UZ RU
12.10.2011

Тиббиёт ютуқлари ва инсон саломатлиги

Тошкентда сурункали бош мия қон айланиши бузилиши билан боғлиқ касалликлар диагностикаси ва уларни даволашнинг самарали технологияларига бағишланган республика илмий анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари ҳамда хорижлик мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов ва бошқалар юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг малака ва маҳоратини юксалтириш, бирламчи шифо масканларининг фаолият кўламини кенгайтириш ва халқимиз саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 сентабрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, кейинги йилларда аҳоли орасида сурункали бош мия қон айланиши бузилиши туфайли келиб чиқадиган инсулт хасталиги кўпайиб бормоқда. Инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий таҳдид соладиган бу хасталикка соғлом турмуш тарзига ва тўғри овқатланиш маданиятига етарли риоя этмаслик, кам ҳаракатлилик, ичиш ва чекишга берилиш сингари салбий иллатлар сабаб бўлаётир. Бу муаммони бартараф этиш учун профилактика ва диагностика тадбирлари кўламини кенгайтириш, илм-фанни янада ривожлантириш зарур.

Мамлакатимизда жаҳон тиббиётининг замонавий йўналишларидан бири – ангионеврология соҳаси изчил ривожланмоқда. Бундай хасталикка чалинган беморларга ўз вақтида малакали ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Тошкент Тиббиёт академияси иккинчи клиникасининг ангионеврология бўлимида ва Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида бу йўналишда юксак технологиялар асосида оператив муолажалар ўтказилмоқда ва шу хасталикка чалинган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга инсон саломатлигига жиддий таҳдид туғдирадиган ва ногиронликка олиб келадиган бундай оғир хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида профилактика ва диагностика чора-тадбирларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Умумий амалиёт шифокорлари, неврологлар, кардиологлар, қон-томир тизими касалликларини даволовчи жарроҳлар бу борада изчил иш олиб бормоқда. Ушбу соҳа бўйича малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилаётган улкан эътибор аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини тобора кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир, – дейди Урал давлат тиббиёт академияси ректори, профессор Алексей Фокин (Россия). – Бундай эътибор ангионеврология соҳасида замонавий даволаш усулларини жорий этишда ҳам юксак самаралар бермоқда. Таъкидлаш жоизки, тиббиётнинг ушбу йўналиши ривожи кўп жиҳатдан профилактика ва диагностика имкониятларини янада кенгайтиришга боғлиқдир. Бу борада юртингизда шифо масканларини замонавий диагностика асбоб-ускуналари билан таъминлаш, малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнини тубдан такомиллаштиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар муҳим ўрин тутади.

Анжуманда ангионеврология йўналишида илм-фан эришаётган ютуқлар, бу борада жаҳон тиббиётида қўлланилаётган янги технологиялар, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтириш, бош мия хасталикларини барвақт аниқлаш, олдини олиш ва ўз вақтида даволаш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди.