UZ RU
17.10.2011

ИНСОН САЛОМАТЛИГИ: ЯНГИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мана 20 йилдирки, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз сиёсатида асосий ўринни эгаллаб, истиқлол шарофати билан ушбу йўналишда амалга ошириб келинаётган саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси бежиз эмас, албатта. Чунки, ҳозирги тезкор ва шиддатли бир даврда биз, инсоният тарихида мисли кўрилмаган даражада илм-фан, техника ва технологиялар тобора тараққий этиб бораётган, интеллектуал салоҳиятга талаб ўта кучли бўлган XXI асрда яшамоқдамиз ва энг муҳими, ана шундай қизғин паллада юртимизда ҳуқуқий демократик фуқаролик жамиятини барпо этиш, чуқур демократик ислоҳотларни рўёбга чиқариш жараёни кечмоқда. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир комплекс чора-тадбирлар қўлланиб келмоқда. Таъкидлаш муҳимки, фуқароларимизнинг ўртача яшаш умри 67 ёшдан 73 ёшгача, аёлларда эса, 75 ёшгача узайганлиги, оналар ўлими кўрсаткичларининг 2 баравардан кўпроққа, болалар ўлими кўрсаткичларининг эса, 3 бараварга камайганлиги қувонарли ҳолдир.

Шуни қайд этиш лозимки, фуқароларимизнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилишига эришиш, шунингдек, генофондни мукаммал соғломлаштириш ҳамда фуқароларимизнинг ўртача яшаш умрини узайтиришга эришиш каби масалалар давлатимиз ижтимоий сиёсатида ҳамиша долзарб йўналишлардан бўлиб қолади. Энг муҳими, мамлакатимизда инсонлар саломатлигини сақлаш борасида соғлом турмуш тарзи тамойилларининг самарали кечаётганлиги бу албатта, юқорида таъкидлаганимиздек, халқимиз соғлиғини муҳофаза ҳамда ҳимоя қилишдан иборатдир.

Хусусан, дунёнинг баъзи мамлакатлари бугунги кунда ўз фуқаролари ўртасида ичкиликбозлик, кашандалик ва гиёҳвандлик каби миллат генофондига, насл-насабига ўта салбий таъсир этувчи касалликлар, зарарли одатларнинг айниқса, ёшлар ўртасида кўпайиб бораётганлигидан азият чекмоқда. Эътиборлиси шундаки, бундай ташвишли ҳолатга тушиб қолишдан ҳеч бир мамлакат кафолатланмаган: бугунги вазиятда, яъни ҳар қадамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ҳаттоки ёшларга ҳам бемалол, чеклов ва назоратсиз реализация қилиниши оқибатида бундай аянчли вазиятга тушиб қолиш эҳтимоли жуда катта. Ҳамма гап шундаки, ҳар қандай зарарли одатларга ўрганиб қолиш қанчалик осон бўлса, ундан қутулиш қийин кечади.

Таъкидлаш жоизки, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ бўлган танглик вазиятини аҳоли ўртасида соғлом турмуш тамойилларини кенг тарғибот қилиш, одамлар онгига уларнинг саломатликларини сақлаш ўз қўлларида эканлигини сингдириш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилишни ҳуқуқий жиҳатдан, тегишли қонунлар билан чеклаш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини тартибга солиш орқали ҳал этишни ҳаётнинг ўзи, қолаверса, қатор хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибаси яққол кўрсатмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича ҳар йили одам ўлдириш содир этилишига оид қўрсаткичларнинг тўртдан бири – спиртли ичимликларнинг истеъмол қилиниши билан боғлиқ экан. Шунингдек, мастлик ҳолати билан боғлиқ бўлган касалликлар ва шикастланишлар оқибатида ҳар йили ер юзида 2,5 млн. киши ҳаётдан кўз юммоқда, улардан 15-29 ёшлилар сони ўрта ҳисобда – 320 минг нафарни ташкил қилади (БМТ матбуот маркази маълумотларидан). Ушбу ташкилот томонидан бугунги кунда спиртли ичимликлар авваллардагидек озиқ-овқат маҳсулоти эмас, балки тўлақонли психотроп моддалар қаторига киритилган. Спиртли ичимликларнинг инсон хромосомаларига (инсон пуштига) салбий – мутаген таъсири, унинг оқибатида одам ҳомиласининг турли нуқсонлар билан шаклланиши ҳамда оғир даражали туғма ногирон болаларнинг туғилиши фанда исботланган.

Россия давлатида одам ўлдириш билан содир этилаётган жиноятларнинг 80 фоизи, ўз жонига қасд қилиш сабабли одамлар ўлимининг 40 фоизи спиртли ичимликларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлмоқда.

Тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино "шароб (спиртли ичимлик)"ни – "заҳарнинг бир тури", деб бежиз таърифламаган. Қисқача айтганда, ичкиликбозликнинг кишилик жамияти учун оғир иллат эканлиги барчамизга маълум ва у билан боғлиқ бўлган муаммолар бизнинг жамиятимизда ҳам кам эмас.

Жаҳондаги қатор давлатлардагидек, юртимизда ҳам айрим фуқароларимиз томонидан оғир жиноятларнинг содир этилиши, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол равишда бузилиш ҳоллари, автоҳалокатлар ҳамда унинг оғир, аянчли оқибатлари учраб турганлиги, бунинг аксарият сабаби эса, спиртли ичимлик истеъмол қилиниши ва улар орасида ёшларнинг ҳам борлиги ташвишлидир. Масаланинг яна бир ачинарли ва миллатимиз шаънига мутлақо тўғри келмайдиган томони шундаки, наслимизнинг давомчилари бўлмиш авлодларимизни бунёд этувчи аёллар, ҳали турмушга чиқмаган, фарзанд кўрмаган қизлар орасида ҳам спиртли ичимликларни тантанали маросимлар баҳонасида, давраларда истеъмол қилишни яхши кўрадиганлар, бунга одатдаги ҳол деб қарайдиганлар кам эмас. Спиртли ичимликнинг ёш организмга, аёл, айниқса, оналар ва бўлажак оналар организми, ҳомила ва эмизикли гўдак организмига салбий таъсири ҳақида бугунги кун одамлари тўлиқ тасаввурга эгалар, деб ўйлайман. Худди шунингдек, бугунги кунда тамаки маҳсулотларини мунтазам равишда истеъмол қилиш – кашандалик дунё аҳолиси ўртасидаги ўлим ҳолатларини келтириб чиқарувчи иккинчи сабаб эканлиги исботланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Ер шарининг 1,3 миллиард аҳолиси кашандаликка дучор бўлган. Бугунги кунда мунтазам равишда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, яъни унга ружу қўйиш, оддий айтганда, кашандалик инсоннинг жисмонан ва руҳий физиологик (психофизиологик) жиҳатдан унга ўрганиб қолаётганлиги учун гиёҳвандликнинг энг оғир шаклларидан бири, деб тан олинган. Бутун жаҳонда катта ёшлилар ўлимининг 12 фоизи кашандалик – тамаки маҳсулотларининг оғир оқибатлари туфайли рўй бермоқда ва бунинг натижасда ҳар йили 5,4 млн. одам фақат шу сабабли оламдан кўз юммоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг аниқ маълумотларига кўра, ҳар 6,5 дақиқа ичида 1 нафар инсон тамаки чекиш билан боғлиқ бўлган касаллик туфайли бу дунёни тарк этмоқда. Агар шу ҳолат давом этадиган бўлса, 2030 йилга келиб, фақат тамаки сабабли ҳар йили 8,3 млн. нафар инсонларнинг оламдан кўз юмиши (бу кўрсаткич, умуман ўлим кўрсаткичларининг 10 фоизини ташкил қилади) башорат қилинмоқда.

Тамаки тутуни таркибида 7 мингдан ортиқ компонентлар бўлиб, улардан аксарияти фармакологик жиҳатдан жуда фаол, заҳарли, мутаген ва канцероген моддалар эканлиги аниқланган.

Юқумли бўлмаган касалликлар ичида тамаки чекиш сабабли бутун дунёда келиб чиқаётган энг оғир кечадиган касалликлар инсонлар умрига завол бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда ўпка саратони касаллиги кўрсаткичлари бутун дунёда ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиб, ушбу касалликка чалинганларнинг 98,96 фоизи тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчилардир. Энг ташвишлиси шундаки, аксарият иш жойларида, жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида чекмайдиган одамлар чекадиганлар атрофидаги "пассив чекувчилар"ни ташкил қилиб, улар орасида болалар ва аёллар кам эмас. Тамаки тутунидаги заҳарли моддаларнинг айнан "пассив чекувчилар" организмига салбий таъсири кучлироқ эканлиги замонавий тиббиётда аллақачон исботланган.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги "Баркамол авлод йили" Давлат дастури тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва бугунги кунда қабул қилиниб, матбуотда (2011 йилнинг 5 октябрь куни) эълон қилинган ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга кирадиган "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини ўз вақтида ишлаб чиқилган, улкан ижтимоий аҳамиятга молик бўлган, том маънода келажак авлодни, миллий генофондни асраб-авайлашга, бир сўз билан ифодалаганда, эзгу мақсад учун хизмат қиладиган муҳим стратегик ҳуқуқий ҳужжат, деб баҳолаш лозим.

Мазкур Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган 25 та моддадан иборат бўлиб, у фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қлишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Маълумки, одамнинг 18 дан 20 ёшгача бўлган вақти ўспиринлик даври ҳисобланади ва шу даврда шахснинг ўзини англаш жараёни давом этади, унинг ҳаётий йўналишлари ҳамда ижтимоий қизиқишлари белгиланади, яъни 20 ёшга тўлгандагина шахс шаклланган ҳисобланади. 20 ёшгача барча зарарли омиллар, таъсирлар (жумладан, алкоголь ва тамаки) шахсда уйғун ривожланиш жараёнининг сезиларли даражада бузилишига сабаб бўлади, бундай ёшда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини татиб кўриш тезлик билан уларда мойилликнинг шаклланишига олиб келади. Бунинг оқибатида нафақат шахснинг жисмоний ривожланиши заифлашади, балки бундан оилалар ва бутун жамият катта зарар кўради. Шунингдек, ёшлар орасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш айниқса, уларнинг репродуктив саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади ва бу ўз навбатида соғлом зурриёдни дунёга келтириш, насл-насабни асраб-авайлаш каби масалаларга жиддий таъсир кўрсатади. Қабул қилинган қонунда айнан ёш авлодни алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан асраб-авайлашга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактик чора-тадбирларнинг белгиланганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Жумладан, қонуннинг 4-моддасида:

- фуқаролар соғлиғини сақлаш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш;

- фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидларнинг камайтиришга қаратилган профилактика, маърифий фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш;

- алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши соҳасидаги давлат назоратини таъминлаш, шунингдек, бундай маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга, уларнинг салбий таъсири профилактикасига, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш;

- алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш;

- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, шунингдек, алкоголь ва тамакига қарамлик диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш;

- соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши, истеъмол қилинишини чеклаш ва уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга қаратилган профилактика, маърифий тадбирларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг иштирок этиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш кабилар – алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб қўйилганлиги фикримизнинг тасдиғи бўла олади.

Қонуннинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат кафолатларига оид моддаси (5-модда)да эса, давлат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини баҳолаш қоидалари ҳамда тартиб-таомиллари белгиланишини ва уларга риоя этилишини кафолатлаши хусусидаги нормалар белгиланган.

Мазкур қонуннинг 7-моддасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилаш ва бундай назоратни ташкил этиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга доир лицензиялаш тартибини белгилаш, шунингдек, жойларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар, айниқса, йигирма ёшга тўлмаган шахслар орасида истеъмол қилинишини камайтиришга, уларда юксак онгни шакллантириш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган маърифий, тарбиявий, тиббий-санитария ишларининг таъсирчанлигини оширишга доир чора-тадбирларни ўз ичига олувчи профилактиканинг самарали тизими яратилиши ва фаолият кўрсатишини таъминлаш кабилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари этиб белгиланган.

Шунингдек, қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатларига оид 8-моддасида вазирликнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини, аввало соғлом турмуш тарзи тарғиботини назарда тутган ҳолда амалга оширишда иштирок этиши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида ёйишга доир чора-тадбирларни амалга ошириши, алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини таъминлаши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси масалалари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, шунингдек, олий таълим муассасалари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиши, алкоголь ва тамакига қарамликнинг профилактикаси, диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасида илмий­тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиши каби муҳим нормалар белгиланганлиги улкан ижтимоий аҳамиятга моликдир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари доирасида қонун (9-модда)да белгиланган вазифалар ичида аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолининг зарари тўғрисидаги билимларни ёйишга қаратилган профилактика тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш вазифаси устувор аҳамиятга эгадир.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги иштироки белгиланган 10-моддада ҳам алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни ёйишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга ошириш вазифаларига асосий эътибор қаратилган.

Энг муҳими, қонун (13-модда)да алкоголь ва тамаки маҳсулотларини йигирма ёшга тўлмаган шахсларга, таълим, спорт ва диний муассасалардан беш юз метрдан кам радиусда жойлашган савдо объектлари томонидан реализация қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги норма белгиланган бўлиб, ушбу қоида давлатимизнинг фуқаролар соғлиғини сақлашга оид сиёсатида аҳоли, айниқса, ёшлар онгига соғлом турмуш тарзи тамойилларини чуқур сингдириш, фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни парваришлаб вояга етказиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.

Қонуннинг 19-моддасига биноан иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Мазкур қоида алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилиш рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларига, шунингдек, тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга татбиқ этилмайди.

Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди.

Хулоса шуки, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда, асосан фуқароларимиз умрини янада узайтиришда муҳим қадам ҳисобланади. Янгидан янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар фуқаронинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Шу боисдан, одамларда ўз соғлигини сақлашга тўғри ва масъулиятли муносабатда бўлишга ҳамда улар онгига соғлом турмуш тарзи маданияти ва тамойилларини чуқур сингдиришга йўналтирилган ҳаётий фалсафани шакллантиришга оид бўлган "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Қонуни Ўзбекистон Республикасида фуқаролар соғлиғини сақлашга оид давлат сиёсатини белгилайдиган мавжуд қонунчилик базасини тўлдириши баробарида фақат эзгу мақсад учун хизмат қилиши аниқ. Зеро, мазкур қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган турли асоратлар, касалликлар, ўлим ҳолатлари, айрим хавфли ўсма касалликлари (айниқса, нафас тизимида учрайдиган хавфли ўсмалар), қолаверса, туғма ва оғир ногиронликнинг камайишига олиб келади ва пировардида, миллий генофондимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, келажак авлодимиз ҳар томонлама – жисмонан, ақлан соғлом, юксак интеллектуал салоҳият эгаси бўлиб улғайишининг кафолати бўла олади ҳамда мамлакатимиз аҳолиси турмуш фаровонлиги янада ошишига кўмаклашади.

Зуҳра Ботирова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари.