Ёш онкологлар анжумани
Самарқанд шаҳрида ёш онколог олимларнинг биринчи халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика онкология илмий маркази ҳамда Онкологлар уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда юртимиз ёш онколог олимлари билан бирга хорижий мамлакатлардан ҳам соҳанинг малакали мутахассислари иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига замон талаблари даражасида юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётир. Шу мақсадда қабул қилинган давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши туфайли халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, турли юқумли ва хавфли касалликларнинг олдини олиш ва уларни самарали даволашда юқори натижаларга эришилмоқда. Хусусан, инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдирадиган онкологик касалликлар профилактикаси ва уни даволашда илғор усуллардан фойдаланилмоқда. Тиббий муассасалар моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда хавфли ўсма хасталиги билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичи камаймоқда, саратонни эрта аниқлаш, олдини олиш ва самарали даволаш кўлами кенгаймоқда.
Анжуманда ёш онколог олимлар ўз илмий тадқиқотлари натижалари, саратонни даволашда қўлланилаётган замонавий услублар ҳақида маъруза қилди.
– Ўзбекистонда турли хавфли ўсма касалликлари профилактикаси ва уни даволашга давлат томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Япония миллий онкология маркази профессори Накажима Такеши. – Ёш олимларнинг бу борадаги илмий изланишлари ва амалга ошираётган тадқиқотлари ўрганса арзигуликдир.
Конференция қатнашчилари Самарқанднинг тарихий обидалари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.
Ғ.Ҳасанов