UZ RU
04.10.2011

ИЗЧИЛ ФАОЛИЯТЛАР ДОИРАСИДА

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 2008 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1023-сонли "Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига асосан республикада ОИВга қарши курашнинг ягона тизими ташкил этилди. ОИВ инфекциясига қарши ўтказилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва сифати яхшиланди.

Ушбу тизимнинг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида 7,5 миллиард сўм қийматига эга бўлган 23 турдаги замонавий, хусусан юқори технологияли (ПЦР) аппаратлари, цитофлюориметр ускуналари ва 59 та туманлараро ОИТС диагностика лабораториялари иммунофермент анализаторлари билан таъминланди. Кейинги икки йил мобайнида ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказларида қарийб 7,5 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан. Тошкент шаҳри, Фарғона, Навоий ва Бухоро вилоятлари ОИТС марказларига янги бинолар қурилган бўлса, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ОИТС марказлари учун барча қулайликларга эга бўлган бинолар ажратилиб, мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Республикада ОИТСга қарши кураш тадбирларига давлат бюджетидан ташқари хорижий давлатлар ва халқаро грантлар маблағларини жалб қилиш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2011-2017 йилларга мўлжалланган ОИТС муаммосига бағишланган 61,8 миллион АҚШ доллари қийматига эга 2 та талабномаси Глобал жамғарма томонидан маъқулланди. Ушбу грант маблағлари республикада ОИВ инфекциясининг профилактикаси, ОИТСга чалинган беморларни эрта аниқлаш, уларни даволаш, аҳолининг хабардорлигини ошириш, даволаш-профилактика муассасалар моддий-техник базасини яхшилаш, тиббиёт муассасаларида тиббий муолажалар хавфсизлигини таъминлаш учун сарфланмоқда. Аҳоли учун ОИТС муаммосига бағишланган 10 дан ортиқ видеороликлар тайёрланиб, оммавий ахборот воситаларида намойиш этилмоқда. Жорий йилда 200 дан ортиқ телекўрсатувлар, радиоэшиттиришларда ОИВ инфекцияси муаммоси ёритиб борилди, 40 мингдан ортиқ маъруза ва суҳбатлар ўтказилди, 1500 дан ортиқ савол-жавоб кечалари ташкил этилди.

Республикада ОИВ инфекциясига чалинган шахсларни даволашга катта эътибор қаратилмоқда. Вирусология илмий-текшириш институти, Республика ОИТСга қарши кураш маркази, Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент шаҳар перинатал маркази қошида ОИВ инфекциясига чалинган беморларнинг умрини узайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда иш қобилиятини ошириш мақсадида антиретровирусли терапия ўтказилмоқда. Ҳозирги кунга келиб, республикамизда 3500 дан ортиқ ОИВ инфекциясига чалинган шахслар антиретровирусли терапияни қабул қилмоқдалар. Юқоридаги амалга оширилган фаолиятлар билан бир қаторда, камчилик ва муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Шундай экан, олдимизда турган долзарб вазифаларни бартараф этишда нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда иш олиб борсаккина, янада самарали натижаларга эришишимиз мумкин.

Айтиш муҳимки, мустақиллигимизнинг ўтган 20 йили ичида ОИТСга қарши кураш борасида хизматларимизни инобатга олган ҳукуматимизнинг махсус қарорига биноан Юртбошимизнинг имзолари билан "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони билан тақдирландим. Бу мукофот фақат менга эмас, балки республикада ОИВ/ОИТС муаммоси бўйича хизмат қилаётган барча соҳа мутахассисларига берилган деб ҳисоблайман. Мазкур эсдалик нишони, албатта ОИВ инфекциясига қарши олиб борилаётган тадбирларни янада такомиллаштириш ва республика аҳолисини ушбу касалликдан ҳимоя қилишда барча имконият, куч ва ғайратимизни сарф қилишга ундайди.

Нурмат ОТАБЕКОВ,
Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори.