UZ RU
08.10.2011

ТЕЗ ВА МАЛАКАЛИ ЁРДАМ БЕМОР ҲАЁТИ УЧУН МУҲИМ

Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш касалликлар ичида жуда оғир кечадиган турларидан бири бўлиб, бу ботулизм дейилади. Ушбу касаллик келиб чиқишининг асосий сабабчиси Giostridium Botulinum таёқчаларининг вегетатив шакли ишлаб чиқарадиган оқсилдан иборат нейротоксиндир. Унинг таёқчаси анаэроб, яъни кислородсиз шароитда ўсадиган микроблар оиласига мансубдир. Бу микроблар спора ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлганлиги учун ташқи муҳит таъсиротларига жуда ҳам чидамли, қайнатганда ҳам ўлмайди, +120оС даража ҳароратда 30 дақиқада, спораси 20 фоизли формалин зарарсизлантирувчи моддаси таъсирида 24 соатда жонсизланиши мумкин. Бу микроб токсини меъда ва ичак шираси таъсирида ўз кучини йўқотмайди ва у қонга сўрилиб, инсон организмини заҳарлайди. Ботулизм бактерияси ташқи муҳитда қуруқ шароитда, тупроқда узоқ йилларгача сақланади. Мазкур касаллик билан хасталанишга одатда ўзида ботулизм бактерияларини, шунингдек, микроб экзотоксинини тутган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш сабаб бўлади. Касаллик асосан уй шароитида тайёрланган дудланган гўшт, сабзавот ва мева консерваларини истеъмол қилиш билан боғлиқдир. Аҳоли ўртасида ботулизм билан хасталаниш асосан ноябрь ойидан бошланиб, май ойларигача давом этади. Охирги йиллар давомида асосан уй шароитида тайёрланган маринадланган бодринг, помидор, патиссон, кўк нўхат, қалампир, қўзиқорин консервалари, бақлажон икраси ва дудланган балиқ каби маҳсулотларни истеъмол қилиш касаллик келиб чиқишига сабаб бўлаяпти.

Касалликнинг клиник белгилари ҳолсизланиш, бош оғриғи, оғиз қуриши билан бошланади. Баъзида кўнгил айнаши, қайт қилиш, бош айланиши ва 1-2 маротаба ичнинг суюқ кетиши кузатилади. Тўш суяги ортида оғриқ, кекириш, қоринда оғриқ ва дамланиш ҳоллари учраб туради. Қайт қилиш ва ич кетиши қисқа давр кузатилиб, неврологик белгилар бошланганидан сўнг одатда йўқолади. Ич кетиши тўхтаб, қабзият юзага келади, меъдадан озуқа моддасининг эвакуацияси секинлашуви, ҳатто тўхташи мумкин. Неврологик белгилар: кўз олдида "туман" пайдо бўлади, битта буюм иккита бўлиб кўринади, кўз соққасининг ҳаракати чекланади, қорачиқлар кенгаяди, кўз қовоқларининг икки томонлама қисилиши, ютинишнинг қийинлашуви ёки умуман амалга ошмай қолиши, овоз ўзгариб пасая боради ва тиниқлиги йўқолади, беморнинг гапига тушуниб бўлмайди.

Ботулизм билан хасталанишнинг олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилишни тавсия этамиз:

– бозорлар ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда фуқаролар томонидан сотилаётган номаълум шароитларда тайёрланган, сифати кафолатланмаган дудланган гўшт ва балиқ ҳамда сабзавот-мева консерва маҳсулотларини харид қилманг;

– озиқ-овқат дўконидан гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот-мева консервалари ҳамда дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини харид қилишдан олдин, ушбу маҳсулотларнинг гигиеник ҳамда мувофиқлик сертификатлари борлиги тўғрисидаги маълумотга эга бўлишни унутманг;

– дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилишдан олдин, уларнинг сақланиш муддатлари ўтиб кетмаганлигига, идишлари бутунлигига, қопқоқлари шишмаганлигига эътибор беринг. Сақлаш муддати ўтган, қопқоғи шишган, деформацияланган ҳамда гигиеник ва мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган консерва маҳсулотларини асло харид қилманг.

Ушбу тавсияларга амал қилмасдан, ботулизм хасталигига чалинган беморда касалликнинг аломатлари намоён бўла бошлаши билан уни тезда яқин тиббиёт муассасасига олиб боринг. Ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдамгина беморнинг соғайиб кетишига имкон яратади.

Ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатликлари ўз қўлингизда эканлигини унутманг.

Ш. ЮСУПОВ,
 Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази
 овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мудири.