UZ RU
04.10.2011

МУРАККАБ ОПЕРАЦИЯЛАР МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТДИ



Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу марказ ва унинг вилоят филиаллари, ҳудудий бўлимлари аҳолига сифатли тезкор тиббий хизмат кўрсатишда алоҳида ўринга эга бўлиб келаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, марказда кадрлар масаласига катта эътибор қаратилиб, улар барча хорижий давлатларда бўлиб, тажриба кўламларини бойитиб қайтмоқдалар ва мураккаб операция жараёнларини муваффақиятли бажармоқдалар. Мана олти йилдирки, марказ Жанубий Корея давлатининг Сеул миллий университети ҳамда унинг тасарруфидаги иккита клиникаси билан ҳамкорликда кардиохирургия, болалар ортопедияси, офтальмология ва пластик хирургия йўналишидаги мураккаб операция жараёнларини олиб бормоқда. Шу йилнинг 1-5 октябрь кунлари Сеул миллий университетининг клиникасидан ташриф буюрган бир гуруҳ мутахассислар билан биргаликда Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ходимлари нейрохирургия йўналишида 29 нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, шулардан 4 нафарида бош мия ўсмаси амалиётини муваффақиятли ўтказдилар.

Операция жараёнида иштирок этган кореялик мутахассислар юртимизда нейрохирургия йўналишида фаолият юритаётган малакали кадрлар меҳнатини юқори баҳолаб, улар билан биргаликда жараёнда фаол иштирок этган шифокорларимизнинг касб маҳорати ва илмий йўналишдаги ишлари таҳсинга сазовор эканлигини эътироф этишди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика аёллар кенгаши ҳамда "Фонд Форум" ҳамкорлигида олиб борилаётган "Оила саломатлиги" лойиҳаси доирасида кореялик бир гуруҳ педиатрлар меҳрибонлик уйларида бўлишиб, болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди.

Албатта бундай ҳамкорликда олиб борилаётган эзгу ниятли ишлар замирида инсон саломатлиги ётар экан, бу борада амалга оширилаётган ўзаро тажрибалар ижобий натижаларни бериб, халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг касб малакасини оширишда муҳим ўринни эгаллаб, Ўзбекистон тиббиёти равнақи юксалишида асосий пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ибодат СОАТОВА тайёрлади