараганда, одамлар ўртача 80-85 фоиз ҳолатда хонаки ҳайвонлар (ит, мушук)ни сақлаш қоидаларини бузиши натижасида, уларнинг тишланишларидан жабрланадилар. Бундан ташқари, дайди итлар сонини камайтириш муҳимлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур.
Юқоридагиларга хулоса қиладиган бўлсак, уй шароитида ҳайвонларни сақлаш ва парваришлаш маданиятига қатъий риоя қилишимиз ҳамда муҳим чора-тадбирларни кўришимиз ҳар қандай мудҳиш ҳолатнинг олдини олишда асосий ўринга эга бўлади.
С. БАБАХОДЖАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор,
ЭМЮКИТИ илмий ишлар бўйича директор ўринбосари.